Украина урушидаги жиноятлар учун Путин ва Россияни жазолаб бўладими? Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Руслар қилган жиноятлар: Путин ва Россияни жазолаш мумкинми?
Украина президенти Владимир Зеленский Россия қўшинлари Херсонни тарк этишдан олдин 400 дан ортиқ ҳарбий жиноят содир этган бўлиши мумкинлигини айтди.
Украина маълумотларига кўра, февраль ойидан бери Россия қўшинлари камида 34 минг эҳтимолий ҳарбий жиноят содир этган.
Уруш жинояти нима?
Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси "Урушда ҳам қоидалар бор" дейди.
Улар бошқа халқаро қонунлар ва битимлар билан бир қаторда Женева конвенциялари деб аталадиган шартномаларда баён этилган.
Қуролли кучлар тинч аҳолига, шунингдек, уларнинг омон қолиши учун зарур бўлган инфратузилмага атай ҳужум қила олмайди.
Баъзи қуроллар, пиёдаларга қарши миналар, кимёвий ёки биологик қуроллар каби одам ажратмай ўлдирадиган қуроллар тақиқланган.
Беморлар ва ярадорлар, шу жумладан, ҳарбий асирлар ҳуқуқига эга ярадор аскарларга ғамхўрлик қилиш керак.
Бирор гуруҳни қириб ташлаш, зўрлаш ёки оммавий таъқиб қилиш каби оғир жиноятлар "инсониятга қарши жиноятлар" ёки баъзи ҳолларда «геноцид» деб аталади.
Украинага кўра, Херсонда нима бўлди?
Президент Зеленскийнинг айтишича, Херсон вилояти терговчилари аллақачон рус қўшинлари томонидан босиб олинган ҳудуддаги 400 дан ортиқ ҳарбий жиноятларни ҳужжатлаштирган.
"Ўлган тинч аҳоли ва ҳарбий хизматчиларнинг жасадлари топилди", деди у телевидение орқали қилган мурожаатида. "Россия армияси мамлакатнинг ўзи кирган бошқа қисмларида бўлгани каби бу ерда ҳам ваҳшийлик қилган."
Херсон вилоятининг Россия томонидан босиб олинган ҳудудлари аҳолиси журналистларга рус қўшинларининг қотилликлари ва одамларнинг ўғирланиши ҳоллари ҳақида гапирди, бироқ Би би си бу хабарларни мустақил равишда тасдиқламади.
Россия ўз қўшинлари тинч аҳолини атай нишонга олгани ёки босиб олинган ҳудудларда ваҳшийлик содир этганини рад этади.
Россия Украинада яна қандай ҳарбий жиноятларда айбланмоқда?
Украина Бош прокурори Андрей Костин сентябрь ойида унинг идораси Россия кучлари томонидан содир этилган 34 минг эҳтимолий ҳарбий жиноятни ҳужжатлаштирганини ва геноцид бўйича ишни тайёрлаётганини айтди.
Украинанинг авваллари Россия кучлари томонидан босиб олинган бир қанча ҳудудларида оммавий қабрлар, жумладан, айрим жойларда қийноқлар излари билан тинч аҳоли жасадлари топилган.
- Апрель ойида Киев чеккасидаги Буча шаҳрида 400 дан ортиқ тинч аҳоли жасади топилган.
- Сентябрь ойида Харков вилоятининг Изюм шаҳридаги оммавий қабрлардан 450 нафар, асосан тинч аҳолининг жасади топилган.
- Март ойида рус қўшинлари Мариуполдаги болалар учун бошпана сифатида фойдаланилган театрга ҳаво ҳужуми уюштирди.
- Март ойида Мариуполдаги шифохона ҳам шикастланган.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат манбаси, Reuters
Қандай қилиб уруш жиноятлари учун жавобгарликка тортилиш мумкин?
Украина судлари аллақачон бир россиялик ҳарбийни жиноий жавобгарликка тортган.
Россиялик танк командири, 21 ёшли Вадим Шишимарин босқин бошланганидан бир неча кун ўтиб шимоли-шарқдаги Чупаховка қишлоғида қуролсиз тинч аҳоли вакили, 62 ёшли Александр Шелиповни отиб ўлдиргани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Бироқ, ҳарбий жиноятлар учун алоҳида аскарларни жавобгарликка тортиш ҳарбий қўмондонлар ёки юқори мартабали сиёсатчилардан кўра осонроқ бўлиши мумкин.
Human Rights Watch вакили Ҳью Уилямсоннинг айтишича, "буйруқлар занжири"ни аниқлаш келажакдаги ҳар қандай даъволар учун, жумладан, раҳбар ваҳшийликка рухсат берганми ёки кўз юмганми, буни асослаш учун жуда муҳим.
Халқаро жиноят суди (ХЖМ) 2013 йилдан буён, яъни Қрим Россия томонидан аннекция қилинмасдан олдин, Украинадаги уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятларни тергов қилиб келади.

Сурат манбаси, Getty Images
Унинг бош прокурори, британиялик ҳуқуқшунос Карим Хон уруш жиноятлари содир этилганига ишониш учун асосли далиллар бор, деб ҳисоблайди.
Бироқ ХЖС гумонланувчиларни ҳибсга олиш ваколатига эга эмас, Россия ушбу судни ташкил этиш бўйича келишувни имзоламаган, шу боис гумонланувчиларни экстрадиция қилиши даргумон.
ХЖС одатда суд тизими жуда заиф бўлган мамлакатларда уруш жиноятларини таъқиб қилишни ўз зиммасига олади.
Шунга қарамай, Украина судлари ўз ишларини бошлашлари мумкин. Август ойи охирига келиб унинг бош прокурори 135 нафар ҳарбий жиноятчиларга айблов эълон қилди.
ХЖС сиёсий лидерларга қарши "босқинчилик уруши олиб бориш" учун жиноят иши қўзғатиши мумкин. Бу ўз-ўзини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмаган асоссиз босқин ёки урушни назарда тутади.
Бироқ, Лондон Университет коллежи халқаро ҳуқуқ эксперти профессор Филипп Сандснинг айтишича, ХЖС бунинг учун президент Владимир Путин каби Россия раҳбарларини жиноий жавобгарликка торта олмайди, чунки мамлакат судда иштирок этмайди.
Назарий жиҳатдан, БМТ Хавфсизлик Кенгаши ХЖСдан ушбу жиноятни тергов қилишни сўраши мумкин. Аммо Россия бунга вето қўйиши тайин.
Профессор Сэндснинг айтишича, жаҳон етакчилари Украинадаги босқинчилик жиноятини таъқиб қилиш учун бир марталик трибунал тузиши керак.














