Нега Жанубий Корея жаҳонда энг кам бола туғиладиган давлат дея қайд этилди? Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, AFP
Жанубий Корея яна дунёдаги энг кам туғиш кўрсаткичларига эга давлат дея қайд этилди. Бу кўрсаткич янги рекорд паст даражага тушди.
2018 йилда илк марта Жанубий Кореяда ҳар бир аёлга бир боладан ҳам кам бола тўғри келиши қайд этилганди.
Чоршанба куни расмий Сеул чоп қилган рақамларда бу кўрсаткич 0,81 фоизга тушгани кўринади. Бу ўтган йилгидан 0,3 фоиз кам ва олти йил давомидаги узлуксиз тушишдир.
Қиёслаб кўрсак, жаҳон бўйлаб энг илғор иқтисодли давлатларда ҳар бир аёлга 1,6 бола тўғри келади.
Давлатлар агар миграциясиз ўз аҳолиси сонини бир ҳилда ушлаб туришни исташса, ҳар бир жуфтликка камида икки фарзанд тўғри келиши керак (2,1 бола).
Ўзбекистонда 2021 йилда ҳар бир аёлга 2,3 бола тўғри келган. Бу кўрсаткич 2020 йилда 1,05 фоизга юқорироқ бўлган.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) хабар қилишича, дунёда туғиш кўрсаткичлари охирги 60 йил ичида "сезиларли камайган".
Аммо, Жанубий Кореяда бу ўзгариш айниқса яққолроқ кузатилади. 1970 йиллар бошларида жанубий корейс аёллари ўртача тўртта фарзанд кўрганлар.
Аҳоли сонининг камайиши мамлакатни катта босим остига қўйиши мумкин. Соғлиқни сақлаш ва нафақа каби харажатлар ошишидан ташқари, ёш аҳолининг камлиги ишчилар танқислигига етаклаб иқтисодга салбий таъсир қилиши хавфи бор.
2020 йилда жанубий кореяликлар орасида туғилишдан кўра ўлим кўпроқ бўлганида кўплар хавотирга тушди.

Сурат манбаси, AFP
Мутахассисларга кўра, охирги йилларда иқтисодий босимлар ва касбий омиллар одамларнинг фарзанд кўриш танловига таъсир қилган.
2021 йилги рақамларга изоҳ сифатида мутахассислар турмуш харажатларининг ошиши, уй-жой нархларининг кўтарилиши ва Ковид пандемиясини келтирганлар.
Би-би-сининг Сеулдаги мухбири Жилл Маккензи ёзади:
Инқироз кутиляпти. Агар Жанубий Корея аҳолиси камайишда давом этса, унинг иқтисодини ўстириш, кекса аҳолисига қараш ва армияга ёлланиш учун одам етмай қолади.
Сиёсатчилар бу ҳақида йилларки билишган, аммо муаммони еча олишмаган. Улар фуқароларни фарзанд кўришга кўндириш учун миллиардлаб доллар сарфлашди, лекин нега бу иш бермаганини сўраб бош қашлашмоқда.
Албатта, бунинг бир сабаби - пул. Жанубий Кореяда фарзанд катта қилиш қиммат, кўплаб ёшлар эса мисли кўрилмаган уй-жой харажатларига юз тутмоқдалар. Яна бир сабаби - имкониятлар чеклангани.
Жанубий Кореяда аёллар жуда яхши таълим олишади, аммо иш жойларида улар эркакларга тенг эмаслар. Бадавлат давлатлар орасида Жанубий Кореяда эркаклар ва аёллар маошида энг катта тафовут бор.
Уй юмушлари ва фарзанд тарбияси ҳали ҳам асосан аёллар гарданида - улар фарзанд кўргач, касбий ўсишни унутишларига тўғри келади. Шунинг учун кўп аёллар фарзанд ва касб ўртасида танловни қилишга мажбур бўлишяпти ва тобора кўп аёллар ўз касбий тараққиётларини қурбон қилишни исташмаяпти.
Бир аёлнинг менга айтишича, "бола туғиш соҳасида биз иш ташлаганмиз".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















