Ҳиндистон Қутб Минор: яна бир Исломий обида тақдири хавф остидами?

Қутб минор

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Қутб Минор

Деҳли сарҳадларида бўй чўзиб турган 73 метрлик Қутб Минор пойтахтнинг ажойиб ёдгорлиги ва рамзларидан ҳисобланади.

Энди Ҳиндистон маҳкамаси ушбу мажмуадаги минорани ўраб турган ва асрлар олдин бузиб ташланган ҳинд ибодатхоналари тикланиши керакми, деган саволга жавоб беради.

Жаҳон мероси бўлмиш ушбу объект 1192 йили ҳиндлар устидан ғалаба қозониб, Деҳлининг биринчи султони бўлган Қутбиддин Ойбек томонидан зафар минораси сифатида қурдирилган.

Қизғиш қумдан кўтарилган ёдгорлик мамлакатдаги мусулмонларнинг илк обидаларидан ҳисобланади.

У кейинчалик уч ворис томонидан яна баландроқ кўтарилган ва таъмирланган. Ҳозир унинг баландлиги 5 қаватни ташкил қилади ва тепага 379 та зина орқали кўтарилиш мумкин.

Ҳинду ўнг қанотчилар Қутб мажмуаси олдида намойиш қилмоқда

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳинду ўнг қанотчилар Қутб минор мажмуаси олдида намойиш қилмоқда

Тарихчи Виллиам Далримплнинг таъкидлашича, "Деҳлининг Аравалли тепаликлари ёнбағрида чўзилган телескоп каби қурилган Қутб Минор, оёғи етиб келганликнинг манман ва зафарона баёноти эди".

Минорага туташиб кетган мажмуанинг мураккаб тарихи бор.

Бу ерда жойлашган 27 та ҳинду ва жайн ибодатхоналари ўша вақти бузиб ташланган ва бино қолдиқлари Деҳлидаги илк масжид қурилишида ишлатилган.

Мажмуа ичидаги бинолар ҳинду ва мусулмон нақшлари билан безатилган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Мажмуа ичидаги бинолар ҳинду ва мусулмон нақшлари билан безатилган

Ушбу ибодатхоналардан бирининг асосий биноси бузилмаган. Балки тарихчи ЖА Пейжнинг 1926 йилда ёзишича, қисмлардан барпо бўлган масжид биносига қўшиб юборилган.

Орадан 8 асрдан кўпроқ вақт ўтиб, Ҳиндистон маҳкамаси мажмуадаги 27 та ибодатхонани тиклаш масаласини кўриб чиқмоқда.

Ўтган йилнинг ноябр ойида фуқаролик суди Ҳиндистон бир нечта сулолалар томонидан юритилгани ва ўтмишда қилинган хатолар "айни замондаги ва келажакдаги тинчлигимизни бузишга асос бўлмаслиги керак" деган важ билан мурожаатни рад қилганди.

Мурожаатчилар маҳкама қарори юзасидан Олий судга шикоят қилган.

"Бу ерда ибодатхоналар масжиддан анча олдин бўлган, улар нима учун қайта тикланмаслиги керак", дейди Хари Шанкар Жан.

Археологлар федерал қонунлар ҳимоясига олинган ёдгорлик ҳақида аниқ фикрга эга.

Минора

Сурат манбаси, Getty Images

Уларнинг айтишича, минора мажмуаси қурилишини ортга қайтариб бўлмайди ва у музлатилган.

Бироқ ҳиндулар томонидан кўтарилиб чиқилаётган бу каби баҳслар Варанаси ва Матура шаҳарларидаги хинду ибодатхоналари устига қурилган масжидлар борасида ҳам авж олмоқда.

Мусулмон подшоҳлари 12 аср сўнггидан, ҳинд шоҳлари 7 асрдан бошлаб, душман қарамоғида бўлган ибодатхоналарни талаган, бузган ёки қайта қурган дейди тарихчилар.

"Ҳар бир раҳбар йирик диний рамзларни бузиш орқали ўз сиёсий ҳукмронлиги ва империяси қудратига тамға уришга ҳаракат қилган. Барча ибодатхоналар бузилмаган, фақат сиёсий аҳамиятга эгалари бузилган", дейди тарихчи Рана Сафви.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek