Россия ўз ҳудуди узра Украина портловчи дронини уриб туширдими? Янгиликлар Yangiliklar Dunyo

Сурат манбаси, Screenshot/Telegram
Москва тарқатган хабарга кўра, Россия ҳудуди устида Украина дрони уриб туширилди.
Мудофаа вазирлиги дрон якшанба куни Украина чегарасидан 400 километр узоқликдаги Россиянинг Киреевск шаҳрига тушганини айтди.
Россия матбуоти дрон уриб туширилиши ортидан юзага келган портлаш уч кишини яралаганини айтмоқда.
Киев аввалроқ Россиянинг Украина оддий аҳолига портловчи дронлар билан ҳужум қилаётгани ҳақидаги айбловларини рад этганди. Бу ҳодиса бўйича эса Киев ҳали муносабат билдирмади.
Россия Украина ҳудудида юзлаб дронларни учирган.
Россия хавфсизлик кучларига кўра, портловчи моддаларга тўлдирилган Стриж (Ту-141) русумидаги учувчисиз учоқ маҳаллий вақт билан соат 15:20да уриб туширилди ва Киреевскнинг марказида йирик ўра пайдо бўлишига сабаб бўлди.

Сурат манбаси, Reuters
Тула вилоятидаги ушбу шаҳарда бир нечта турар жойлар шикастланган, аммо ҳеч ким оғир жароҳат олмаган. Киреевск пойтахтдан жанубда 220 километр узоқликда жойлашган.
Ўз Телеграм каналида Россия мудофаа вазирлиги Украинани ҳужум қилишга уринишда айблади.
"Тула вилоятига жойлаштирилган Россия ҳаво мудофааси тизимлари - С300 ва Панцирь-С1 аксил-учоқ ракета тизимлари ва Поле-21 электроник уруш тизимлари ишончли ҳимоя билан таъминлайди", дейилади вазирлик хабарида.
Декабрда Москва мамлакат жанубидаги Энгельс ҳаво базаси устида уриб туширилган дроннинг қолдиқлари уч ҳарбий ходимни ўлдирганини хабар қилганди.
Хабарларга кўра, Россия Украинага бостириб кирганидан бери Энгельс ҳаво базасидан Украинадаги турли нишонларга ракета ҳужумларини амалга оширишда фойдаланилмоқда.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













