Байден ва Ши учрашуви: Америка Хитой билан янги совуқ уруш бўлмаслигини айтди Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
АҚШ Президенти Жо Байден Хитой раҳбари Ши Жинпин билан ярашув кайфиятида ўтган учрашувидан сўнг Хитой билан "янги совуқ уруш" бўлмаслигига ваъда берди.
У, шунингдек, Хитой Тайванни босиб олишига ишонмаслигини айтди.
Бу жаноб Байден лавозимга келганидан бери икки қудратли давлат етакчиларининг биринчи юзма-юз учрашуви бўлди.
Икковлон Индонезиядаги Йирик 20 саммитидан бир кун олдин Балидаги музокараларда Шимолий Корея, ҳамда Россиянинг Украинага бостириб кириши масаласини ҳам муҳокама қилган.
Ҳар иккиси ҳам Украинада ядро қуролидан фойдаланишга қарши эканликларини билдирди. Владимир Путинни урушни тўхтатишга кўндиришга чақирилган жаноб Ши Хитой тинчлик тарафдори эканини такрорлади ва "мураккаб муаммонинг оддий ечими йўқ»лигини қўшимча қилди.

Сурат манбаси, Reuters
Жаноб Байден ўзининг матбуот анжуманида "Хитой Шимолий Кореяни назорат қила олишига ишончим комил деб айтишим қийин", деди. Аммо у, шунингдек, жаноб Ши жанобларига Хитойнинг Пхенянни навбатдаги ядровий қурол синовини ўтказишдан қайтариш мажбурияти борлигини айтди.
Жаноб Ши келганидан кўп ўтмай, ҳашаматли меҳмонхонада бўлиб ўтган уч соатлик учрашувнинг диққат марказида асосан Тайвань бўлди.
Пекин томонидан Хитойники дея даъво қилинган ва мустақил бошқариладиган орол АҚШни иттифоқчи деб билади ва у АҚШ-Хитой муносабатларида доимо оғриқли мавзу бўлиб келган.
Август ойида АҚШ Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелоси Тайванга ташриф буюрганида кескинлик авж олди. Хитой бунга жавобан орол атрофида кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказди, ва бу АҚШ ва Хитой ўртасида юзага келиши мумкин бўлган ҳарбий можаро хавотирларини уйғотди.
Душанба куни Хитой давлат оммавий ахборот воситаларида чиққан хабарда айтилишича, жаноб Ши Тайвань "Хитойнинг асосий манфаатлари ўзаги ва АҚШ-Хитой муносабатларида босиб ўтилиши мумкин бўлмаган биринчи қизил чизиқ" бўлиб қолаётганини таъкидлаган.

Сурат манбаси, Reuters
Охирги ҳафталарда АҚШ расмийлари Хитой Тайванга бостириб кириш режаларини кучайтириши мумкинлигидан огоҳлантирдилар.
Душанба куни журналистлар жаноб Байдендан «бу хабарларга ишонасизми ёки янги Совуқ уруш бошланмоқда деб ўйлайсизми», деб сўрашди.
"Мен янги Совуқ уруш бўлмаслиги кераклигига мутлақо ишонаман. Мен Ши Жинпин билан кўп марта учрашганман ва биз бир-биримиз билан очиқ ва самимий гаплашдик. Менимча, Хитой томонидан Тайванга яқин орада бостириб киришга уриниш йўқ», - деди у.
"Мен бўғозлар бўйлаб муаммолар тинч йўл билан ҳал қилинишини кўришни хоҳлаётганимизни очиқ айтдим ва шунинг учун бу [уруш] ҳеч қачон бўлмаслиги керак. Ва мен у нима деяётганимни тушунганига аминман, мен унинг нима деяётганини тушундим".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














