Кобулдаги қонли ҳужум: АҚШ битта ҳам ҳарбийсини жазоламайди Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Dron hujumi

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Текширув қонун бузилиши, янглиш хатти-ҳаракат ёки бепарволик далиллари топилмагани боис, интизомий жазога ҳожат йўқ, деб топган

АҚШ ҳарбийларининг Кобулдаги дрон ҳужуми бир оиланинг 10 аъзосини ўлдирганди.

Пентагон ўзининг якуний қарорини эълон қилди.

Мазкур ҳужум юзасидан ҳеч кимни жазоламаслигини айтди.

Толибон муваққат ҳукумати бу хусусда ҳозирча жим.

Алоқадор мавзулар:

Янглиш дрон ҳужуми

Вайрон қилинган машина
Сурат тагсўзи, Қурбонлар яқинлари уларнинг ИШИДга ҳеч бир алоқаси бўлмаганини айтишганди

Қонли ҳодиса шу йилнинг август ойида, Толибон қудратга қайтган ва АҚШ бошчилигидаги сўнгги иттифоқ кучлари ҳам мамлакатни тарк этаётган бир пайтда юз берган.

Америкаликларнинг дрон ҳужумида маҳаллий ёрдам ходими ва унинг тўққиз нафар оила аъзоси ҳалок бўлган.

Ўшанда қурбонларнинг аксарияти болалар экани айтилганди.

Америка истиҳборати ўлдирилган эркакка тегишли машинанинг ИШИД Хуросон қанотига алоқаси бор, деб ўйлаган.

Аммо дрон ҳужуми ортидан АҚШ Марказий Қўмондонлиги генерали Кеннет Маккензи бунинг "фожеали хато" бўлганини тан олган.

Олий даражадаги текширув

C17 Кобул халқаро аэропортини тарк этмоқда

Сурат манбаси, Getty Images

Юз берган воқеа юзасидан юқори даражадаги ички текширув ўтказилган, унинг натижаси ўтган ой эълон қилинган.

Текширув қонун бузилиши, янглиш хатти-ҳаракат ёки бепарволик далиллари топилмагани боис, интизомий жазога ҳожат йўқ, деб топган.

Американинг қатор оммавий ахборот воситаларига кўра, текширув хулосаси кеча душанба куни Мудофаа вазири Ллойд Остин томонидан маъқулланган.

Дрон ҳужуми эса, худкуш ҳужумчи Кобул халқаро аэропорти ташқарисида икки юзга яқин одамни ўлдиришидан қисқа вақт ўтмай амалга оширилган.

Ўшанда худкушлик ҳужуми ўндан ортиқ АҚШ ҳарбийсини ҳам ўлдирган.

Ҳужум ортидан иккинчи портлаш ҳам юз берган, америкалик масъуллар ўша пайтда буни кўмак ходими машинасида портловчи моддалар бўлгани далолати, деб айтишган.

Аммо текширув сўнгги портлашга катта эҳтимол билан автомобиль йўлидаги пропан баки сабаб бўлган, деган тўхтамга келган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek