Кобулда портлаш, Ўзбекистон буни расман қоралади, Толибон жангари гуруҳларни эплолмаяптими?Афғонистон, минтақа ва дунё Afg‘oniston Dunyo Yangiliklar

Пойтахт Кобулдаги масжид қонли худкушлик ҳужуми нишонига айланди. Ҳодиса шом намози пайтида юз берди. Ўнлаб қурбон ва яраланганлар бор. Ҳужум масжид имомини ҳам ўлдирган. Расмий Тошкент баёнот билан чиқди. Буни кескин қоралади. Қурбонлар яқинларига расман ҳамдардлик билдирди. Афғонистон Ўзбекистонга ҳам чегарадош. ИШИДга байъат келтирган Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам бошпана топган давлат. Толибон жангари гуруҳларни эплолмаяптими?
Алоқадор мавзулар:
Худкушлик ҳужуми

Сурат манбаси, Getty Images
Расмий хабарларга кўра, кеча, чоршанба кунги ҳужум 20 дан ортиқ кишини ўлдирган, яна 30 дан зиёдини яралаган.
Ҳужумда яраланганлар орасида болаларнинг ҳам борликлари айтилмоқда.
"Фавқулодда ёрдам" хайрия жамғармаси вакилининг айтишича, биргина ўзлари шу пайтгача 35 нафар ярадор одамга тиббий ёрдам кўрсатишган.
"Тун бўйи жарроҳлик амалиёти ўтказишган".
Аммо орада талафот кўлами бундан ҳам катта эканига оид расман тасдиқланмаган хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Воқеа шоҳидларининг айтишларича, масжиддаги портлаш жуда кучли бўлган.
Портлаш кучидан намозхонлар ҳатто масжид деразасидан ташқарига отилиб кетишган, ён-атрофдаги биноларнинг деразалари тўкилиб тушган.
Кобулда нималар бўлмоқда?

Сурат манбаси, Reuters
Сўнгги ҳафталарда Афғонистон пойтахтида худкушлик ҳужумлари сони ортган.
Кечагиси эса, Толибон Афғонистонда қудратга қайтганининг бир йиллигини байрам қилишидан саноқли кунлар ўтиб кузатилган.
Толибон муваққат ҳукумати сўнгги ҳужумни ҳам кескин қоралаган, аммо бунинг ортида ким турганлигини ҳануз била олмаган.
Ҳужумдан кун ўтса-да, Афғонистондаги бирор бир жангари гуруҳ унга масъулиятни ҳалича ўз зиммасига олиб чиқмаган.
Афғонистонда сўнгги пайтларда уюштирилаётган худкушлик ҳужумларига масъулиятни, одатда, ИШИДнинг Хуросон қаноти ўз зиммасига олиб келган.
Улар куни-кеча Кобулда Толибонпараст таниқли уламони ҳам ўзлари ўлдирганликларини айтиб чиқишган.
Ўтган ой эса, Афғонистон пойтахтида таниқли уч дин пешвоси ҳам ҳужумга тутилган.
Мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам суиқасд амаллари кучайганига оид хабарлар олинган.
Бу галги нишон эса, мўътадил сўфийлик эътиқоди тарафдори экани айтилувчи Амир Муҳаммад Кобулий бўлган.
"Ашаддий" рақиблар

ИШИД ва Толибон бир томондан билвосита иттифоқчи, бошқа тарафдан эса, ашаддий рақиблар саналишади.
Айниқса, Толибоннинг расмий Вашингтон кўмагида Афғонистонда ҳокимиятга қайтиши икковлон ўртасидаги адоватни янада кучайган.
ИШИД Толибонни "муқаддас жиҳоддан юз ўгирган муртадлар", деб аташгача борган.
Хабарларга кўра, Кобулдаги сўнгги ҳужум сатҳи ўраб олинган.
ИШИД, Афғонистонда экан, Ўзбекистон Исломий ҳаракати тўлиғича расман байъат келтирган сўнгги жангари гуруҳ бўлади.
Афғонистон Толибон ҳаракати яқин-яқингача ўзининг сиёсий қанотига ҳам эга минтақадаги энг йирик жангари гуруҳи саналиб келинган.
Ҳаракат сафларидаги доимий аъзоларининг сони 100 мингга яқин экани тахмин қилинади.
Толибон муваққат ҳукумати ИШИД Хуросон қанотини жиловлашга қодир эканликларини айтади.
Аммо етакчи ҳарбий экспертлар ИШИД ҳозир Толибоннинг янги ҳукумати учун жиддий бошоғриққа айланиши мумкин, деган фикрда.
Толибон 2020 йилда расмий Вашингтон билан имзолашга муваффақ бўлган "тарихий" битим шартларига мувофиқ, жорий пайтда Афғонистонда бирор бир хорижий давлат аскари йўқ.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














