Украина Донбассни Россия қўлидан тўла қайтариб ололадими? - Видео Ukraina Rossiya Dunyo Yangiliklar

- Author, Квентин Соммервил
- Role, BBC News, Донбасс, Украина
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Украинадаги ҳукумат кучлари қиш келгунча ташаббусни рус аскарларидан тортиб олишга ҳаракат қилмоқда. Жанубда аллақачон қарши ҳужум давом этмоқда, энди украиналиклар Донбасс ва шимолдаги Харков атрофидаги йўқотилган ерларни қайтариб олиш учун уни шарққа кенгайтиришга тайёрланмоқда. Квентин Соммервил ва оператор-журналист Даррен Конвей Украина қўшинлари бўлинмасига эксклюзив қўшилиш ҳуқуқига эга бўлди.
Ҳаво ёнаётган кунгабоқар ҳидига тўла, рус кассетали бомбаларининг далаларга тушаётгани, боши эгик, йиғимни кутиб турган экинларга ўт қўйгани эшитилади.
Дала бўйлаб ўзиюрар қурол гумбурлайди, унинг ғилдираклари бой Донбасс заминини топтаб ўтмоқда. Миллий гвардия Украина шарқидаги ушбу ҳудудни - Владимир Путин ўзининг ҳарбий мақсадлари учун асосий деб атаган ҳудудни тутиб турибди. Унинг айтишича, бу ер "босқичма-босқич" эгалланади. Аммо ҳозирча Россиянинг илгарилаши секинлаб, имиллаб қолган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
Ҳавода, тутун ва чанг орасида муаллақ қолган бир нарса бор - кутиш. Бу ерда, Донбассда ва ундан шимолда, Украинанинг иккинчи шаҳри Харков чеккасида мамлакат кучлари қарши ҳужумга тайёрланмоқда.
Мен яқинда жанубдаги, Херсон яқинидаги армия постларидан келдим. Бу стратегик муҳим Днепр дарёсининг ғарбий қисмида рус қўшинлари томонидан қўлга киритилган ягона шаҳардир. Ўша қўшинлар ҳозир жанубда узоқ вақт режалаштирилган қарши ҳужумда камида учта жойда Россия линияларини бузиб ўтган кучларни қўллаб-қувватламоқда. Операция давом этар экан, Украина томони репортажларга нисбатан қаттиқ чекловлар қўйди.

Мана, Донбассда биров ғинг демайди. Менга борадиган жой ҳақида олдиндан хабар берилмади ва бўлинманинг матбуот хизмати полк номини айтмасликни сўради. У биз суратга олган йигитлардан идентификация белгиларини олиб ташлади.
Дарахтлар тагида, артиллерия отишмалари овози остида, 35 ёшли Артём биз Сиверск шаҳридан шимолда, Россия фронт чизиғидан тахминан 8 км узоқликдамиз, дейди. «Уларга қанчалик яқинлашасиз?» деб сўрайман. "Ўттиз метр, - деб жавоб беради у, - кўришни хоҳлайсизми?"
Буларнинг барчаси мудофаа позициялари, аммо Херсон атрофидаги муваффақият сабабли кўпчилик бу ерда ва шимолда янги ҳужумлар режалаштирилган деб ўйлайди.
Мени Сварог исмли қизил сочли қўриқчига топширишди. У 26 ёшда, соқолли, "Соқолсиз бўлганимда 18 ёшга ўхшардим", дейди у жилмайиб. Аммо бу урушда олти ойлик жанглардан сўнг ва ундан олдин Донбассда уруш уни анча қаттиқлаштирган.
Унинг бўлинмаси июль ойида энг оғир жангларни яқин атрофдаги Лишанск ва Северодонецк шаҳарларида кўрди, у ерда душман кучлари сезиларли даражада кўп эди.
Бу ерда жанглар бошқача. "Улар унчалик кўплашиб ҳужумга ўтмайди, - дейди Сварог. - Улар энди батальон бўлиб эмас, взвод, отряд бўлиб олдинга юришяпти. Бир қисм командирининг тушунтиришича, далада учта рақибга бир киши бор. Северодонецкда бирдан еттигача эди.
Улар мени пиёда энг олдинга олиб боришади. Отишма тинмайди, лекин узоқда. Бунинг ўрнига, тўғридан-тўғри таҳдид мавжуд - пиёдаларга қарши миналар. Дарё томон лой сўқмоқ бўйлаб кетаётганимизда бештани санайман.
Дарё қирғоғида хандақлар тармоғига бордик, менга пичирлаб гапиришни айтишди. Бу шунчаки кузатув пости, лекин у қурол-яроғ билан тўла. "Руслар қани?" деб сўрайман мен қўриқчидан. У дарёнинг 30 метрча наридаги қарама-қарши қирғоғини кўрсатади.
Яқин атрофда кратерлар ва рус ракетаси снарядлари ётибди. Менга айтишдики, бу биринчи навбатда жанговар позиция эмас, балки кузатув пункти. "Агар улар бизнинг қирғоққа ўтиб кетиш хавфи туғилса, биз ўт очамиз", дейди қўриқчи.
Украинанинг бу томонида жойлашгандек кўринадиган, артиллерия томонидан вайрон қилинган, аксар аҳолиси ташлаб кетган қўшни қишлоқда мен 65 ёшли Серҳий ва унинг ити Мухани учратдим.
Мен одатий саволни бераман: "Нега кетмадингиз?" "Менинг ота-онам шу уйда яшаб, вафот этишган, - деб жавоб беради у. - Ҳеч қаёққа кетолмайман, хотинимни жўнатиб юбордим, ёлғиз ўзим яшайман. Ҳечқиси йўқ, овқатим ҳам, рўзғорим ҳам бор. Итнинг қорни оч эмас".
Серҳий украиналик эканидан фахрланишини айтади. У "миллатчи" эмас, лекин Украина ва Қуролли кучларга ишонишини айтади.

Аммо бу ердаги бошқалар кўпроқ иккиланади. Сварогнинг қисми билдиришича, улар Киев яқинида жанг қилган пайтдагидан сезиларли фарқ бор, улар учрашганларнинг содиқлиги турлича.
Мен унинг одамлари билан қишлоқнинг бошқа вайрон бўлган кўчасидан кетаман. Албатта, улар қуролланган, биз эса ўқ ўтказмайдиган жилет ва дубулғалардамиз. Бизнинг бошимиз устидан ўтаётган артиллерия овозини бостириш учун бир гуруҳ ғозлар кифоя қилади. Бизни ток ва атиргулларга тўла ҳовлига таклиф қилишди, у ерда оила атрофда уруш гўё бўлмаётгандек ўз ишлари билан машғул.
35 ёшли болалар боғчаси ўқитувчиси Юлия мен ундан бу таҳдид остидаги ҳаёт ҳақида сўраганимда кулади. "Тасаввур қилинг, уруш келди ва сиз 24 соат ичида нарсаларни йиғиб, уйингизни тарк этишингиз керак, - дейди у. - Сиз ҳам мен каби, бутун умрингиз давомида қилган ишингизни давом эттиришга ҳаракат қиласиз."
Яқин атрофда унинг синглиси Лили юрибди. Мен келган куни у 19 ёшга кирди. Унинг билагида татуировка бор - "dulcius ex asperis", бу лотинча "машаққатдан кейин ширинлик келади" деган маънони англатади.
Уларнинг отаси Украина ҳукуматини музокара қилишдан бош тортгани учун танқид қилмоқда. "Улар музокаралар столига ўтириб, бир тўхтамга келишлари керак. Худди шу руҳда давом этиш нотўғри", дейди у.
Юлия бунга қўшилмайди. У секингина айтади: "Биз ақл ғалаба қозонишига ишонамиз. Бир-икки ой кутайлик, олдинги линия текислангунга қадар, ва бу ерда яна ҳаммаси яхши бўлади."

Бир неча кундан кейин мен жанубга бордим ва бу урушнинг кундалик содир бўлаётган инсоний фалокатларига қарамай, ҳамон хушчақчақлигини сақлаган бош ҳарбий шифокор Руслан билан учрашдим. У билан фронтдан унча узоқ бўлмаган қишлоқда учрашишга келишиб олганимизда, мен уни қандай таниб олишимни сўрайман.
"Мўйнали тез ёрдам машинасини қидиринг, уни кўрмай қолиш мумкинмас", дейди у.
Ҳақиқатан ҳам, қўлбола камуфляж тўри билан қопланган машина қишлоқ автобус бекатига келиб тўхтади. Биз тезда унинг ортидан ярадор аскарларга зудлик билан ҳаётини сақлаб қолиш учун ёрдам кўрсатадиган, фронт чегарасидаги "барқарорлаштириш пункти"га борамиз.
Ҳарбий шифокорларнинг ғалати характери ҳақида афсоналар мавжуд. Шунинг учун биз келганимизда Русланнинг қўл остидаги жарроҳи Юрий фақат камуфляжли калта иштондалигини кўриб ажабланмадик. Унинг қўлида металл детектори бор. "У олтин қидирмоқда", деб ҳазил қилади Руслан.
Бироз ўтгач, Юрийнинг наушниклари шивирлайди, у ердан қора рудани олиш учун кичик армия белкуракини ишлатади. "Бу шунчаки хобби", дейди у.
Клиника керакли материаллар билан тўла. "Биз хорижлик донорларимизга раҳмат айтмоқчимиз, - дейди Руслан. - Биз ҳали ўрамни очмадик. Баъзан тўлиқ очишга вақтимиз бўлмайди."
У менга сўнгги бир ой давомида даволаган жароҳатланганларнинг дафтардаги қўлёзма рўйхатини кўрсатади. Келиш вақти, тўлиқ исми, жароҳат тури. "Саҳифада қанча кўп ёзилса, шунчалик қийин бўлади", дейди Руслан.
Украина бош қўмондони, генерал Валерий Залужнийнинг сўзларига кўра, уруш бошланганидан бери 9 мингга яқин украиналик аскар ҳалок бўлган. Алоҳида қисмларнинг йўқотишлари ва жароҳатлари қатъий махфийликда сақланади. Русланнинг қалин дафтарида мен ўйлагандан ҳам кам ўлим бор эди. "Биз 2014 йилдан бери узоқ йўлни босиб ўтдик", дейди у, Украина кучлари, жумладан, ҳарбий тиббиёт ходимларини жадал модернизация қилиш ҳақида гапириб.

Атрофимизда Украина артиллерияси ишламоқда. Яқин атрофда кучли М777 гаубицаси ўқ узади ва тунда биз юқори ҳаракатчанликдаги артиллерия ракета тизими (HIMARS) узоқ масофадаги ўқ-дориларни нишонга олаётганини эшитамиз. Ушбу янги қурол жанубдаги ҳужумга йўл очишга ёрдам берди ва у шарқда ҳам асқатади деб умид қилинмоқда.
Мен 26 ёшли, ориқ Влад билан ўтираман, у ҳозир бўлимда тез ёрдам ҳайдовчиси. Уруш бошланишидан олдин у кема механиги (иккинчи даражали) бўлган. Унинг "Гетман Сагайдачный" фрегати руслар қўлига тушиб қолмаслик учун чўктирилди. Тез ёрдам машинаси ҳайдовчиси бўлишдан олдин у артиллериячи бўлган ва ҳар бир шовқин ва портлашни, шунингдек, клиникадан ўтаётган танк ва зирҳли машиналарнинг йили ва маркасини номлай олади.
Мен ундан артиллерия билан солиштирганда ҳозирги иши ҳақида сўрайман. "Ҳозир кутиш жуда узоқ", дейди у.
Аммо у узоқ кутишга мажбур эмас. Тўсатдан клиникага юк машинаси тўхтади, орқадан қичқириқлар эшитилади. Клиника радио сукунати режимида ишлайди, қурбонлар одатда эшик олдига келганларида аниқланади.
Биринчи одам кириши мумкин, лекин унинг ўнг қўли пастга осилган ва елкасида яра бор. Унинг ёнида бўлган портлаш унинг қўлини синдирган. Влад ва бошқа шифокор уни замбилда клиникага олиб боришаётганда иккинчи одам инграб, қичқиради. Унга портлаш парчалари азоб берарди.
Кейинги 15 дақиқада тез ёрдам хонасида тинч, аммо қатъий фаолият ҳукм суради. Юрий тиббий ходимлар ёрдамида замбилда оғирроқ жароҳатланган одам олдига шошади. Катта лейтенант Виктор қўли оғир жароҳатланган одамга ёрдам бермоқда. Беморлар кейинги даволанишга юборилгунга қадар тезда боғланади ва кумуш термал адёл билан ўралади.
Юрий кейинги жараённи тушунтиради. "Бемор касалхонага етиб боргунга қадар тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун бир соатгача вақтимиз бор, у ерда беморга травматолог, жарроҳ ва травма бригадаси ёрдам беради." Иккаласи ҳам тузалиб кетади, аммо жиддийроқ жароҳат олган аскарнинг хизматга қайтиши даргумон. Руслан ўтиради ва дафтарга яна иккита исм ёзади. Бу ёзувлар қисқа.
Кечқурун яна тўртта ярадор бўлди, лекин ҳозирча Руслан бизни ярадорлар олиб чиқилган хандаққа олиб боради.
Миномётлар биз турган жойнинг орқасида, дарахтларнинг четига туша бошлайди. "Яхшики, нишонни ўтказиб юборди, деб кулади у, ҳозир тўлиқ жанговар кийимдасиз. Бу сиз учун эди."
Мен ундан доимий отишма остида ярадорларни қандай олиб чиқишга муваффақ бўлишларини сўрайман. "Ходимлар ҳеч кимга хавф туғдирмайди. Шундай экан, қандай бўлмасин, куч ва воситаларни, инсон ресурсларини, транспорт воситаларини йўқотмаслик керак.
"Агар сукунат бўлса ёки жанглар тўхтаса ёки душманнинг ўқ-дорилари тугаса, дарҳол эвакуация қилинади, - дейди у. - Шу вақтгача улар барча воситалар билан [жабрланганларни] жойида қутқаришга ҳаракат қилмоқдалар. Биз аллақачон жуда кўп ҳарбий шифокорларни йўқотдик."
Олдиндан кетар эканмиз, осмон қорайиб, уфқда чақмоқ чақнади. Ёмон об-ҳаво келади, ёз тугайди, жанговар шароит ёмонлашади. Қишнинг қалин қорлари ёғиб, уруш чизиғини жойида музлатиш билан таҳдид қилади.
Аммо ҳозирча яна бир кайфият бор, бир ойлик турғунликдан сўнг, Украина яна зарба бериши мумкин деган умид.















