Ҳукумат қўлловисиз қолган “Вагнер” Бахмутдан қочмоқчими? Россия ракеталари тугаяптими? Украина қачон қарши ҳужумга ўтиши маълум бўлди

askar

Сурат манбаси, Getty Images

"Вагнер" гуруҳи асосчиси Пригожин "шахсий армияси"ни Украинадан олиб Африкага ташламоқчи бўлаётгани айтилмоқда. Ракеталари туби кўриниб қолган Россия Украина урушида уларни ишлатиш тактитаксини ўзгартирмоқчи. Украина расмийлари қарши ҳужум қачон бошланишини айтди.

Блумберг: Пригожин "шахсий армиясини" Африкага ташламоқчи

Блумберг нашрининг "мавзудан бохабар" манбасига таяниб ёзишича, "Вагнер" гуруҳи асосчиси Евгений Пригожин гуруҳнинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларини тўхтатиб, диққатини Африкага қаратишга ҳозирланмоқда.

Россия куч тизими ходимлари ва сиёсий элита Пригожинни Владимир Путин режимига қарши етилиб келаётган таҳдид сифатида кўради ва Пригожиннинг оёғидан чалишни бошлашди, деб ёзади нашр.

Мақолада ёзилишича, Кремл жазони ўташ муассасаларидан маҳкумларни урушга ёллашни тақиқлаганидан сўнг ва ёлланма аскарларни қурол-яроқдан қисиб қўйгач "Вагнер"нинг Украинада жанг олиб бориши ўта қийин бўлиб қолди.

"Вагнер жангчилари бир неча ойдан бери уринаётган бўлса-да ва катта йўқотишлар берганига қарамасдан ҳамон ўзларининг бош мақсади - Украинанинг Бахмут шаҳрини ололмаяпти. Манбаларимизнинг сўзларига кўра, Пригожин энди диққатини яна Африкага қаратмоқчи", деб ёзади Блумберг.

Guardian: Украина тез орада қарши ҳужумларни бошлайди

askar

Сурат манбаси, Getty Images

Украина қуруқликдаги кучлари қўмондони, генерал-полковник Олександр Сирскийнинг айтишича, унинг аскарлари Россиянинг қишдаги оғир ҳужумларига матонатли туриб берганидан сўнг, тез орада қарши ҳужум бошлайди. Бу ҳақда Guardian нашри ёзмоқда.

Генерал-полковникнинг таъкидлашича, Украина шарқи ва жанубида Москва қўшинларининг энг олдида турган Вагнер жангчилари "катта талофат кўрмоқда ва сафдан чиқмоқда"

"Ўтган сафар Киев, Харков, Балаклия ва Купянскда бўлгани каби биз ушбу имкониятдан тез орада фойдаланамиз", деган у.

ISW: Россия ракета етишмаслиги сабаб зарба бериш тактикасини ўзгартириши мумкин

askar

Сурат манбаси, Getty Images

Американинг Урушни тадқиқ қилиш институти (ISW) мутахассисларига кўра, Россия қўшинлари Украина бўйлаб ракета билан зарба бериш тактикасини ўзгартириши мумкин. Энди руслар фақат ҳарбий объектларни нишонга олиши мумкинлиги айтилмоқда.

Улардаги маълумотларга кўра, Россия ракета зарбаларининг умумий сони қисқармоқда. Бу ракета заҳирасининг тугаб бораётганидан далолат беради.

Украина ҳарбий разведка бошқармаси матбуот котиби Вадим Скибицкийнинг айтишича, Россия зарбаларини Украина ҳарбий объектлари ва бир ерга тўпланган кучларга йўналтириши мумкин. Шу билан бирга Украина энергетика тизимига зарба беришда давом этади.

Скибицкийнинг таъкидлашича, Украина разведка маълумотларига кўра, Россиянинг ўтган йил 24 феврал билан солиштирганда атига 15 фоиз аниқ нишонга тегувчи ракеталари қолган. "Калибр", Х-101 ва Х-555 каби қанотли ракеталари эса умумий заҳирага нисбатан 10 фоиз қолган.

Унга кўра, Россия қолган ракеталарни тежаш учун бир ойда икки мартадан кўпроқ ҳужум қила олмайди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002