Саакашвилининг аҳволи оғир, "ўлиши мумкин" – хавотирлар кучаймоқда - Putin Gruziya dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, AFP
Очлик эълон қилган ва қамоқда қолаётган Грузия собиқ президенти комага тушиши ёки ўлиши мумкин. Уни сўнгги бор текширган мустақил шифокорлар худди шундай тўхтамга келишди.
Шифокорлар уни сешанба куни текширишган.
Ўз текширувлари ортидан Михаил Саакашвилини зудлик билан ташқаридаги касалхонага ўтказиш зарурлигини айтишган.
Грузия собиқ президентининг очлик эълон қилганига яқинда икки ой бўлади.
Муҳим воқеълик:
Алоқадор мавзулар:
Қайтиш, ҳибс ва очлик
Саакашвили сўнгги йилларда Украинада яшаб, фаолият юритиб келган.
Аммо шу йил сентябрь ойида Грузияга яширинча қайтган.
1 октябрь куни эса, грузиялик масъуллар томонидан қўлга олинган.
У бунгача Грузияда бир қанча айбловлар бўйича айбланган.
Айбловларнинг иккитаси бўйича айбдор, деб топилган, сиртдан 6 йилга ҳукм ҳам қилинган.
Михаил Саакашвили ўзига нисбатан таъқиблар сиёсий важларга асосланганини айтган.
Грузия собиқ президенти бунга жавобан ҳибсга олиниши биланоқ очлик эълон қилган.
Шифокорлар хулосаси

Сурат манбаси, SPECIAL PENITENTIARY SERVICE OF GEORGIA
Грузия собиқ президенти пойтахт Тбилисидаги қамоқхонада сақланаётир.
Мустақил шифокорлар Грузиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсмани ҳомийлиги остида иш тутишган.
Уларга кўра, бу қамоқхонада аҳволи оғирлашган тақдирда, Сааакашвилига лозим тиббий муолажа кўрсатишнинг иложи ва имкони йўқ.
Маълум бўлишича, Грузия собиқ президентида бир қанча хавфли касалликлар аниқланган.
Шифокорлар бу хасталиклар сирасида верник энсефалопатияси (В1 витамини етишмовчилиги билан боғлиқ неврологик мия касаллиги), гипокалемия (организмда калий танқислиги) ва талассемияни (гемоглобин оқсили тузилишининг бузилиши) ҳам тилга олишган.
Улар, шунингдек, Грузия собиқ президентида ошқозон-ичакдан қон кетиш эҳтимолини юқори, деб баҳолашган.
Бу ташхисларнинг оқибатлари кома ёки ўлимга олиб келувчи аритмия бўлиши мумкин, деган хулосага келишган.
Аммо, шифокорларга кўра, ҳозирча Михиал Саакашвилини жонлантириш бўлимига ўтказишнинг ҳожати йўқ.
Мустақил шифкорларнинг хулосаларини грузиялик масъуллар тан олишмаган.
Улар Михаил Саакашвилининг ҳаёти хавф остида эмаслигини иддао қилишган.
Қамоқхона ҳаёти ва хавотирлар

Сурат манбаси, facebook.com/SaakashviliMikheil
Грузия Жазони ижро этиш хизмати ўтган ҳафта Грузия собиқ президенти билан боғлиқ кадрларни эълон қилган.
Уларда Саакашвилининг қандай очлик эълон қилгани ва қамоқхона касалхонасига мажбуран ўтказилгани акс этган.
Саакашвилининг адвокатлари эълон қилинган кадрлардан ўз хавотирларини билдиришган.
Улар Грузиянинг учинчи президентига нисбатан ғайриинсоний муносабатда бўлинаётгани ва қамоқхона шифохонаси унинг учун хавфли экани ҳақидаги баёнотларини тасдиқлашини таъкидлашган.
Саакашвили Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди чақирувига қулоқ солиш ва очлигини тўхтатишга тайёрлигини айтган.
Аммо бунинг учун ўзининг Глдани қамоқхонасидан кўчирилишини талаб қилган.
Грузия собиқ президенти бу қамоқхонада ўзини хавфсиз ҳис қилмаётганини таъкидлаган.
Михаил Саакашвили, шунингдек, мустақил тиббий кенгаш тузилишига эришмоқчи.
Агар, очликни тўхтатса, ўзининг айнан қайси клиникаларда реабилитация қилинишини билмоқчи.
Бироқ унинг бу талаблари бажарилмади ва Саакашвили ҳамон очлик эълон қилмоқда.

Сурат манбаси, Reuters
Минглаб одам Саакашвилининг қўйиб юборилишини талаб қилишмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













