Украина: Сателлит суратларда Мариупол яқинида қазилган оммавий қабрлар акс этган

Сурат манбаси, Maxar
АҚШда фаолият юритувчи сунъий йўлдош компанияси Украинадаги Мариупол шаҳри яқинида 200тача қабрлардан ташкил топган оммавий дафн ҳудудини аниқлаганини айтмоқда. Мариуполни Россия қўшинлари бир неча ҳафтадирки ишғол қилишга уринишмоқда.
Maxar компаниясига кўра, улардаги суратлар март ойи охирида пайдо бўлган қабрлар ҳудудининг кенгайганини кўрсатади.
Маҳаллий украин расмийлари Россия қўшинларини ўша ерда уларнинг ўқларидан ўлган оддий мариуполликларни оммавий кўмишда айблашган.
Москва бу айбловларга жавоб бермади.
Ҳафталаб давом этаётган бомбардимон ва жанглар ортидан Россия қўшинлари Мариуполнинг аксар қисмини эгаллашган, аммо украин армиясининг бир қисми шаҳардаги пўлат корхонаси ҳудудида қамалда қоляпти. Президент Путин "Азовстал"ни ишғол қилиш қарорини бекор қилиб, уни ўраб олишни буюрган.
Даъво қилинаётган оммавий қабрлар Мариуполнинг ғарбида, ундан 20 чақирим масофадаги Манхуш қишлоғи яқинида. Maxar айтишича, у ерда 85 метрлик тўрт қатор пайдо бўлган.
Би-би-си бу суратларни мустақил манбалардан тасдиқлагани йўқ.

Аввалроқ Мариупол шаҳри ҳокимлиги россияликларни айнан шу ерда оддий аҳоли вакилларини кўмишда айблаб баёнот чиқарганди.
Ҳокимликка кўра, россияликлар хандақлар қазиб, уларга ташлаш учун жасадларни юк машиналарда олиб келишган. Улар ўзлари ҳаводан олган суратларда бу норасмий мозор яқин орадаги қабристондан ҳам икки баравар катта экани кўринганини айтишган.
Мариупол ҳокими Вадим Бойченкога кўра, Мариуполда ўн минглаб оддий одамлар нобуд бўлган бўлиши мумкин.
Украина ва унинг Ғарб иттифоқчиларининг Россия қўшинлари ва Кремль оддий фуқароларнинг оммавий қирилишига масъул деган айбловларини Москва қайта-қайта рад этган.
Шу ой бошида Киев ташқарисидаги Буча шаҳрида Maxar олган суратларда Россия қўшинлари у ердан чиқиб кетишидан икки ҳафта олдин оддий одамлар жасадлари кўчаларда ётгани акс этган.
19 мартда олинган, илк марта New York Times да чоп этилган ва Би-би-си ҳаққонийлигини тасдиқлаган сурат Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг бу жасадлар сурати россияликлар чиқиб кетганидан кейин "саҳналаштирилган" деган даъвосига зид бўлган.
Буча ҳокими Анатолий Федорюк шаҳарда камида 300 оддий фуқаро ўлдирилганини айтган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












