Украина уруши: Ё овозингни ўчир, ёки қамаласан. Бугун Россияда ҳақиқатни гапирса нима бўлади? - Видео Rossiya Ukraina

A man detained during a unsanctioned protest rally at Manezhnaya Square in front of the Kremlin,

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Сара Рейнсфорд
    • Role, Би-би-сининг Шарқий Европа бўйича мухбири, Андриивка, Украина
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Россия босқинининг бошиданоқ украиналиклар учун бу, Владимир Путин таъкидлаганидек, Донбассни озод қилиш бўйича "махсус операция" эмаслиги аниқ эди. Бу тўлақонли уруш эди.

Лекин Россияда уни уруш деб аташ жиноят ҳисобланади.

Ўзингизга маълумки, "фейк хабарлар" қонуни бўйича аллақачон ўнлаб одамлар жиноий жавобгарликка тортилган. Улар Россия босқинига оид расмий фикрга қарши чиққанликлари ёки ҳарбийларни танқид қилганликлари учун 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинишлари мумкин.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бу Россияда цензуранинг кескин кучайишидир. Владимир Путин ўзининг йигирма йиллик ҳокимиятида мухолифларини йўқ қилди, сўз эркинлигини бўғди ва мустақил оммавий ахборот воситалари овозини ўчирди: Демократиянинг йўқотилиши Украинада ҳалокатли оқибатларга олиб келмоқда.

Владимир Кара-Мурза хавф ҳақида огоҳлантиришга ҳаракат қилди.

Март ойида АҚШда қилган чиқишида россиялик мухолифатчи Ғарб етакчиларини Путин билан муносабатларни доимий "қайта тиклаш"га интилаётганликда, ўз мамлакатларини ноҳалол топилган пуллар учун хавфсиз бошпана қилиб қўйганликда, Россияда эркинлик тобора камайиб бораётганига қарамай, вазиятга панжа орасидан қараганликда айблади.

Ҳибс қилиниб жаримага тортилишларини билсалар ҳам айрим россияликлар Украина урушига қарши норозилик намойишига чиқдилар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳибс қилиниб жаримага тортилишларини билсалар ҳам айрим россияликлар Украина урушига қарши норозилик намойишига чиқдилар

Уруш бошланганидан икки ҳафта ўтиб, Аризона Вакиллар палатасида Кара-Мурза: "Энди бутун дунё Путин режими Украинага нима қилаётганини кўриб турибди, - деди. - Туғруқхоналар, шифохоналар ва мактабларни бомбалаш. Ҳарбий жиноятлар. Бу уруш жиноятларидир".

Лекин Россияда ҳозир бундай сўзларни талаффуз қилиш ҳам жиноят ҳисобланади.

Унинг нутқидан бир ой ўтиб, жаноб Кара-Мурза Москвада полиция томонидан ҳибсга олинган ва кейинроқ рус ҳарбийлари ҳақида "ёлғон маълумот тарқатиш"да айбланган. У ҳамон ҳибсда. У бузганликда айбланаётган қонун босқиндан кўп ўтмай, март ойида қабул қилинган.

АҚШдаги маърузасида Украина урушини қоралагани учун Владимир Кара-Мурза ватанига қайтганидан кейин ҳибс қилинди

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, АҚШдаги маърузасида Украина урушини қоралагани учун Владимир Кара-Мурза ватанига қайтганидан кейин ҳибс қилинди

Айни пайтда Украина прокуратураси аллақачон 11 мингдан ортиқ эҳтимолий ҳарбий жиноятларни рўйхатга олган. Россиялик ҳарбий хизматчи судда тинч аҳолига қарата ўқ узганини тан олди. Би-би-си эса ўз далилларини тўплади, улар орасида рус ҳарбийлари икки тинч аҳолини отиб ўлдиргани тасвирланган видеокузатув камераларини ёзуви ҳам бор.

Андриивка вайроналари остидан одамларни қўлидан келганча қутқариш учун қайтиб келганларнинг гувоҳликлари кучлироқ.

Россия Украинага бостириб кирганида, кўп оилалар пойтахтдан узоқроқда хавфсизроқ бўлар деган хаёлда Киевдан қочиб, яқин атрофдаги қишлоқларга кетишди. Аммо улар бир неча ҳафта давомида совуқ ертўлаларда яшириниб яшади, ишғолчи аскарлар уларнинг ҳовлиларига танкларда кириб, боғларида хандақ қазишди.

Апрель ойида руслар кетганидан кейин қишлоқ оқсоқолининг сўзларига кўра, бу ерда 13 нафар аҳолининг жасади топилган.

"Уларнинг қўллари орқаларига боғланган ва бошларига ўқ узилган", дейди Анатолий Кибукевич. Кейин у барча қурбонларнинг исмини айтади.

Рус танклари Киевни ишғол этиш учун юриб ўтган йўл бўйлаб вайрона уйлар ҳосил бўлди: каравотларнинг металл қовурғалари, майдаланган ғишт уюмлари, қозон-товоқлар қоришиб ётибди. «Болалар!» ёки «Одамлар!» деб ёзилган, дарвозаларга илинган тахталар бомба парчаларига тўла.

Andriivka composite image
Сурат тагсўзи, Россия ҳарбийлари "Одам бор, бола бор" деган ёзувларга қарамасдан ўт очган ҳоллари кўп бўлди

"Ҳақиқат - режимнинг асосий душмани", дейди Владимирнинг рафиқаси Евгения Кара-Мурза, хавфсизлик нуқтаи назаридан у яшайдиган Вашингтондан. "Шунинг учун мен бу режим Россиядаги барча ўзгача фикрларни бостириш ва одамлар унини ўчириш учун ушбу қонундан фойдаланаётганига ишонаман".

"Ишончим комилки, Владимир хавф юқори эканлигини тушунган. Унга хавф доим юқори бўлган», дейди у эрининг ўтмишда икки марта заҳарланганини ва аранг тирик қолганини эслаб.

Аммо у Россияга қайтиб, ўз фикрларини билдиришда давом этди.

"У ортиқ ҳеч нарсадан қўрқмай қоладиганингиз вақт келади ва бошқаларга ҳам қўрқмаслик кераклигини уқтириш кераклигига ишонади".

Short presentational grey line
Лилия Яппарова Украина назоратидаги ҳудудлардан урушни ёритаётган кам сонли Россия журналистларидан бири бўлди
Сурат тагсўзи, Лилия Яппарова Украина назоратидаги ҳудудлардан урушни ёритаётган кам сонли Россия журналистларидан бири бўлди

Украинада уруш бошланганида, Лилия Яппарова уни ёритишни ўзининг маъсулияти деб билди.

"Мен ухлай олмадим, чунки одамлар ўлишни бошладилар ... ва мен у ерда бўлишим керак эди", дейди у менга Киевда.

У бир мунча вақт Украина назорати остидаги ҳудудларда ягона россиялик мухбир бўлди.

Ҳозир ҳам уларнинг учтаси бор - барчаси мустақил ОАВ вакиллари. Бу ҳарбий кийимда Украина шарқи бўйлаб кезиб юрган, рус аскарларини қўллаб-қувватлаш учун қўлларида Z белгиси туширилган тасма бўлган, Мариупол каби шаҳарларнинг «денацификацияси» ва "озод қилиниши" ҳақида гапирадиган Россия давлат телевидениеси мухбирлари билан солиштирганда жуда кичик контингент.

Яппарова ҳеч бўлмаганда мана шу мустаҳкам тарғибот деворини ёриб ўтмоқчи эди.

"Ҳозир мен учун муҳим бўлган ягона нарса - урушни тўхтатиш ва Россия халқи ҳақиқатда нима бўлаётганини кўришидир", дейди у.

Аммо бу Украина фронтида ишлаш хавфидан ташқари, алоҳида жанг.

Яппарова ёзадиган Meduza янгиликлар сайти Россияда деярли барча мустақил оммавий ахборот воситалари каби тақиқланган. Журналистлар ва оммавий ахборот воситалари "хорижий агентлар" деб эълон қилинди, "Facebook" ва бошқа ижтимоий тармоқлар блокланди.

Айни пайтда барча давлат телеканаллари Россиянинг "махсус операцияси"ни тўлиқ ёритишга ўтди.

"Ҳозирча биз ташвиқот урушида мағлуб бўлдик", деб тан олади Яппарова хоним, ҳатто ўзи танийдиган одамлар ҳам расмий йўналишни қандай қилиб ўзлаштираётгани ҳақида гапириб берди. Гарчи унга қарши имконият ниҳоятда юқори бўлса ҳам, у бунинг учун жавобгарликни ҳис қилади.

Ва энди у Украинадан ёзган ҳар бир сўзи - фуқароларнинг қатл этилиши, оммавий қабрлар, даҳшатли вайронагарчиликлар ҳақидаги ҳақиқий ҳикоялар - уни "фейк хабарлар" учун жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилишини билади.

"Мен бунга тайёрман. Кўзларимни юммайман. Мен бу қонун нима учунлигини биламан, - дейди журналист. - Аммо мен бу ерда бўлишим керак.»

Бироқ, бу унинг ташвишланишига тўсқинлик қилмайди.

"Доимий. Баъзида фактларни яшира олмаганим учун ёзиш менга оғриқли, лекин бунинг учун мени қамоққа ташлашадими? Ҳамма нарса бўлиши мумкин."

Short presentational grey line

Михаил Наки учун хавф аллақачон реал.

Ёш журналист урушдан олдин Россиянинг борган сари репрессивлашиб бораётган муҳитидан қочган.

Энди у ҳақиқатни гапиргани учун қидирилмоқда.

"Мен "махсус операция" ўрнига «уруш» сўзини ишлатганман, - дейди у ўзининг «жинояти» ҳақида Россия терговчилари тайёрлаган 91 саҳифалик баённома ҳақида. - Сизга қарши қандай қонун қўлланилишининг аҳамияти йўқ, бу фақат сизни жим қилиш учун".

Айблов унинг "YouTube" каналидаги рус танкларининг Запорожьедаги атом электр станциясини ўққа тутгани ҳақида гапирган эпизодга асосланади. Ҳодиса кенг қамровли қораланди, жумладан, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишида. Аммо Москванинг даъво қилишича, Украина кучларининг ўзлари ўт қўйган, Россияда бундан бошқача гапириш жиноятдир.

"Шундан кейин мен тушунган ягона нарса, мен қилаётган иш ҳақиқатан ҳам муҳимлигидир, - дейди Наки ўзига қарши очилган жиноят иши ҳақида. - Мен ўзимга савол берардим: урушни тўхтатишда менинг ишим қанчалик муҳим? Энди мен бу иш маъқул эканлигини кўряпман."

UK team in Andriivka
Сурат тагсўзи, БМТ тергов гуруҳи Андриивка қишлоғида уруш жиноятлари ҳақидаги гувоҳликларни тўпламоқда

Бу урушнинг хавф-хатарлари ва оқибатлари украиналиклар учун каттароқдир, буни вайрон бўлган Андреевканинг ҳар бир сантиметри тасдиқлайди.

"Биз жуда кўп нарсаларни бошдан кечирдик. Қўрқув ва даҳшат", дейди Алина Петровна ўғли уларнинг уйлари томида оғир артиллериянинг зарба тўлқинлари ортидан пайдо бўлган тешикларни брезент билан ёпаётганда. Рус қўшинлари унинг қишлоғини эгаллаб олгандан сўнг, кекса аёл 29 кун давомида оилавий омбор ертўласида яшади. У қўрқиб қолган.

Олд эшикда ўқ тешиклари бор, улар орқали аскарлар уларни талон-тарож қилиш учун яширинча киришган. Улар бузмаган ягона нарса унинг иконалари эди.

"Рус халқи келиб, бизга нима қилганларини кўрсин!" Унинг кўзлари ғазаб ёшларига тўлади. "Қўрқув ва даҳшат", деб такрорлайди у.

Аммо Россияда кўпчилик бундай азоб-уқубатларни ҳеч қачон эшитмайди. Чунки Владимир Путин нафақат Россиянинг қўшниси билан уруш бошлади, балки ҳақиқатга қарши уруш эълон қилди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek