Польша чегарасига мигрантларни Путин ҳайдаяптими? Видео Rossiya Putin yangiliklar

Сурат манбаси, Shwan Kurd
Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий мамлакатининг Беларус билан чегарасида мигрантлар инқирози келиб чиқишида Россия Президенти Владимир Путинни айблади.
Бош вазир Матеуш Моравецкий сўзларига кўра, инқирозни Путиннинг яқин иттифоқчиси бўлган Беларуснинг авторитар раҳбари Александр Лукашенко ташкиллаштираяпти, лекин унинг "илҳомчиси Москва".
Камида 2000 мигрант Беларусь-Польша чегарасида "қамалиб қолдилар", ҳаво ҳарорати кескин совиган аёзли кунларда улар жуда оғир аҳволда қолмоқдалар.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Беларусь Президенти Александр Лукашенко Европа Иттифоқининг ўзига қарши жорий этган санкциялари учун ўч олиш мақсадида мигрантларни чегарага ҳайдаяпти, деган даъволарни рад этади.

Сурат манбаси, Polish Defence Ministry
Чегарада тасвирга олинган видео кадрларда чегаранинг Беларусь тарафида кўп сонли оломон тўпланганини кўриш мумкин. Польша ҳудудини тиканли симли чегара девори ажратган. Мигрантлар тикан симларни қайчи билан қирқишга, девор устига хода ташлаб, Польша тарафга ўтишга ҳаракат қилаётганлари, Польша ҳарбийлари эса кўздан ёш сиздирадиган газ сепиш билан уларни чегарадан узоқлаштиришга ҳаракат қилаётганлари кузатилади.
Яқин Шарқ, Осиё ва Африка мамлакатларидан борган мигрантларнинг аксари ёш йигитлар, бироқ ораларида болалар, кексалар ва аёллар ҳам бор.
Тунда ҳаво ҳарорати ноль даражадан пасайиб кетган, совуқдан охирги ҳафталарда бир неча инсон оламдан ўтгани хабарлари тарқалди.
Чегарадаги вазиятни бориб ўрганган ва у ерга жойлаштирилган ҳарбийлар билан учрашганидан кейин парламентнинг фавқулодда мажлисида гапирган Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий шундай деган: "Лукашенко ташкиллаштирган бу ҳужумнинг илҳомчиси Москвада, илҳомчиси Президент Путин".
Бош вазир Моравецкий Россия ва Беларусь президентларини муҳожирларни Беларусдан ўтишларига русхат бериш билан Европа Иттифоқидаги вазиятни беқарорлаштиришга уринишда айблади.
Польша бош вазири сўзларига кўра, бу "янги турдаги уруш бўлиб, бу урушда одамлар тирик қалқон сифатида ишлатилаяпти".
"Польша Европа Иттифоқида тартибсизликни келтириб чиқариш мақсадида ташкиллаштирилган саҳна ўйини билан рўпара келаяпти", деган Моравецкий.
Беларусь билан чегарасига қўшинларини жойлаштирган Польша ўртада "қуролли тўқнашув" келиб чиқишидан огоҳлантирмоқда, Беларусь бундай тўқнашувни келтириб чиқаришидан чўчиётганини айтмоқда.
Охирги ойларда Европа Иттифоқининг аъзоси бўлган Польша, Литва ва Латвияга Беларусдан ноқонуний ўтаётган мигрантларнинг сони кескин кўпайди.
10 ноябрь кечки соат 12 дан Литва Беларусь билан чегарасида фавқулодда вазият эълон қилди.
Энг кўп муҳожирлар Польшанинг Беларусь билан чегарасидаги Кужница чегара пости атрофига бормоқда.

Польшани бошпана излаш бўйича халқаро қонунчиликни инкор этиб, мигрантларни Беларусга қайта қувиб солаётганликда айбламоқдалар.
Мигрантлар йиғилган жойларга журналистлар ва кўмак ташкилотлари ходимларининг киришларига рухсат берилмаяпти.
"Бизни бирор жойга боришимизга рухсат беришмаяпти, на Беларусга, на Польшага" деб айтган Би-би-си билан видео қўнғироқ сўзлашувида 33 ёшли, асли ироқлик Шван Курд.
Унинг айтишича, ноябрь ойнинг бошида пойтахт Бағдоддан Минскка учиб борган ва ҳозир Польшанинг тикан симли чегарасидан бир неча метр нарида ясалган қўлбола лагерда яшамоқда.
"Бу ердан қочиб чиқиб кетишнинг имкони йўқ. Польша бизнинг киришимизга изн бермаяпти. Ҳар тун вертолётлар учиб юради. Бизни ухлагани қўймайди. Биз роса оч қолдик. Бу ерда сув ҳам, егулик ҳам йўқ. Бу ерда болалар, кекса чоллар, аёллар ва оилалар бор", деб айтган Шван Курд.

Сурат манбаси, Shwan Kurd
Европа Иттифоқи, НАТО ва АҚШ Беларусни мигрантлар оқимини атайин ташкиллаштиришда айблаб чиқдилар. Европа Комиссияси Президент Лукашенкони мигрантларни ЕИга киритиб қўйиш ёлғон ваъдалари билан жалб қилишда айблади, бу "ноинсоний, гангстерларга хос ёндашув" деб таъриф берди.
Брюссел баёнотича, Лукашенконинг ушбу амаллари Европа Иттифоқининг ўзига нисбатан жорий этган санкциялари учун қасосдир. ЕИ кенг сохталаштирилган президентлик сайлови ва сайловдан кейин ташкиллаштирилган оммавий норозилик намойишларини шафқатсизлик билан бостиргани учун расмий Минскка қарши жазо чоралари киритди.
Аксар таҳлилчилар фикрича, мигрантлар Беларусь ва унинг ЕИдаги қўшнилари ўртасидаги сиёсий ўйинда "пиёда" сифатида фойдаланилмоқда.
Литва
Литва ҳам Беларусь билан чегарасига армиясини жойлаштирди, бу агар мигрантлар оқими кўпаядиган бўлса, эҳтиёт чораси эканини билдирди. Литва ҳукумати сешанбадан чоршанбага ўтар кечаси эълон қилинган чегарадаги фавқулодда вазиятни эҳтиёт чораси эканини айтмоқда.
Беларусдан Литва ҳудудига ноқонуний ўтган йигирматача мигрант қўлга олинган, Литва уларни террорчилик ташкилотига аъзоликда гумон қилаётганини маълум этди, Ички ишлар вазири ўринбосари Кестутис Лансинскас Би-би-сига.
Жаноб Лансинскас сўзларига кўра, мигрантлар тўхтатилиб, ҳужжат сўралганида, аксарининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари сохта бўлиб чиққан. "Биз уларнинг кимлигини текшираяпмиз", деган вазир ўринбосари.
У мигрантларнинг қайси террорчилик ташкилотига аъзоликда гумон қилаётганлари ва улар қаерда қўлга олинганларини очиқламаган.
"Катта сондаги одамлар чегарани кесиб ўтаётганида доим муайян даражадаги таҳдид бўлади", деб айтди Кестутис Лансинскас.
"Барча аъзо давлатларда терроризм таҳдиди даражаси бор. Бизнинг жосуслик хизматларимиз бу турдаги фаолият олдини олишда катта ютуқларга эришаяпти", деган Литва Ички ишлар вазири ўринбосари.
Беларусь нима дейди?
Беларусь давлат ахборот агентлигига интервью берган Президент Лукашенко можарога Россияни ҳам аралашишга мажбур этадиган чегарадаги ҳарбий кескинлашиш олдини олишни исташини айтди.
"Мен ақлдан озган одам эмасман", "лекин биз ҳеч кимнинг олдида тиз чўкмаймиз", деб айтган Беларусь президенти.
Беларусь Мудофаа вазирлиги чегарага минглаб сондаги қўшин жойлаштириш билан Варшавани икки давлат ўртасида имзоланган келишувни бузишда айблаб чиқди.
"Мигрантлар қонуний келишаяпти, биз меҳмондўст мамлакат сифатида иш кўраяпмиз, холос", дейди Беларусь.
Россия Беларусни "чегарадаги можарога масъулиятлилик билан муносабат қилаётгани учун" олқишлашини айтган, вазиятни яқиндан кузатиб бораётганини билдирмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















