Янгиликлар: НАТО қўлламоқчи - Туркия энди ўзига кела оладими? Ўзбеклар-чи? Turkiya Zilzila Dunyo Yangiliklar

Hatay

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Этник ўзбеклар зич яшовчи Туркиянинг Ҳатайидаги қутқарувчилар

Туркия ва Суриядаги зилзилалар ўн минглаб одамларни жароҳатлади ва ҳаётига зомин бўлди, расмийлар эса оғир аҳволга тушиб қолди.

Бу қадар катта фалокатларда жабрланганларга қандай ёрдам бериш мумкин?

Алоқадор мавзулар:

Қутқарув ва ёрдамни режалаштириш

Идеал ҳолатда, табиий офатлар кўп бўладиган давлатлар ҳукуматларида аниқ режалар бўлади. Бу кўпинча маҳаллий жамоат ва хусусий компания ва ташкилотлар билан уларининг ускуналари ва тажрибасидан фойдаланиш бўйича келишувларни ҳам қамраб олади.

Мисол учун, зарар кўрган ҳудудларда экскаватор ва бульдозер каби оғир транспорт воситалари топиш керак бўлади.

Уларсиз ёрдам борадиган йўлларни ва асосий йўналишларни тозалаш қийин бўлиши мумкин.

Adana

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Туркиянинг Аданаси яқинидаги зилзила сабаб ишдан чиққан йўл

Туркия расмийларига кўра, ҳозирда 5 мингдан ортиқ машина қутқарув ишларига жалб қилинган. Жумладан, жабрланган ҳудудларга сув етказиб берувчи юк машиналар.

Шунингдек, ҳудудда маҳаллий ва хорижий 96 мингдан ортиқ қутқарувчилар бор.

Бироқ ҳозиргача Туркияда ҳукумат кўраётган чораларни айрим мухолиф гуруҳлар ва жабрланган ҳудудлар аҳолиси танқид қилган. Бунга жавобан Президент Эрдоған: "Бундай фалокатга тайёр бўлиш имконсиз", деди.

Сурияда ҳукумат исёнчи гуруҳлар назорати остидаги ҳудудларга ёрдам бериши даргумон, бу эса табиий офат оқибатларини юмшатишни янада мураккаблаштиради.

Қишки совуқ ҳаво ва инфратузилманинг жиддий шикастланиши ҳам қутқарув амалиётларини қийинлаштирди, дейди Туркиянинг Чаноққалъа Ўн саккизинчи март университетининг табиий офатларни бошқариш бўйича мутахассиси профессор Эбру Жаймаз.

"Ҳеч ким [Туркияда] кетма-кет иккита йирик зилзила содир бўлишини ва у бир вақтнинг ўзида 10 та шаҳарни вайрон қилишини кутмаган эди", дейди у.

Электр, транспорт ва алоқа

Фавқулодда вазият зонасига таъминот ва ёрдам гуруҳларини юбориш муҳим инфратузилманинг бўлиши ва ишлашини талаб қилади.

Электр узилишлари ва газ қувурларининг шикастланиши сабабли Туркия ҳукумати мобил генераторлар ва автомобилда сиқилган табиий газ етказиб бериши керак бўлади.

Шунингдек, интернетда узилишлар кузатилгани боис, қутқарувчилар алоқада бўлиш учун мобил СМС хабарларга таянишга мажбур бўлди.

Газиантеп ва Қаҳрамонмарашдаги аэропортлар сешанба оқшомига қадар ёпилди, ҳозир чекланган шаклда ишламоқда.

Antakya

Сурат манбаси, Maxar Technologies

Сурат тагсўзи, Туркиянинг жанубий Антакья шаҳридаги аэропорт учиш-қўниш йўлагини таъмирлаш ҳаракатлари

Газиантепдан тахминан 170 км ғарбда жойлашган Адана аэропорти доимий ишлаб турди ва кўплаб маҳаллий ва хорижий қутқарув гуруҳлари шу аэропорт орқали келди.

Ҳаво кўприги қурилди, 160 та самолёт жабрланган ҳудудларга қутқарувчилар ва техникаларни етказди. Бундан ташқари, Туркия расмийларига кўра, 22 та денгиз флоти ва қирғоқни қўриқлаш кемаларидан фойдаланилмоқда.

Зилзила рўй берган ҳудуд жанубида жойлашган Антакя аэропорти ёпилган, аммо сунъий йўлдош тасвирларида кўринганидек, у ерда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Минтақанинг асосий денгиз порти Искандарун зарар кўрган ва ёпилган, кемалар бошқа жойларга йўналтирилган.

Iskenderun porti

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Искандарун портидаги зилзила туфайли юз берган ёнғиннинг ҳам зиёни кам бўлмади

Тиббий ёрдам ва бошпана

Зилзиладан кейинги дастлабки соатлар ва кунларда тез тиббий ёрдам ва адёл керак.

Буларни етказиб бера оладиган халқаро ёрдам агентликларининг заифроқ мамлакатлар учун ҳукуматлар билан тузилган режалари бўлади, дейди Британия хайрия ташкилотлари гуруҳи бўлган Фавқулодда вазиятлар қўмитасидан Мадара Хеттиараччи.

Hatay

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Туркиядаги ёрдам ходимларидан ёқиш учун ўтин олаётган одамлар

"Хорижий ёрдам агентликларида қутқарув операциялари бўйича ўқитилган маҳаллий ишчилар ва тиббий тажрибага эга ходимлар бўлади", дейди у.

"Уларнинг омборларида чодирлар, кўрпа-тўшаклар ва тиббий асбоб-ускуналар олдиндан тайёр туради, электр генераторлари ва бошқа жиҳозлар билан таъминловчи маҳаллий компаниялар билан ҳам шартномалари бўлади."

Туркия ҳукуматининг билдиришича, зилзиладан жабр кўрган ҳудудларга 92,7 мингдан ортиқ чодир юборилган, бундан ташқари, ҳудуднинг ўзида ҳам 50 мингга яқин чодирлар бўлган.

Бироқ, Суриянинг бир қисми каби баъзи ҳудудлар ташқаридан келадиган таъминотга таяниши керак бўлади.

"Бизда мавжуд дори-дармонлар Сурия шимоли аҳолисининг 20 фоизини ҳам қондира олмайди", дейди маҳаллий шифокорлардан бири Би би сига.

Овқат ва бошқа маҳсулотлар

Туркияда таъминот ва табиий офатларга ёрдам беришни марказлаштирилган шаклда ташкил этиш ва мувофиқлаштириш учун мўлжалланган фавқулодда чоралар режаси бор.

Ушбу режанинг асосий жиҳати шундаки, унда озиқ-овқат каби нарсаларга маҳаллий эҳтиёжлар ҳисобга олинади, дейди профессор Жаймаз.

"Озиқ-овқат захиралари бу ҳудуд учун етарли эди", дейди у.

Ташқи ёрдам

Халқаро ёрдам одатда БМТ агентлиги томонидан мувофиқлаштирилади.

Катта табиий офат юз берганда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Табиий офатларни баҳолаш ва мувофиқлаштириш хизмати 12-48 соат ичида дунёнинг исталган нуқтасига жойлаштирилиши мумкин. Унинг гуруҳларида махсус тайёргарликдан ўтган ва яхши жиҳозланган фавқулодда вазиятлар бўйича тажрибали менежерлар ишлайди.

Улар БМТ ва мамлакат ҳукумати сўрови асосида жабрланган давлатга ҳеч қандай тўловларсиз жойлаштирилади.

Табиий офат ҳудудида БМТнинг бошқа бир қатор агентликлари ва гуманитар ташкилотлар, жумладан, Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой ҳам фаолият юритади.

Улар Сурия шимолидаги давлат ёрдами етиб бормайдиган ва маҳаллий инфратузилма заиф бўлган ҳудудларга ёрдам беришда айниқса муҳим бўлиши мумкин.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek