Путин матбуотдан уяляптими? 10 йилда илк марта у матбуот анжуманини бекор қилди Rossiya Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Tass
Россия Президенти Владимир Путин охирги 10 йил ичида илк марта ўзининг одатий матбуот анжуманини ўтказмади.
Унинг воизи Дмитрий Песков "президент матбуотга гапиришга имконият топиши"га умид қилишини билдирди.
Матбуот анжумани нега бекор қилингани айтилмади, аммо бу россияликлар орасида Путиннинг Украинага бостириб киришидан норозилик кайфияти ошиши манзарасида юз бермоқда.
Россия февраль охирида Украинага бостириб кирганидан бери рус армияси кўп йўқотишлар ва талафотларга учраган.
"Матбуот анжуманига келсак, йўқ, у Янги йилдан олдин ўтказилмайди", деди Песков журналистларга. Аммо, унинг айтишича, Путин мунтазам равишда оммавий ахборот воситалари билан мулоқот қилади.
Ўтган 10 йил давомида эҳтиёткорлик билан уюштирилган йиллик матбуот анжуманида ўнлаб россиялик ва хорижий журналистлар иштирок этарди. Москвада ўтадиган ушбу анжуман соатлаб давом қилган.

Сурат манбаси, Getty Images
Путин оддий россияликларга ўзини яқин қилиб кўрсатиш учун давлат телевидениесида чиқиб, кўплаб саволларга сабр билан жавоб берган. Саволлар сирасига вилоятлардаги йўлларнинг абгор аҳволидан тортиб катта геосиёсий воқеъликлар кирган.
Аммо, қатор мухолифат фаоллари матбуот эркинлиги бўлмаган Россияда бу каби тадбирлар Кремлга ҳайрихох саволлар сўраладиган театр томошаларига ўхшаганини айтганлар.
Уларнинг айтишича, журналистлар орасида мустақил журналистлар бўлган, аммо уларга ҳар доим ҳам савол сўраш имконияти берилмаган.
Қандай бўлмасин, бу каби анжуманларни Кремлдаги лидер Россияни қай томонга етаклаётганига ишораларни илғашга уринган халқаро сиёсатчилар кузатиб боришган.
Ўтган июнь ойида ҳам Кремль Путиннинг оддий одамлар билан ўтказадиган йиллик телефон суҳбатини ҳам кечиктирди ва янги санани белгиламади.
Путин йил охиригача, конституцияга биноан, халққа мурожаат билан чиқиши керак. Песков бу масала ҳозирда кўриб чиқилаётганини билдирди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














