Хорват генерали Гаага маҳкамасида заҳар ичиб ўлди

Слободан Пральяк

Сурат манбаси, ICTY

Гаагадаги халқаро маҳкамада иши кўрилаётган Босния хорватлари генерали Слободан Пральяк трибунал қароридан норози бўлиб заҳар ичганини эълон қилди. Орадан бир неча соат ўтганидан кейин генералнинг оламдан ўтгани хабар қилинди.

Гаага маҳкамасида генерал Слободан Пральяк ва яна беш Босния хорвати устидан аппеляция иши кўриб чиқилаётган эди.

2013 йили халқаро маҳкама Пральяк ва шерикларини 1993 йили Босния мусулмонларини қийноққа солиш ва оммавий қирғин қилишда айбдор деб топган ва 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган.

Аппелляция судида 2013 йилги Гаага трибунали қарори ўз кучида қолиши айтилган.

Буни эшитган Слободан Пральяк ўзини уруш жиноятчиси деб билмаслигини ва маҳкама қарорини тан олмаслигини айтган.

У худди идишдан суюқлик ичаётган кишидек қўлини оғзига яқинлаштирган ва бошини орқага ташлаган.

Сўнг у "мен заҳар ичдим", деб айтган.

Маҳкама раиси шу заҳоти суд жараёнини тўхтатган.

Шифокорлар чақирилган.

Орадан уч соатлар ўтиб генерал Слободан Пральяк оламдан ўтгани хабар қилинган.

Гаага трибунали хорват генерали ўлганини тасдиқлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002