Видео. Би-би-си суриштируви: Британия Махсус кучлари Афғонистонда қотиллик билан шуғуллангани фош бўлди Video Afg‘oniston Dunyo Yangiliklar

- Author, Ханна О’Грейди ва Жоэл Гантер
- Role, BBC Panorama
- Ўқилиш вақти: 7 дақ
Би-би-си суриштирувига кўра, Британиянинг махсус кучлари - SAS (Special Air Service) тезкор ходимлари Афғонистонда тутқунлар ва шубҳали вазиятда қўлга тушган қуролсиз эркакларни мунтазам равишда ўлдирган. Қурбонлар ўнлаб бўлиши мумкин.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
Сўнгги ҳарбий ҳисоботларга кўра, бир бўлинма олти ойлик сафарда 54 кишини ноқонуний равишда ўлдирган бўлиши мумкин.
Би-би-си Махсус кучлар бўлинмаси собиқ раҳбари қотиллик бўйича терговга далилларни топширмаганини аниқлади.
Мудофаа вазирлиги Британия ҳарбийлари Афғонистонда жасорат ва профессионаллик билан хизмат қилганини айтади.
Би-би-си маълумотларига кўра, Буюк Британия махсус кучларининг собиқ бошлиғи генерал cэр Марк Карлтон-Смит ноқонуний қотилликлар содир этилгани ҳақида хабардор бўлган, бироқ SAS отряди қотилликка қўл ургани бўйича тергов бошланганидан кейин ҳам далилларни Қироллик ҳарбий полициясига топширмаган.
Ўтган ой истеъфога чиқишидан олдин армия бошлиғи бўлган генерал Карлтон-Смит бу воқеага изоҳ беришдан бош тортди.
BBC Panorama SAS'нинг юзлаб саҳифали тезкор ҳисоботларини, жумладан, 2010/11 йилларда Ҳилманддаги битта SAS отряди томонидан ўтказилган ўндан ортиқ "ўлдириш ёки қўлга олиш» рейдлари ҳақидаги ҳисоботларни таҳлил қилди.
SAS отряди билан ишлаган айрим одамлар Би-би-сига SAS аъзолари тунги рейдлар пайтида қуролсиз одамларни ўлдирганига гувоҳ бўлганликларини айтишди.
Улар, шунингдек, тезкор ходимлар қуролсиз одамни ўлдирганини яшириш учун воқеа жойига атай АК-47 автоматларини ташлаб қўйишганини кўрганларини билдиришди.
Махсус кучларда хизмат қилган бир неча киши, SAS отрядлари энг кўп ўлдириш учун бир-бири билан рақобатлашганини ва Би-би-си томонидан ўрганилган отряд ўзидан аввалги отряддан кўра кўпроқ одам ўлдиришга уринганини таъкидлади.
Ички электрон почта хабарлари шуни кўрсатадики, махсус кучларнинг юқори мартабали зобитлари эҳтимолий ноқонуний қотилликлардан хабардор бўлган, аммо қонуний мажбуриятга қарамай, ҳарбий полицияга бу ҳақда хабар бермаган.
Мудофаа вазирлиги аниқ даъволар бўйича изоҳ бера олмаслигини, аммо изоҳ берилмаслиги даъволар ҳақиқатда тўғрилигини англатмаслигини билдирди.
Мудофаа вазирлиги вакилининг айтишича, Британия қўшинлари Афғонистонда "жасорат ва профессионаллик билан хизмат қилган" ва ўзларини "энг юқори стандартларга" риоя қилган.
Шубҳали қотилликлар
2019 йилда Би-би-си ва Sunday Times SAS'нинг бир рейдини текширди, бунинг натижасида Буюк Британия суди иш очди ва мамлакат Мудофаа вазирига ҳукумат ушбу масала бўйича қандай йўл тутганини кўрсатувчи ҳужжатларни очиқлашга буйруқ берди.
Ушбу сўнгги суриштирув асносида Би-би-си SAS'нинг тунги рейдлари бўйича яқинда олинган тезкор ҳисоботларни кўриб чиқди. Биз афғон эркаклари қўлга олингандан сўнг, парда ёки бирор мебель ортидан АК-47 ёки қўл гранаталарини олгани учун отиб ўлдирилгани ҳақида бир қанча ҳайратланарли даражада ўхшаш ҳисоботлар берилганини аниқладик.
- 2010 йил 29 ноябрда отряд ҳибсга олинган ва бинога олиб кирилган одамни ўлдирди, у ерда у "қўшинларга граната билан ҳужум қилишга уринди".
- 2011 йил 15 январда отряд ҳибсга олинган ва бинога олиб кирилган, у ерда "матрас ортига қўл узатиб, қўл гранатасини чиқарган ва ҳужум қилмоқчи бўлган" одамни ўлдирди.
- 7 февраль куни отряд, уларнинг сўзларига кўра, "патрулга милтиқ билан ҳужум қилмоқчи бўлган" тутқунни ўлдирди. 9 ва 13 февраль кунлари тутқунлар қатл этилгани учун ҳам худди шундай асослар кўрсатилди.
- 16 февраль куни отряд икки маҳбусни бири "парда ортидан" граната чиқаргани, иккинчиси "стол ортидан АК-47"ни олганида ўлдирди.
- 1 апрель куни отряд бинога олиб қирилган икки маҳбусни ўлдирди, улардан бири "АК-47ни кўтарган", иккинчиси "гранатани улоқтирмоқчи бўлган".
Отряднинг олти ойлик кампанияси давомида ўлганлар миқдори уч рақамли сон бўлади. Би-би-си ўрганган барча рейдларда SAS ходимларидан ҳеч бири жабрланмаган.
Махсус кучларнинг биринчи "таассурот ҳисоботи"
2011 йил 16 февралдаги воқеа

Британия махсус кучлари штаб-квартирасида ишлаган юқори мартабали зобит Би-би-сига отряднинг ҳисоботлари "ҳақиқатда ташвишли" эканлигини айтди.
"Тунги рейдлар пайтида жуда кўп одамлар ҳалок бўлган ва тушунтиришлар мантиққа тўғри келмайди, - деди у. - Кимдир ҳибсга олингандан кейин у ўлмаслиги керак эди. Бу ҳолат қайта-қайта содир бўлиши штаб-квартирада хавотир уйғотди. Ўша пайтда нимадир жойида эмаслиги аниқ эди."
Ўша пайтдаги ички электрон почта хабарлари шуни кўрсатадики, офицерлар ҳисоботларни "мутлақо ишониб бўлмайдиган" деб атаган ва отряднинг "сўнгги қирғин"ига ишора қилган.
Операция офицери ҳамкасбига электрон почта орқали "охирги икки ҳафта ичида ўнинчи марта бўлса керак", отряд маҳбусни бинога олиб кирган "ва у яна АК билан пайдо бўлган".
"Кейин, улар пардани очиш учун Б (жанг қила оладиган ёшда)киши билан бошқа А бинога кирганида, у парда ортидан граната олиб, c/s [SAS ҳужум гуруҳи] томон улоқтирган. Яхшиямки, у портламай қолган... бу саккизинчи марта содир бўлмоқда... Сиз БУНИ ҚИЛОЛМАЙСИЗ!"
Хавотир кучайган сари, мамлакат махсус кучларининг юқори зобитларидан бири махфий эслатмада ноқонуний ўлдириш бўйича "мақсадли сиёсат" бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Юқори раҳбарият шу қадар хавотирда эдики, отряднинг тактикасини расмий кўриб чиқиш буюрилди.
Аммо махсус кучлар офицери Афғонистонга отряд ходимлари билан суҳбатлашиш учун юборилганида, у воқеаларнинг SAS берган версиясини шунчаки қабул қилган.
Би-би-си маълумотига кўра, зобит рейд ўтказилган жойларга ташриф буюрмаган ёки ҳарбий бўлмаган гувоҳлар билан суҳбат ўтказмаган.
Суд ҳужжатлари якуний ҳисоботни шубҳали қотилликлар учун масъул бўлган SAS бўлинмаси қўмондони имзолаганини кўрсатади.
Махсус кучлар бошлиғига махфий эслатма
2011 йил 7 апрель

Далилларнинг ҳеч бири ҳарбий полицияга топширилмаган. Би-би-си ҳолат бўйича ташвишли баёнотлар махсус кучларнинг саноқли юқори мартабали зобитлари учунгина очиқ бўлган "Суддан ташқари қатллар бўйича маълумотлар" файлига тиқиб қўйилганини аниқлади.
2012 йилда SAS отряди Афғонистонга яна олти ойлик сафарга жўнатишга рухсат берилди.
Қироллик ҳарбий полицияси рейдлардан биридаги қотиллик бўйича 2013 йилда тергов бошлаганида, махсус кучлар раҳбари генерал Карлтон-Смит Қироллик ҳарбий полициясига ноқонуний қотилликларга оид олдинги хавотирлар ёки тактик текширув бўлгани ҳақида гапирмаган.
2011 йилда Афғонистондаги Қироллик денгиз пиёда қўшинларига қўмондонлик қилган полковник Оливер Лининг Би-би-сига айтишича, суриштирувимиз натижасида илгари сурилган айбловлар "одамни шокка солади" ва жамоатчилик текширувига арзийди.
Унинг сўзларига кўра, махсус кучлар раҳбариятининг далилларни ошкор эта олмагани "бутунлай қабул қилиб бўлмас" эди.

Сурат манбаси, Getty Images
Ўлдириш ёки қўлга олиш
Би-би-си суриштируви асосан 2010 йил ноябрь ойида Афғонистонга етиб борган SAS отрядининг олти ойлик сафарбарлигига қаратилган.
Отряд асосан Афғонистоннинг энг хавфли жойларидан бири бўлган, Толибон пистирмалари ва йўл четига ўрнатилган бомбалар кўп бўлган, армия талофатлари кўп бўлган Ҳилманд вилоятида ҳаракат қилган.
Унинг асосий вазифаси Толибон қўмондонларини қўлга олиш ва бомба ишлаб чиқариш тармоқларини йўқ қилиш учун "ўлдириш ёки қўлга олиш" рейдлари деб ҳам аталадиган Махсус қўлга олиш амалиётларини амалга ошириш эди.
Махсус кучлар операциялари учун нишонларни танлашда иштирок этган бир қанча манбаларнинг Би-би-сига айтишича, танлаш жараёни ортидаги разведка билан боғлиқ жиддий муаммолар бор эди, яъни тинч аҳоли нишонлар рўйхатига осонгина тушиб қолиши мумкин эди.
2011 йили Ҳелмандда нишонни танлаш пайтида ҳозир бўлган Британия расмийсига кўра, "разведка ходимлари ўзлари толиблар деб ўйлаган одамлар рўйхатини тузаётган эди. Уларни қисқача муҳокама қилишарди. Кейин рўйхат махсус кучларга топшириларди ва уларга ўлдириш ёки қўлга олиш буюриларди.
Манбага кўра, нишон танлаш босим остида ва шошқалоқлик билан амалга оширилган. "Бу "ҳаммасини ўлдирамиз" дегани эмас эди, лекин, албатта, ўйинни яхшилаш учун босим бор эди, бу асосан тезда ҳукм чиқаришни англатарди", деди у.

Рейдлар давомида SAS отряди машҳур тактикани қўлларди, улар бино ичидан ҳаммани ташқарига чақиришарди, тинтув қилишарди ва уларни кабель боғлари билан қўлларини боғлашарди, сўнг тинтувда ёрдам бериш учун бир кишини ичкари олиб киришарди.
Аммо юқори мартабали зобитлар отряднинг ҳисоботларида тутқунлар бинога олиб кирилиши ва улар яширин қуролларни қўлга олишга уриниши тасвирлангани, бироқ душманнинг бундай тактика қўллашини Афғонистонда ҳаракат қилаётган бошқа Британия ҳарбий кучлари кўрмаганидан хавотирлана бошлади.
Шунингдек, катта миқдордаги рейдлар давомида воқеа жойидан топилган қуроллардан кўра кўпроқ одам ўлдирилгани зобитлар орасида хавотир уйғотганди, бу эса SAS қуролсиз одамларни отгани ва воқеа жойига қурол ташлаб, далилларни сохталаштириши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Австралияда ҳам худди шундай хавотирлар кўтарилгандан сўнг, судья бошчилигидаги тергов Австралия махсус кучлари аъзолари 39 кишини ноқонуний ўлдиргани ва буни оқлаш учун қурол ташлаб қўйгани ҳақида "ишончли далиллар"ни топди.
2011 йил апрель ойига келиб, Буюк Британияда хавотир шу қадар кучайдики, махсус кучларнинг юқори мартабали зобити махсус кучлар раҳбарига хат ёзиб, унда "одамлар қуролсизлантирилгандан кейин уларни қасддан ўлдириш" ва "сохта далиллар тайёрлар" ҳақида далиллар борлигини маълум қилган.
Икки кундан сўнг, Буюк Британия махсус кучлари штаб бошлиғи ёрдамчиси директорни SAS "жанг қилиш ёшидаги эркакларни, ҳатто улар хавф туғдирмаса ҳам, нишонга олиш" сиёсатини юритаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Унинг ёзишича, агар шубҳалар тўғри бўлса, SAS отряди "ҳимоя қилиб бўлмас ахлоқий ва ҳуқуқий хатти-ҳаракатларга йўл қўйган".

Би-би-си 2010/11 йилларда SAS отряди томонидан рейд қилинган бир нечта уйларга борди. Ҳилманднинг Над Али қишлоғида девор билан ўралган меҳмон уйи бор эди, у ерда 2011 йил 7 февраль куни тонгда тўққиз нафар афғон, жумладан, бир ўсмир ўлдирилган.
SAS кучлари вертолётларда қоронғулик остида етиб борган ва яқин атрофдаги даладан уйга яқинлашган. Уларнинг сўзларига кўра, исёнчилар уларга қарата ўт очган, бу эса уларни жавоб қайтаришга ва меҳмон уйидаги барчани ўлдиришга мажбур қилган.
SAS маълумотларига кўра, атиги учта АК-47 топилган, отряднинг камида олтита рейдидан биттасида душман қуроллари сони ўлдирилганлар сонидан камроқ эди.
Меҳмонхонанинг ичкарисида, рейд маҳали отилган ўқларлардан қолган тешиклар деворнинг ерга яқин жойига тўп бўлиб жойлашган. Би-би-си экспертларга воқеа жойидан олинган фотосуратларни кўрсатди, улар юқоридан пастгача неча марта ўқ узилганини ва бу отишмага ишора эмаслигини айтишди.
Британия махсус кучлари томонидан қўлланилган қуроллар бўйича мутахассис Ли Невилнинг айтишича, ўқ излари "нишонлар пастда бўлган, ё ётган, ё ўтирган ёки деворга яқин жойда чўзилган ҳолатда бўлган - агар улар фаол қаршилик қилган бўлса, отишма учун ноодатий ҳолат бу".
Худди шу ҳолат Би-би-си томонидан текширилган яна иккита жойда кузатилган. Тасвирларни кўриб чиққан экспертларининг айтишича, ўқ тешиклари қуролли жанглар эмас, балки қатлга далолат қилади.
Анонимлик шарти билан Қироллик ҳарбий полицияси терговчиси Би-би-сига воқеа жойидан фотосуратларни кўрганини ва ўқ тешиклари хавотир уйғотганини тасдиқлади.
"Сиз нима учун ташвишланганимизни тушунасиз, - деди терговчи. - Деворлардаги ўқ излари ерга жуда яқинлиги воқеалар махсус кучлар айтаётгандек эмаслигини кўрсатадиганга ўхшайди."
2014 йилда полиция «Нортмур» операциясини бошлади, у Британия қўшинларининг Афғонистондаги 600 дан ортиқ қонунбузарликлари, жумладан, SAS бўлинмаси томонидан ўлдирилган бир қатор қотилликларни ўз ичига олган кенг қамровли текширувни ўтказди. Аммо полиция терговчиларининг Би-би-сига айтишича, Британия ҳарбийлари далил тўплаш ҳаракатларига тўсқинлик қилмоқда.
Нортмур операцияси 2017 йилда тўхтатилган ва ниҳоят 2019 йилда ёпилган. Мудофаа вазирлиги жиноятни тасдиқловчи далил топилмаганини айтган. Тергов гуруҳи аъзолари Би-би-сига бу хулосага қўшилмасликларини айтишди.
Мудофаа вазирлиги Британия қўшинлари энг юқори стандартларга жавоб берганини айтмоқда. "Янги далиллар тақдим этилмади, бироқ хизмат полицияси янги далиллар пайдо бўлса, ҳар қандай айбловни текширади", деди вазирлик сўзчиси.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














