Украина учун иккинчи фронт - Россия уруш жиноятлари қилганми? Ukraina Rossiya

- Author, Марк Лоуэн
- Role, BBC News, Буча ва Бородянка
Украина нафақат жанг майдонида, балки ҳуқуқий майдонда ҳам Россия тажовузига қарши курашмоқда.
Бу вайрон бўлган мамлакатда ўқ овози тингандан кейингина эришиш мумкин бўлган мақсад - адолат қарор топиши учун гувоҳлик ва далиллар тўпланмоқда.
Бу ишга Украина Бош Прокурори Ирина Венедиктова етакчилик қилмоқда, у икки йил аввал бу лавозимга биринчи тайинланган аёл бўлганди.
Бу ҳафта у Буча шаҳридаги олтин гумбазли черков остидаги яна бир оммавий қабрни очиш ишларини назорат қилди, у ерда энг оғир жиноятлар яширин эди - бу сафар 10 нафар қурбон, баъзилари бутунлай ёниб кетган. Уларнинг қолдиқлари жасад қопларига солинган ва шахсини аниқлаш учун олиб чиқилган.
Чуқурнинг четида туриб, у менга уруш жиноятлари бўйича 6000 дан ортиқ иш очилганини айтди.
"Кўпчилик Украина халқининг геноцид қилиниши ҳақида гапиради ва бизда геноцид ҳақида гапиришга асос бор, - дейди у. - Владимир Путин Украинада тинч аҳолини ўлдираётган тажовузкор давлатнинг президенти. У жавобгардир."
Кремль бу каби айбловларни рад этишда давом этмоқда.

Прокуратуранинг вазифаси Россия давлатининг тепасидагилар ва Украинадаги ваҳшийликлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқани кўрсатиш ва улар шунчаки содир этилган эмас, балки буйруқ берилганини асослаб беришдан иборат бўлади.
Россия Гаагадаги Халқаро Жиноят судининг (ХЖС) аъзоси эмас, 2016 йилда ундан чиққан.
Аслида, Украина ҳам аъзо эмас, аммо у ўз ҳудудида содир этилган жиноятларга нисбатан суднинг юрисдикциясини тан олади.
Президент Путиннинг ўзини судда кўриш эҳтимоли жуда паст деб ҳисобланади.
Аммо Венедиктова хоним бу унинг ҳукуматининг асосий мақсади эканини таъкидлайди. "Бу нафақат украиналиклар учун, - дейди у, - бутун дунё учун диктаторларни тўхтатиш жуда муҳим".
Украина давлатининг саъй-ҳаракатларига мамлакат бўйлаб жойлаштирилган кўнгилли суриштирувчилар тармоғи ёрдам бермоқда.
Улар орасида "Truth Hounds" нодавлат ташкилоти ҳам бор, унинг ходимлари ХЖСнинг собиқ прокурорлари томонидан ўқитилган.

Биз уларнинг ортидан Киевдан 50 километр шимоли-ғарбда, бир ой давом этган ҳужум ва ишғол натижасида вайрон бўлган Бородянка шаҳригача бордик.
Вайронагарчилик жуда катта. Турар-жой бинолари вайрон қилинган ёки портлатилган. Бутун кўчалар вайронага айланган. Шиша парчалари ва букилган металл харобалари орасида халқаро конвенция томонидан қўлланилиши тақиқланган кассетали бомба қолдиқлари ҳам бор.
"Truth Hounds" гуруҳидан Роман Ковалнинг айтишича, улар руслар бу ерни назорат қилиб турган пайтда биноларга ҳужум қилишни буюрганликлари ҳақида гувоҳларнинг маълумотларини тўплашган.
"Улар бу шаҳарда фақат тинч аҳоли қолганини, унда ҳеч қандай жангчи қолмаганини билишган ва уни ер билан яксон қилишга ҳаракат қилишган", дейди у.
Унинг қўшимча қилишича, суриштирувчиларнинг иши ҳужумларни ҳужжатлаштиришдан ташқари ҳақиқатни аниқлашдир.
"Биз Россиянинг Украинадаги уруш ҳақида ёлғон ҳикояларини уйдиришига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқдамиз, - деди у. - Биз одамларга рус қўшинлари томонидан содир этилган ҳарбий жиноятлар нафақат Буча ёки Бородянкада, балки бутун босиб олинган ҳудудларда учрашини кўрсатишга ҳаракат қилмоқдамиз."
У Оксана ва Никола Лабанинг ҳаво ҳужуми зарбаси туфайли вайрон бўлган хонадонининг харобалари орасидан ўтди. Унинг катта қисми вайроналарга айланган.

У вайроналар орасидан ўтиб, уларнинг гувоҳликларини тинглаб, ёзиб олди. Одам ўтириши мумкин бўлган ҳар қандай жойда синган шиша парчалари тўпланиб қолган. Россияга қарши уруш жиноятлари бўйича иш каттариб борар экан, бу тафсилолтлар марказий маълумотлар базасига бориб тушади.
Оксана онаси ҳаво ҳужумидан бироз олдин қандай қилиб қочишга муваффақ бўлганини айтиб берди.
"Уйимиз шинамгина эди, у ерда биз болаларимизнинг туғилган кунини режалаштирган эдик, - деб эслайди у. - Бизнинг даҳшатимизни тасвирлаш қийин - бу кўпроқ нафратга ўхшайди."
Бу ерда бўлган ишларни айтиб бериш айбдорлар жиноий жавобгарликка тортилишига умид уйғотади.
"Нима бўлганини айтиш жуда муҳим, - дейди Оксана, - чунки бу шунчаки ҳарбий жиноятлар эмас: Россия бизнинг мамлакатимизни вайрон қилмагунча тўхтамайди".
Ташқаридаги чандиқли кўчада уйлар вайроналарини ва бир вақтлар бахтли ҳаётларни тозалашни бошладилар. Украиналиклар жуда қадрлаган эркинлик ва хавфсизлик йўқ қилинди.
Аммо уларга бу мамлакатни вайрон қилганлар жазоланишини кўришга бўлган умид тасалли беради.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













