Украина уруши: ўнлаб россияликлар уруш жиноятларида айбланмоқда Ukraina Rossiya

Сурат манбаси, Reuters
Украина ҳуқуқ-тартибот органлари мамлакат ҳудудида уруш жиноятларини содир этган 600 нафардан ортиқ Россия фуқаросини аниқлади, улардан 80 часига қарши жиноят иши қўзғатилиб, тергов давом этаяпти, деди Украина Бош Прокурори Ирина Венедиктова.
Украина бош прокурори шу кунларда Гаагага келган.
Ирина Венедиктова Халқаро Жиноят суди вакиллари ва бошқа расмийлар билан Украина ҳудудида содир этилган уруш жиноятлари билан боғлиқ масалаларни муҳокама этмоқда.
Гаагада Украина бош прокурори матбуот анжумани ташкил этган.
Матбуот анжуманида Венедиктова хоним айтишича, гумондорлар рўйхатига юқори лавозимдаги Россия ҳарбийлари, сиёсатчилари ва пропагандачилари киритилган.
Шу куни Украина суди икки Россия замбаракчисини 11,5 йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этди.
Александр Бобикин ва Александр Иванов Харковдаги тинч аҳоли иншоотларини "Град" артиллерия тизимидан ҳужумга тутиб, уруш жиноятлари содир этганлари айбларини бўйнига олдилар.
Бундан олдин Россия армияси сержанти Вадим Шишимарин 62 ёшли қуролсиз Украина фуқаросини йўл четида мобиль телефонда сўзлашиб кетаётган пайти отиб ўлдириш билан уруш жинояти содир этганликда айбдор деб топилди ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди.

Сурат манбаси, Suspilne Poltava
Россия қўшинлари шу йил 24 февраль куни Украина ҳудудига бостириб кирди.
Россия ўзининг мақсади Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш эканини айтди, уруш бошидан буён юқори аниқликдаги қуроллар билан ҳарбий нишонларга ҳужум қилаяпмиз, дейди.
Бироқ урушнинг биринчи кунларидан снаряд ва ракеталар одамлар яшайдиган уйлар, кўп қаватли турар-жой бинолари, шифохоналар, мактабларни портлатди, Россия кунпаякун қилиб уруш олиб бориши исботланди.
Киев яқинидаги Буча ва Ирпень шаҳарларида, Киев вилоятида қуролсиз тинч фуқаролар қатл этилгани фош бўлди.
Россия авиацияси Бородянка шаҳарчасидаги кўп қаватли турар-жой биноларини авиация бомбалари билан вайрон этгани оқибатида ертўлада жон сақлаётган ўнлаб тинч фуқаролар тириклайин кўмилдилар.
Қора денгиз соҳилидаги стратегик муҳим Мариуполь шаҳри деярли ер билан текисланди, шаҳар кўчалари қабристонга айланди.
Россия уруш жиноятлари содир этаётгани хабарлари март ойининг бошиданоқ тарқалди.
Халқаро Жиноят суди асосий прокурори Карим Хон Украинага борди ва бутун мамлакат ҳудуди "жиноят жойи"га айланипти, деб айтди.
Россия Украина ҳудудида уруш жиноятлари содир этаётганини рад этади, аммо бирор исбот-далил келтиролмайди.
Дунёнинг қатор мамлакатлари ўзларининг ҳудудида содир этилмаган бўлса ҳам жиноятчиларни жавобгарликка тортишга имкон берадиган қонунларни қабул қилди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













