Испанияда Украина элчихонаси, ҳарбий база ва бош вазирга юборилган бомба-мактублар аниқланди

Мадрид яқинидаги Торрехон-де-Ардос ҳарбий базаси

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Мадрид яқинидаги Торрехон-де-Ардос ҳарбий базаси

Испания Мудофаа вазирлиги хабар қилишича, пойтахт Мадрид яқинидаги ҳарбий базасида жойлашган Европа Иттифоқи ваколатхонасига учинчи портловчи модда почта орқали келгани аниқланди.

Ҳозирча тасдиқланмаган хабарларга кўра, яна бир - тўртинчи портловчи модда Испания мудофаа вазирлигига келган пакет ичида топилди.

Мадрид яқинидаги Торрехон-де-Ардос ҳарбий базасида конверт электрон асбоблар билан текширилганида, унинг ичида «қандайдир механизм» борлиги сезилган.

Атрофни хавфсизлантириш учун базага полиция чақирилган, терговчилар ҳозирда ЕИ ваколатхонасига юборилган конвертни текширишмоқда.

Ушбу ваколатхона Европа Иттифоқининг умумий ташқи ва мудофаа сиёсатини қўллайди. Сайтида ёзилишича, унда фазодаги жосуслик жиҳозлари борасида маълумот йиғиб борилади. Ўтган сентябрда ЕИ нинг ташқи ишлар бўйича раҳбари Жозеп Боррел бу тизимларни «Европа кўзлари» деб атаганди.

Шунингдек, бу ҳарбий база Испания томонидан Украинага ёрдам сифатида берилган қурол-аслаҳаларни жўнатиш, ҳамда юқори даражали сиёсатчиларнинг расмий учоқлари қўниб ўтиши учун фойдаланилади.

Бир кун аввал Украина элчихонасида мактуб портлаган.

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, Бир кун аввал Украина элчихонасида мактуб портлаган.

Бир кун аввал Мадриддаги Украина элчихонаси ходими Украина элчисига юборилган пакетни очиши оқибатида енгил жароҳат олган. Пакет ичида портловчи модда борлиги аниқланган.

Бу ҳодиса ортидан Киев дунё бўйлаб ўзининг барча элчихоналаридаги хавфсизлик чораларини кучайтирди.

Кейинроқ эса, полиция хабар қилишича, Украинанинг Мадриддаги элчиси ва Сарагоса шаҳридаги Instalaza қурол ишлаб чиқарувчи компаниясига юборилган яна иккита бомба-мактублар аниқланди.

Instalaza Испания Украинага етказиб берган С90 ракета тизимларини ишлаб чиқаради.

Пайшанба куни Испания ташқи ишлар вазирлиги ўтган ҳафта Испания бош вазири Педро Санчес ҳам Украина элчихонасида портлаган хатга ўхшаш хатни олганини билдирди.

"Пиротехник модда"га эга бўлган ва Санчесга юборилган мактуб 24 ноябрда келиб тушди ва хавфсизлик хизмати томонидан аниқланди, дейилади ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.