Янгиликлар, Украина уруши: Россия бу қизни нега отасидан тортиб олди?

Сурат манбаси, Olga Podolskaya
- Author, Стив Розенберг
- Role, Россия масалаларида муҳаррир, Ефремов
- Ўқилиш вақти: 2 дақ
Мана бир неча ҳафтадирки Маша Москвалёва уйида йўқ. Мана шу видео туширилган куни унинг отаси урушга қарши постлари учун ҳибсга олинди.
Маша эса болалар уйига олиб кетилди.
Бу 1 мартда юз берди, аммо можаро бир йил аввал бир расмдан бошланганди.
Уни ўшанда 12 ёшида бўлган Маша мактабда чизган. Расмда Россия ракеталари учиб келар экан, "Украинага шарафлар", "Йўқолсин уруш" деган сўзлар бор эди.
Биз Москвадан 300 чақирим масофадаги Ефремов шаҳарчасидамиз.

Маҳаллий кенгаш аъзоси Ольга Подольскаяга кўра, мактаб Машадан арз қилиб полицияни чақиргач, унинг отаси кенгашга хабар берган.
"Унинг отаси, Алексей, ларзага келганини айтди. Кейин полиция унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини текширган ва у қизини ёмон тарбиялаётганини айтган. Ҳукуматдагилар ҳамма уларга эргашинини истайдилар, ҳеч ким эркин фикр билдиролмайди", - дейди кенгаш аъзоси.
Алексей ҳозир уй ҳибсида бўлгани сабаб бизга гапиролмади.
Маша ўша расмни чизганидан бери, Алексейни икки марта Россия армиясини обрўсизлантиришда айбдор деб топишган. Энди у қамалиши мумкин.
Унинг адвокати Владимир Билиенко Алексей қизисиз қийналаётганини айтади.
"Алексей қизидан жуда хавотирда. Унга нималар бўлаётганини билмайди. Ҳукумат идоралари бу оилага ёпишиб олишган. Бунинг ортида фақат сиёсий сабаблар ётибди. Ҳаммаси қизининг ўша расмидан кейин бошланди", - дейди у.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост

Биз Маша ўқиган мактабдан муносабатини билишга уриндик. 9-сон мактаб хатларимизга жавоб бермагач, у ерга бордик, лекин бизга мактабга кира олмаслигимизни айтишди.
Қўнғироқ қилишга уриндик, натижа ўша.
Шаҳарнинг нариги чеккасида эса оиланинг тарафдорлари судга йиғилган.
"Машани отасига қайтаринг" дейилади улар кўтариб олган плакатда.

Вояга етмаганлар ишлари бўйича маҳаллий комиссия Алексейни оталик ҳуқуқидан маҳрум қилмоқчи. Комиссия ҳам бизнинг саволларимизни жавобсиз қолдирди.
Алексей Москалёв бу маҳкама ишида қатнашишни истаганди, аммо уй ҳибсини бузишга рухсат беришмади.
Судда эса унинг иштирокисиз, унинг оталик ҳуқуқлари ва қизининг ундан олиб қўйилишига ҳукм чиқарилиши мумкин.
Маҳаллий фаоллар ота ва қизга озиқ-овқатлар олиб, имконқадар ёрдам беришга уриняптилар.
Москалёвнинг қўшниларидан фикрларини сўрасак, улар гапиришни исташмади.

"Мен қўрқаман" дейди Ангелина исмли катта ёшли аёл. "Узр, - дейди яна бир қўшни, - фикр билдиришга қўрқаман."
Бу Россиядаги бугунги манзара, қўрқув муҳитига яққол мисол. Эркин фикр қабул қилинмайди, ҳатто жазоланади.
Ҳукуматдагилар ўзлари қандай қарорлар қабул қилишмасин, халқ уни сўзсиз қўллаб қувватлашини кутади.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













