Янгиликлар. Туркия: ‘Улар бир-бирисиз яшай олмасди’, ‘Тирик қолганларни ортиқ кутманг’ ёки битта уйдан нега шунча одам ўлди – аччиқ ҳақиқатлар юзага чиқмоқда Turkiya Dunyo Yangiliklar

"O'rjan" komleksi
Сурат тагсўзи, 19 ёшли Жейда мана бу капалакнусха пардани ўзининг энг яқин дугонаси Дамла билан бирга сотиб олган
    • Author, Элис Кадди
    • Role, BBC News, Искандарун, жанубий Туркия

15 хонадондан нега бор-йўғи 3 киши омон қолди?

Алоқадор мавзулар:

Туркия жанубидаги шаҳар - Искандарундаги қулаган уйнинг бир уюм вайронасида яхши сақланган дераза роми ва унинг ортида совуқ шамолда хилпираб турган капалакгул парда кўринади.

"Бу Жейданинг хонаси."

Зилзиладан олдин 19 ёшли Жейда Ўжанни ўша дераза ва парда орқали кўчага қараб турганини кўришган эди. Ҳозир эса қутқарувчилар итлари ёрдамида вайроналар орасини титиб, тирик қолганларни излар экан, унинг яқин дўсти Дамла қариндошлари билан қулаган уйга Жейда тирикмикан, дея кўз тикиб ўтирибди.

Дамла ва Жейда илк бор учрашиб, дўстлашиб кетганларида у 6, Жейда эса 8 ёшда эди. Улар капалакгул пардани яқиндагина биргаликда харид қилишган эди.

"Биз капалакларни яхши кўрардик", дейли Дамла кўзига ёш олиб. Унинг телефонидан Жейда ва опаси унинг туғилган куни учун тайёрлаган торт сурати бор. Пушти гуллар ва капалак тасвири бор торт юзига: "Сени ким кўп яхши кўради? Биз албатта!" деб ёзиб қўйилган.

Жейда яшаган "Ўржан" деб номланган кўп қаватли турар-жой Искандарун марказидаги паст қаватли пушти ва жигарранг айвонли уйлар қаторида жойлашган эди. Уларнинг биринчи қаватида дўконлар бўларди. Душанба куни соат 04:17 да 7,8 магнитудали зилзила содир бўлганида, Жейда "Ўржан"нинг бошқа турғунлари каби ухлаб ётган эди.

Уй тебраниш кучи билан пастга қулади.

Jeydaning surati
Сурат тагсўзи, Жейданинг бобоси ва бувиси бурчакдаги блокда яшаган - уларнинг хонадони ҳам вайрон бўлган

Бу ҳафта Туркия жанубидаги кўплаб бинолар вайрон бўлди, аммо бу Жейда, унинг оиласи ва "Ўржан"да яшайдиган бошқа яна 14 хонадоннинг ҳикоясидир.

Зилзиладан бир неча кун ўтгач, уларнинг дўстлари, қариндошлари "Ўржан"нинг вайронаси атрофига йиғилиб, умид қилиб қараб туришибди, яқинлари ҳақида суҳбатлашишяпти.

Чоршанба куни биз бир кундан ортиқ қазиш ишларидан сўнг вайроналар остидан Жайданинг қўшниларидан бири қутқариб олинганидан қисқа шодлик лаҳзаларига гувоҳ бўлдик.

Қутқарувчилар ва маҳаллий аҳолининг айтишича, у Жейда билан қулаган деворлар ортидан гаплашганини, Жейда эса яхши эканини айтишган.

Аммо расмийлар омон қолган одамнинг одатда ҳуши жойида бўлмаслиги, ҳаммаси улар айтгандек бўлмаслиги мумкин демоқда. Жума кунигача бошқа янгилик йўқ.

Биз норасмий қутқарувлар, хавфсиз жойларга қочаётган одамлар ва омон қолганлар учун қурилган дала касалхоналаридан хабар олиш учун кетма-кет уч кун "Ўржан"га бордик. Қутқарувчилар ва қўшнилар омон қолган уч киши ҳақида гапиришди, қолганлари бедарак йўқолган.

"O'rjan" komleksi

Сурат манбаси, ...

Йиғилганларнинг айтишича, "Ўржан" аҳли ўзаро яқин, аҳил қўшнилар бўлган, қўшнилар тез-тез бир-бирларининг уйларига чой ёки аччиқ турк қаҳваси ичиб суҳбатлашгани чиқиб туришган.

"Ўржан" ва кўчадаги бошқа хонадонларда яшовчилар WhatsApp'да гуруҳлар очиб, мунтазам гаплашиб туришган. "Бу ҳафта сизникида, келаси сафар бизникида каби, - дейди шу ерликлардан бири. - Бу туркча турмуш."

Маҳалла қанақа, деб сўраганимизда, Дамланинг амакиси, шу ердаги озиқ-овқат дўкони эгаси Амрулла қўлларини бир бирига жипслаб, "Мана шундай", деб кўрсатди.

"Ўржан" ўнлаб йиллар турди. "Ёшим элликда. Мактабга борган вақтларим унинг ёнидан ўтардик", дейди бир киши.

Маҳаллий аҳоли бизга зилзила бўлганда "Ўржан" қаторидаги бинолар "домино каби" қулаганини айтишди. Вайрон бўлган бу қаторнинг икки четидаги биноларга эса ҳеч нима қилмаган. Бу жойларда яшовчилар бир томондан енгиллик ҳис қилса, бошқа томондан ўзини айбдордек сезади.

Маҳаллий фельдшер Жансу "Ўржан"да яшаган бир нечта одамни танир эди. Унинг айтишича, зилзиладан сўнг у уйдан чиқиб, Жейда яшайдиган кўча бошига борган.

Бу қатордаги бинолар ҳозир вайрон бўлиб ётибди. Бу ерларда одам яшаганидан бир нечта из кўринади холос: Диснейнинг Frozen фильми қаҳрамонлари сурати туширилган варрак; йиртилган Қуръон; пачоқланиб кетган оқ печь; миллари қотиб қолган қизил ҳошияли соат.

Бобоси сузувчи бўлган, қўшни хонадонда яшовчи эркак Жайданинг пардаси остидаги вайроналарга қўл чўзиб, у ердан телефон олди.

У ҳали ҳам ишлаб турган ва экранига бобоси сурати қўйилган эди. Эркак аччиқ табассум қилди.

Иккинчи қават: "У жавоб бера олмайди"

63 ёшли она Шеҳвар ва унинг соқов қизи Дарё "Ўржан"нинг иккинчи қаватида яшар эди.

Қутқарув ҳаракатларини кузатиб турган қариндошлари улар доим бирга яшагани, Шеҳвар қизини парваришлаб келганини айтишади.

"У тирик бўлса ҳам, одамлар овозини эшитса ҳам, барибир овоз чиқариб жавоб бера олмайди", дейди Дарёнинг опаси Дениз. Дениз бу ерга икки соат нарида жойлашган уйидан етиб келган.

Бинодаги айни шу қаватнинг нариги томонида университет магистранти Берк яшарди. Бир одамнинг айтишича, Берк маҳаллада кўп кўринар, "Coca-Cola" кўтариб айланиб юрар, кунига бир литр кола ичмаса тура олмаслигини айтарди.

У ҳақда гапирганлар унинг "ақлли", "киришимли" ва "келишган" бўлганини айтишади.

Berkning surati
Сурат тагсўзи, Беркнинг онаси ва укаси зилзиладан омон қолишди

Беркнинг акаси Дўғукан зилзида вақтида онаси билан вайрона остида қолиб кетгани, аммо кейин қутқариб олинганини айтади. У қутқарув ҳаракатлари кўнгилдагидек бўлмагани, вайрона остида тўққиз соат қолиб кетганидан ёзғиради.

У то укаси топилмагунча ўзи ҳақида гапиришни истамаслигини айтди. Қўшниларнинг айтишича, Дўғукан зилзила вақтида уйда бўлмаган бошқа бир укасига қўнғироқ қила олган ва ёрдам сўраган, шундан сўнг қутқарувчилар уни топа олган.

Мана, неча кундирки, Беркдан дарак йўқ, унинг онаси эса жароҳатлар билан касалхонада ётибди, шифокорларга "оёғим ҳеч нарсани сезмаяпти, ўғлим эса вайрона остида қамалиб қолган" деб гапиради.

Учинчи қават: 'Улар бир-бирисиз яшай олмасди'

Учинчи қаватда она ва қиз - 64 ёшли Ҳадича ва 33 ёшли Дарё яшаган.

Қариндошларидан бири уларни Том ва Жерридек эди деб таърифлайди.

"Бири нима қилса, иккинчиси аксини қиларди. Лекин улар бир-бирисиз яшай олмасди, - дейди у. - Улар, эҳтимол, ҳозир ҳам бир-биридан бир неча сантиметр узоқда."

Дарёнинг отаси, Ҳадичанинг собиқ турмуш ўртоғи Мавлут ҳар куни улар ҳақида хабар кутади.

Mevlut
Сурат тагсўзи, Мaвлут бино қулаган пайтда қизи хавфсиз жойга ўтишга улгурганига умид қилади

У қизини "чиройли" ва "яшашга чанқоқ" дейди.

Унинг айтишича, иш жойида Дарё хавфсиз меҳнат муҳитини таъминлашга масъул бўлган.

Бу у фавқулодда вазиятда "қаерга боришни, нима қилишни, қандай ҳаракат қилишни" билишини англатарди.

Ота некбин кайфиятда, қизининг қобилиятига ишонади, у "онасини ва бошқаларни бинода хавфсиз жойга олиб борганига" умид қилади.

Тўртинчи қават: 'Жейда яна жилмаяди'

Жейда ота-онаси билан тўртинчи қаватда яшар эди. Унинг опаси уйдан чиқиб кетган, лекин яқинда яшар эди. Йиғилган қўшниларнинг айтишича, опаси зилзиладан кейин "Ўржан"га келганида ҳушидан кетиб қолган ва уни олиб кетишга мажбур бўлишган.

Унинг бобоси ва бувиси ҳам шу ерга яқинда яшаган. Зилзила натижасида улар яшаган бино ҳам вайрон бўлган.

Қариндошлар уларни аҳил оила, ота-оналарини эса идеал жуфтлик эди дейди.

Жейданинг отаси Ченгизнинг эҳтиёт қисмлар дўкони бор эди. Унинг онаси икки қизидан айрилган. Қариндошлар эса мабодо Жейда қутқариб олинса, у ота-онасидан айрилишни кўтара олармикан деган хавотирда.

Jeydaning tug'ilgan kunidagi tort
Сурат тагсўзи, "Сени бу дунёда энг кўп ким яхши кўради? Биз, албатта!"

Жейдани кўпчилик яхши танир ва яхши кўрар эди. Ҳозир унинг ҳозирги ва собиқ йигити ҳам уни қидиришга қўшилган.

Уни очиқкўнгил ва ўйчан эди дейишади. Бу йил Дамла билан бирга Истанбулдаги университетга кириш учун астойдил тайёрланаётган эди.

"Қаҳва ичгани кўп борарди", дейди Дамла ва дугонаси ўзининг оқ Volkswagen машинасида дўстларини тез-тез сайрга олиб борганини қўшимча қилади.

Ҳозир машина вайрон бўлган турар-жой биносидан бир неча метр нарида турибди. Олди ойнаси синган. Ичида қизил жажгалка турибди.

Жума куни қутқарувчилар Жейданинг деразасидан чақиришди: "Бу ерда тирик одам борми?" Сўнг оғир техника бино бўлакларини сура бошлади.

Дамланинг айтишича, у ҳали ҳам Жейданинг топилишига ва у "яна табассум қилишига" ишонади.

Бешинчи қават: 'Бу ерда қанча вақт бўлдим?'

Бино ёнида туриб, унда яшаган одамлар ҳақида дўстлари ва қариндошларидан сўраб турганимизда, бир кишини чиқариб олишди.

Бу жуда меҳрибон, ёши 50 дан ошган ёлғиз она Фардана эди.

У Жейда билан гаплашганини айтган тирик қолган одам эди.

Қутқарувчиларнинг айтишича, у жароҳатланган ва стресс ҳолатида бўлган, касалхонага олиб кетилган, ўғли унинг ёнида экан.

Ишчилардан бирининг сўзларига кўра, уни олиб кетишганда, у қанча вақт вайрона остида бўлганини сўраган.

Ўғли: "Уч кун, она", деб жавоб берган. У олти кун деб ўйлаган экан.

Бироқ, жума куни қутқарувчилар воқеа жойида турган қариндошларга тирик қолганларни энди кутмаслик кераклигини айтишди.

Агар кимдир тирик қолган бўлса, мўъжиза бўлади, дейишди улар.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.