Келажак ва очлик: Кўп асрлик буғдой одамзодни қутқарадими? Dunyo Yangiliklar Iqlim

Сурат манбаси, BBC/TONY JOLLIFFE
Иқлим ўзгараётган бир шароитда дунёни тўйдириш учун ечим 300 йиллик музей коллекциясида бўлиши мумкинми?
Табиий тарих музейи архивида сақланаётган 12 минг буғдой намунасини ўрганаётган олимлари ана шундан умид қилмоқда.
Энг истиқболли намуналар геномлари янада чидамли буғдой навларининг генетик сирларини очиш учун секвенсланмоқда (генетик кодлар аниқланмоқда).
Иқлим ўзгариши, зараркунандалар ва турли касалликлар экинларга зарар беради.
Эски буғдой навлари музей омборларида қатор-қатор тартиб билан тикилган юзлаб эски картон қутиларда сақланади. Уларнинг ҳар бирида уч асрлик қуритилган барглар, поялар ёки бошоқлар бор.
Уларнинг ҳар бири диққат билан белгиланган, кўпчилигида қаерда ва қачон топилганлиги ҳақида батафсил маълумот мис плиталарга чиройли қилиб ёзиб қўйилган. Буларнинг барчаси фойдали маълумотлардир.
"Тўплам 1700 йилларга бориб тақалади, масалан, капитан Кукнинг Австралияга биринчи саёҳати вақтида келтирилган намуна", дейди Ларисса Уэлтон. У архивни рақамлаштираётган жамоа аъзоси.
Жеймс Кук келтирган намуна ёввойи буғдой ўсимлигидир. У юпқа ва майсага ўхшайди, бу ҳозирги далаларда ўсадиган навлардан катта фарқ қилади. Аммо жамоани айнан ана шу фарқлар қизиқтиради.

Сурат манбаси, BBC/TONY JOLLIFFE
"Бизда турли қишлоқ хўжалиги технологиялари жорий этилишидан олдинги намуналар бор, шунинг учун улар бизга буғдойнинг ёввойи табиатда, дейлик, сунъий ўғитлар пайдо бўлмасдан илгари қандай ўсганлигини кўрсатиши мумкин."
Нима учун буғдой муҳим?
Буғдой дунёдаги энг муҳим экинлардан бири - ундан нон ва макарондан тортиб, кўплаб турдаги озиқ-овқатлар тайёрланади ва таомномамизнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Кўп ғалла етиштирувчи Украинадаги уруш глобал таъминотга таҳдид солди.
Аммо бу ягона муаммо эмас: иқлим ўзгариши ва у олиб келадиган экстремал об-ҳаво ўз таъсирини ўтказмоқда ва олимлар ҳисоб китобига кўра, глобал ҳароратнинг 1 даражага кўтарилиши глобал миқёсда етиштириладиган буғдойни 6,4% гача камайтириши мумкин.
Зараркунандалар ва касалликлар ҳам жиддий муаммоларни келтириб чиқаради, бу эса ҳар йили режалаштирилган йиллик ҳосилни тахминан бешдан бир қисмга камайтиради.
Замонавий буғдой навлари шароитга мослашиши қийин. 1950 ва 1960 йиллардаги Яшил инқилоб ортидан фермерлар энг кўп дон берадиган навларни етиштира бошлади. Аммо энг юқори ҳосил олишга интилиш сабабли бошқа навлар, жумладан, экстремал шароитларга бардош бера оладиган экинлар четга суриб қўйилди ва буғдой хилма-хиллиги камайди.
Табиий тарих музейи генетиги, доктор Метю Кларк тушунтиради: "Биз йўқолган навлар бор-йўқлигини кўрмоқчимиз, биз уларни аниқлаб, замонавий навларга қайтаришимиз мумкин".
Аҳоли сони ортиб бораётганлиги сабабли, дунё буғдойга кўпроқ муҳтож бўлади - 2050 йилга бориб, дунё аҳолиси 60% га ошади, деб тахмин қилинади. Шу боис олимлар буғдойнинг ҳозирда етиштириб бўлмайдиган жойларда ўсиши мумкин бўлган навларини, шунингдек, ўзгарувчан муҳитга бардош бера оладиган экинларни топишлари керак.
"Масалан, кўпроқ иссиқ, қуруқ иқлимда ўсадиган экинлар ҳақида билиш ривожланаётган мамлакатларга озиқ-овқат таъминотини оширишга ёрдам бериши мумкин", дейди доктор Кларк.
У буни анъанавий ўсимликларни кўпайтириш, генетик модификация ёки генларни таҳрирлаш орқали амалга ошириш мумкин дейди. Бунда керакли генлар қўшилади, олиб ташланади ёки алмаштирилади.

Сурат манбаси, BBC/TONY JOLLIFFE
Норичдаги Жон Иннес маркази олимлари ҳам эски буғдой намуналарини ўрганмоқда.
Уларнинг Уоткинс коллекцияси деб номланган архивида бутун дунёдан тўпланган ёши 100 дан ортган навлар бор. Улар 4° С ҳароратда сақланади, шунинг учун уруғлар ҳали ҳам яшовчан, яъни уларни экиш ва ўстириш мумкин.
"Биз янги ва фойдали генетик навларларни қидиряпмиз", деб тушунтиради доктор Саймон Гриффитс коллекцияни кўздан кечирар экан.
"Шундай қилиб, касалликларга, стрессга чидамлиликни, ҳосилдорликни ошириш, ўғитдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсаддир."
Жон Иннес жамоаси бир неча эски навларни олиб, уларни замонавийлари билан чатиштирмоқда ва бунда баъзи муваффақиятларга эришган.
"Сариқ занг деб аталадиган глобал муаммо бўлган жуда жиддий буғдой касаллиги бор ва уни назорат қилиш тобора қийинлашиб бормоқда", дейди доктор Гриффитс.
"Ушбу касалликка чидамли эски буғдой навлари бор ва селекционерлар буғдой етиштиришга жиддий таҳдиддан ҳимоя яратиш учун ҳозир ундан фойдаланмоқдалар."
Жамоа янада тўйимли буғдой навларини топишдан ҳам манфаатдор.
"Буғдойда нима бор? Биз буғдойнинг тола ва минерал таркибини оширишимиз мумкин», дейди у.
"Замонавий буғдой етиштирувчилар ҳали тўла фойдаланилмаган жуда кўп навлар мавжуд ва биз буни уларга етказишимиз мумкин деб ўйлаймиз."
Биз етиштирадиган ҳозирги буғдойни ўзгартиришга тўғри келади - олимлар ўтмишга қараш ва йўқолган навларни қайта топиш энг яхши йўли бўлиши мумкинлигига умид қилмоқда.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












