Украина уруши - Зеленский: 6000 квадрат километр еримизни қайтардик Rossiya Ukraina Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Президент Володимир Зеленский айтишича, Украина қуролли кучлари ўзларининг қарши ҳужумлари натижасида Россия бостириб кириб босиб олганидан ҳам кўп ҳудудни қайта қўлга киритишга муваффақ бўлганлар.
Президент Зеленский сўзларига кўра, сентябрь ойи бошидан буён мамлакат шимоли-шарқида ва жанубида Украина ҳарбийлари ўз назоратларига олган ҳудуд 6000 квадрат километрдан зиёдни ташкил этади.
Алоқадор мавзулар:
Украина қўшинлари шиддат билан илгарилаяптилар: 11 сентябрь куни Президент Зеленский қайта қўлга киритган ҳудудлари 3000 кв кмни ташкил этгани ҳақида гапирган эди.
Россия Украина шимоли-шарқидаги Харкив вилоятида муҳим аҳоли масканларини бой берганини тан олди, буни ҳарбий экспертлар уруш бошланганидан буён йирик ғалаба деб атамоқдалар.
Россия Мудофаа вазирлиги сўнгги кунлардаги шимолдаги қўшинлари олиб чиқилишини "қайта гуруҳлаш" деб атади, бундан кўзланган мақсад, ўзларининг бор диққат-эътиборини Украина шарқидаги Луҳанск ва Донецк минтақаларига қаратиш эканини айтди.
Аммо Харкив йўналишидан қочган Россия ҳарбийларининг мавқеъларида Украина ҳарбийлари кўп сондаги қурол-яроғ ва ҳарбий техникани қўлга киритдилар, бу нарса русларнинг снарядларни портлатишга ҳам фурсатлари етмай шошилиб чекинганларидан далолат деб кўрилмоқда.
Россия Мудофаа вазирлигининг чекинганларини тан олмай "қайта гуруҳлаш" деб атагани Россиянинг ўзида ҳам ғазаб ва мазахларга сабаб бўлмоқда, россиялик ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ўз армиясининг мағлубиятини "шармандалик" деб атаяптилар.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен сўзларига кўра, Украина қуролли кучлари "муҳим илгари силжиш"га эришганлар, бироқ якуний натижани башорат қилишга ҳали эрта.

Сурат манбаси, .
Украина ҳарбийлари ва халқаро ҳарбий экспертлар жанубдаги Херсон йўналишида ҳам Россия кучлари катта талофат бергани ҳақида хабар бермоқдалар.
У ердан ҳам катта сондаги техника жабҳа чизиқларидан ортга олиб чиқиб кетилган.
Украина ҳарбийлари ўзларига қарши турган Россия ҳарбийларининг кайфияти ўта тушкун экани, таслим бўлишга тайёрликлари ҳақида ёзмоқдалар.
Жанубда Украина кучлари ўз назоратига олган ҳудуд 500 квадрат километрни ташкил этиши хабар қилинмоқда.
11 сентябрь куни Россия бутун Украина бўйлаб фуқаролик инфратузилмаларига ракета ҳужумларини уюштирди, Украина расмийлари буларни жанг майдонидаги мағлубияти учун ғазабланган Россиянинг қасос амали деб атадилар.
Қанотли ракеталар ҳужумлари Украинанинг беш вилоятида электр таъминоти узилишига сабаб бўлди.
Миллионлаб одамлар электр қувватисиз қолдилар.
Путин Украинани қиш совуғи билан ютмоқчими?

Сурат манбаси, Reuters
Украина ғалабасининг Путин учун оқибатлари қандай бўлади, деган саволлар ҳам ўртага чиққан.
Олтий ойлик урушдан кейин Президент Путиннинг Украина босқини борасидаги ҳисоб-китобида катта хато бўлгани аёнлашди.
У Украинани "денацификация" ва демилитаризация" қилиш мақсади эканини айтиб уруш бошлаган, унинг назарида Украин "нацистларининг зулмидан тўйиб кетган" русийзабонлар Россия ҳарбийларини гуллар билан кутиб олишлари керак эди.
Путин Россия армиясининг кучига ишонган, унинг назарида Украина ҳарбийлари ва мамлакат раҳбарияти дарҳол қуролларини ташлаб қочишлари керак эди.
Бутун дунё раҳбарлари ҳам шундай ўйлашган ва Президент Зеленскийдан қочиб чиқишда ёрдам бериш таклифлари кўп бўлган.
Аммо Украинада яшайдиган украинлар, руслар ва бошқа миллат вакиллари Россияни агрессор деб кўрди, ўз ватани учун ўлимга тайёрликларини исботладилар.
Путин Россияда урушдаги мағлубият ҳукмдорга қимматга тушишини яхши билади.
1905 йили Япония билан урушдаги Россия мағлубияти қўзғолонга етаклаган, 1917 йилдаги Биринчи Жаҳон Урушидаги мағлубият Чор Россия императори Николай II ни тахтидан маҳрум этди.
Бироқ мухбирлар Путиннинг бу урушда ютқазиш нияти йўқлигини кўрсатаётганини айтадилар.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков, Россия уруш эмас, махсус ҳарбий операция деб атайдиган босқиннинг олдига қўйилган вазифа бажарилмагунича давом эттирилишини айтди.
Россия президенти Путин камдан-кам ўзидан хато ўтганини тан оладиган, камдан-кам қарорини ўзгартирадиган одам, деб ёзади Би-би-сининг Россия бўйича муҳаррири Стив Розенберг.
Савол шуки, агар жанг майдонида мақсадига эришмаса, Путин ядровий қуролни ишга солиши мумкинми?
Бир неча кун олдин Украина армияси қўмондони Валерий Залужний огоҳлантирди: "Муайян шароитда Россия қуролли кучлари томонидан тактик ядровий қуролларни ишга солиш таҳдиди мавжуд"
Ҳозирча Кремлда ваҳима аломатлари йўқ. Россия давлат телевидениесининг кайфияти кўтаринки, деб ёзади мухбиримиз.
Россия қанотли ракеталарининг Украина энергетика инфратузилмаларига ҳужумлари "махсус операциядаги бурилиш нуқтаси" деб таърифланаяпти.
10 сентябрь куни Россия Украинадаги жангларда мағлубиятга учрагани ҳақидаги хабарлар тарқалаётган вақтда Москвада Кремль лидери Владимир Путин сокин кўринар, Европадаги энг баланд томоша ғилдирагининг очилиш маросимида қатнашди.
Афтидан, Россия президенти Москвадаги янги томоша ғилдирагига ўхшаб, "махсус ҳарбий операцияси" ҳам айланиб, ўзи истаган нуқтага бориб қолишига ишонади, деб ёзди мухбиримиз.
Путин Украина уруши ғалабасида Россия императори Александр I тактикасини танлаган, деди Рейтерс ахборот агентлигига Британ журналисти Эндрю Осборн.
Путин, қақшатқич қиш Европани Россия шартларига кўнишга мажбурлайди, деб кутаяпти, дейди журналист.
Шундай тактикани 1812 йили Россия императори Александр I қўллаган.
"Аёзли қишлар Москвага Наполеон ва Гитлерни ютишга ёрдам берган. Президент Владимир Путин ҳозир ёқилғи нархлари шиддат билан кўтарилиб кетиши ва қишда Европада эҳтимолий дефицитни юзага келтиришига ва бу нарса Европани Украинада Россия шартлари бўйича сулҳга мажбурлашига орқа қилаяпти", деди инглиз журналисти.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















