Украина уруши: Гавжум савдо марказида портлаш, Зеленский йирик еттиликдан урушни тезроқ тугатишда ёрдам сўради Ukraina Rossiya yangilik

Сурат манбаси, Дмитрий Лунин
Украина Президенти Володимир Зеленский хабар қилишича, Россия ременчуг шаҳридаги одамлар билан гавжум савдо-кўнгилочар марказига ракета отган.
Ижтимоий тармоқларда "Амстор" маркази ичида ва ташқарисида олинган видео ва фотолар тарқалди.
Президент Зеленский ёзишича, ракета келиб урилган пайти бинода мингдан ортиқ одам бўлган.
"Савдо-кўнгилочар маркази аланга ичида қолган, ўт ўчирувчилар ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилаяптилар, қурбонларнинг сонини ҳатто тасаввур қилиб ҳам бўлмайди", деб ёзди Зеленский ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида.
"Ҳеч қандай стратагик қиммати йўқ. Одамларнинг нормал ҳаёт кечириш ҳаракати босқинчиларни шу қадар ғазаблантираяпти", - деб ёзди Украина президенти.
- Украина аскарлари Севередонецкдан чекинади, Россия Қозоғистоннинг тан олмаслик позициясини ҳурмат қилади ва босим ўтказмайди
- Украина уруши: Германия замбараклари Украинада, фақат "Азот" Украина назоратида
- НАТО урушга тайёгарлик кўряптими? Европа осмонида Россия ва НАТО самолётлари яқинлашди
- Путин ўзини Пётр I га қиёслади ва вазифаси Россия ерларини қайтариш эканини айтди
Полтава вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Дмитрий Лунин савдо-кўнгилочар марказининг ёнаётган фотосуратини эълон қилди.
Украина расмийлари ушбу ҳужумни кесқин қоралаб чиқдилар, Россияни террорист давлат, ҳужумни инсониятга қарши жиноят деб атадилар.
Ёнғинни ўчириш қийин кечаётгани, қутқарувчилар ҳодиса жойида ишлаётганлари хабар қилинмоқда, камида икки инсон ҳалок бўлгани, 20 киши яралангани ҳозирча аниқ бўлган.
Бундан олдин Германиядаги йирик еттилик саммити иштирокчиларига қилган мурожаатида Украина Президенти Володимир Зеленский урушни имкони борича йил охиригача тугатишга ёрдам беришга чақирди.

Сурат манбаси, AFP
Германиянинг Бавариясида АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, Франция, Япония, шунингдек, Европа Иттифоқи раҳбарлари учрашдилар, унда асосан, Украина уруши билан боғлиқ вазият муҳокама қилинди.
Президент Зеленский G7 раҳбарлари билан видео орқали мулоқот қилган.
У Украинага кўрсатилаётган ҳарбий ва молиявий ёрдамлар учун миннатдорлик билдирди.
Йирик еттилик раҳбарлари барча имконли йўллар билан Россиянинг даромадларини камайтиришга келишиб олдилар.
Россия олтинини сотиб олишга эмбарго киритишга қарор қилинган.
Шунингдек, G7 лик Россияга қарши жорий этилган санкцияларга бўйсунмаётган Ғарбдаги сиёсий кучлар ва компанияларга қарши курашга давом эттиришга ваъда бердилар.
Йирик еттилик раҳбарлари Россиянинг муҳим саноат ресурслари ва хизматлари, технологиялардан фойдаланиши йўлини тўсиш ниятида эканини билдирдилар.
28-30 июнь кунлари Мадридда НАТО саммити режаланган.
НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг айтишича, иттифоқ Россияни асосий таҳдид деб кўради ва тезкор бўлинмаларидаги ҳарбийларнинг сонини 40 мингдан 300 мингтагача кўпайтиришга қарор қилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















