Аёлларни бичиш ҳирсни жиловлайдими?

Шимолий Қовқоз мусулмонлар маркази раиси Исмоил Бердиевнинг аёлларни ҳирсини пасайтириш учун уларни оммавий бичиш кераклиги ҳақида гаплари Россиядаги оддий аҳоли билан бирга диний уламоларнинг турлича муносабатларига сабаб бўлди.
Хусусан, диний мулозимнинг ҳамкасблари орасида уни қўллаганлар қатори, "нозик мавзу"ни қўзғатмасликка чақирганлар ҳам бўлди.
"Бу барча аёлларга нисбатан қўлланилса, жуда яхши бўлур эди. Аллоҳ аёлни бола туғиш ва уни тарбиялаш учун яратган. Бичиш эса бунга умуман алоқаси йўқ. Аёллар бунинг орқасидан туғмас бўлиб қолмайди. Лекин жинсий бузуқчилик камроқ бўлади", деган эди у олдинроқ Интефаксга.
Муфтийнинг сўзлари кутилмаганда православ уламо Всеволод Чаплиннинг олқишига сазовор бўлди. У Бердиевни 25 йилдан бери таниши, ҳурмат қилишини айтиб, мусулмон ҳамкасбининг сўзлари "феминист"ларда қандай муносабат туғдиришини яхши тушунишини қайд этади.
Айни вақтда қатор бошқа мусулмон уламолар Бердиевнинг айтганларига қарши чиқишди. Татаристондаги Қуръон тадқиқоти маркази директори Фарид Салмоннинг сўзлашича, Бердиев ўзининг шахсий фикрига эга бўлиш ҳуқуқи бор, лекин бу тарздаги мурожаат исломофобларга қўл келиб, ислом динини танқид қилишларига баҳона бўлади.
Россия мусулмонлар диний бошқармаси ва Муфтийлар кенгаши раис ўринбосари Равшан Аббосов аёлларни бичишни "Исломга зид" деб айтди.
Россияда "аёлларни бичиш" мавзуси душанба куни "Правовая инициатива по России" фондининг ҳисоботи орқасидан ўртага чиққанди.

Сурат манбаси, RIA NOVISTI
Унда айтилишича, Доғистоннинг тоғли ҳудудларида аёлларни бичиш удуми сақланиб қолган.
Доғистондаги бичишга изоҳ бераётиб, уни "аёллар ҳирсини жиловлаш" деб таърифлаган жаноб муфтий ижтимоий тармоқлардаги баҳсу мунозаралар ортидан оммавий ахборот воситалари "ўзининг сўзларини нотўғри талқин қилганлари" ва "ислом аёлларни бичишга чақирмаслиги"ни айтган мухбирларга.
Унинг таъкидлашича, бузуқчилик муаммоси ҳақида гапириб, бу борада нимадир қилиш кераклигини эслатган холос.
Шу билан бирга, Доғистонда амал қилиб келинадиган аёлларни бичиш фойдали экани республикадаги диний сайтлардаги хабарларда бир неча йиллардан бери тарқатилиши хабар қилинади.
Омма муҳокамаси учун эмас
Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В)ҳадисларида аёлларни бичиш тўғрисида айтилгани шубҳасиз саҳиҳ саналмайди, бу амал эса "ҳирсни жиловлаши" асосга эга эмас, деб айтган Россия Муфтийлар кенгаши вакили Аббосов.
"Пайғамбаримиз ҳадисларида айтилишича, агар аёл бу нарсага қарор қилган бўлса, бунинг ёмон жойи йўқ, лекин бундай қилишни хоҳламаса, у гуноҳкор ҳисобланмайди. Аёлларни суннат қилиш жарроҳларга маълум, лекин аёлларни бичиш ҳақида улар елка қисишади", деб тушунтиради муфтий.
"Ким буни қилади? қаердан келди бу?- ҳайрон бўлади у. Татаристондаги ва бутун Россиядаги мусулмонлар олдида бундай муаммо ҳеч қачон турмаган, одамлар бу ҳақда овоз чиқариб гаплашишмаган. На замонавий, на тарихий диний ишларда бу муаммо ҳатто кўриб чиқилмаган", дейди россиялик диний уламо Фарид Салмон Би-би-сига.

Сурат манбаси, RIA NOVOSTI
Салмоннинг сўзларига кўра, Бердиевнинг нуқтаи назарини аҳоли қабул қилиши жамиятнинг шахсий иши. Лекин унинг сўзлари айни пайтда мусулмон оламига нисбатан таранг вазиятда ортиқчадир.
Православ уламо Всеволод Чаплин ўз навбатида Бердиевни ўз позициясидан чекинмасликни тилар экан, ҳамма аёлларни бичиш керак эмас, мисол учун проваславлар шундоқ ҳам бузуқ йўлни тутмайдилар. Лекин муфтийнинг "Аёлни Аллоҳ бола туғиш ва тарбиялаш учун яратган" деган сўзлари умуминсоний аҳамиятга эга. Феминизм-бу 20 асрнинг ёлғони, дейди.
Россияда бичиш амаллари қўлланилиши ҳақида ҳисоботдан сўнг қўшиқчи Диана Гурцкая бош прокурор Юрий Чайкага хат ёзиб, бичиш ҳақидаги фактни текширишни сўраган.
Фаолларга кўра, бу Шимолий Қовқоздаги вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган бир ҳаракатдир.
"Правовая инициатива по России" ҳисоботига биноан, сўралганлар Доғистоннинг Цунтинск ва Бежтинск, Ботлих, Цумадинск, Тляратинск туманларида аёлларни бичиш қисман ёки оммавий равишда қўлланилиб келинишини тасдиқлаганлар.
Бичиш амалиётида жарроҳлик аёлларнинг жинсий органларида ўтказилиб, унинг маълум қисми олиб ташланади.
Бу амалиётга юз тутганлар жинсий ҳаётда муаммоларга учраб, сурункали руҳий асоратлардан азоб чекканларини сўзлаганлар.
Айни вақтда Доғистондаги баъзи диний сайтларнинг ёзишича, республикада ўтказиладиган бичиш Африкадаги аёлларни бичиш амалиётидан буткул фарқ қилади. Ҳатто у аёлларнинг жинсий истагини пасайтирмай, аксинча ошириши айтилади.
Махачқалъада хусусий клиникаси бўлган гинеколог Хадича Ажубовага кўра, мижозлари бўлган янги келинлар жарроҳликдан сўнг жинсий ҳаётлари яхшиланганини айтганлар унга.
"Бу суннат, унга қандайдир илмий тушунтириш қидириш шарт эмас", дейди шифокор.
Бутун жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти аёл жинсий органига тиббий бўлмаган сабаб билан тиғ тегиришни қоралайди ва турли аёл касалликларини келтириб чиқаришидан огоҳлантиради.
Аёлларни бичиш амалиёти Африканинг ғарбий, шарқий ва шимолий-шарқий минтақаларида, Осиё ва Яқин Шарқнинг баъзи ҳудудларида кенг тарқалган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
- ◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
- ◾Instagram - BBC UZBEK
- ◾Twitter - BBC UZBEK
- ◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
- ◾Facebook - BBC UZBEK
- ◾Google+BBC UZBEK
- ◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
- ◾Skype - uzbekbbclondon
- ◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.












