Лукашенко нега Беларус мухолифатини синдира олмаяпти? Belarus Lukashenko

Сурат манбаси, AFP
- Author, Сара Рейнсфорд
- Role, BBC News
Мария Колесникова фақат ҳар кунги бир соатлик машқлар учун ташқарига чиққанини ҳисобга олмаса, ўтган ўн бир ойни тор камерада ўтказди. Аммо мухолифатчи фаол суд залига олиб келинганда, у рақсга тушиб кетди.
Ҳаммаслаги Максим Знак билан уни миллий хавфсизликка таҳдид деб эълон қилишди ва ҳокимиятни босиб олишга уринишда айблашди.
Аммо уларнинг суди бошланар экан, Мария Колесникова саркаш бир шодонлик билан ТВ камераларига жилмайиб қарар, қўриқчилар ўраб турган темир қафас ичида қўллари билан ҳавода юракча чизиб кўрсатарди.
Суд тингловидан олдин, Максим Знак Би-би-сига ўзининг айбсизлигини айтди ва хавфсизлик баҳонаси билан судни ёпиқ ўтказиш буни тасдиғидир деб таъкидлади.
"Мен ҳеч нарса қилмадим, - деб ёзди у қамоқдан туриб берган эксклюзив интервюсида. - Жиноий деб айтилаётган оммавий чақирувларни (ҳатто менинг ўзимдан ҳам) яширишлари сабаби шуки - бундай иш бўлмаган", дейди жаноб Знак.
Улар ўтган йили Беларусда кенг миқёсли норозилик намойишларига сабаб бўлган баҳсли президентлик сайловларидан сўнг судланаётган энг муҳим шахслардандир. Бир йил ўтиб, авторитар Президент Александр Лукашенко Ғарб санкциялари, ҳатто айримлар айтгандек, Россия санкциялари остида ҳамон қудратда қолмоқда. Кўчалар эса намойишчилардан тозаланмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Минск суди ташқарисида, ичкари кираверишни тўсиб қўйган полиция тўсиқлари олдида уларнинг дўстлари ва оила аъзолари тўпланган. Фуқаролик кийимидаги полиция ходимлари яқин атрофдаги машиналарда ўтиришибди, аммо омончилар кўзга ташланмайди. Расмийлар оломон тўпланишини кутишмагани аниқ.
Мария Колесникованинг отаси қизига гуллар олиб келган. Ичкарига ҳеч ким киритилмаётгани боис, унинг адвокати орқали гулларни бериб юборишига тўғри келди.
Режим тарафдори бўлган бир блогер Александрни одам кам тўпланганини кўрсатиб, калака қилади.
"Бу ерда ҳеч ким йўқ, Мария ҳеч кимга қизиқмас", деб бақиради у, отанинг ғашига тегиб, бу ҳолни камерага олар экан.
Намойишларни бефарқлик эмас, қўрқув тўхтатди.

Максим Знакнинг синглиси менга айтишича, мухолифатга ҳужумлар, танқидлар шу қадар кучайганки, унинг кўплаб дўстлари мамлакатни тарк этганлар.
"Ўтган йили кузатганимиз катта йиғилишлар ҳозир имконсиз, - дейди Ирина. - Бу шунчаки кўпроқ одам қамоққа кетишини англатади."
"Viasna" инсон ҳуқуқлари гуруҳи аллақачон Беларусда 600 дан ортиқ сиёсий тутқун борлигини айтган. Ҳатто гуруҳнинг ўз фаоллари орасида ҳам тергов изоляторида ўтирганлар бор.
110 дан ортиқ одам Минскнинг қоқ марказидаги XIX асрда қурилган, нураб кетган тош миноралари бор қаср - Валадаркада сақланмоқда.
"4800 тача хат, 100 тача ҳикоя, роман қораламаси ва кўплаб шеърлар ёздим", дейди Максим Знак Би-би-сига у ердаги ҳаёти ҳақида гапириб.
У бу орада рок-опера устида ҳам ишлаяпти.
"Мақсад уларни изоляцияда сақлаш", дейди Дмитрий Лаевский айбловлар "асоссиз" эканини айтиб.
Собиқ адвокат бир неча ҳафта олдин унинг адвокатлик лицензиясидан маҳрум қилгунларича Максим Знакни ҳимоя қилаётганди. Мухолифат фаоллари билан ишлаган ҳуқуқшунослар ё лицензиядан маҳрум қилинган ё ўзлари айбловларга юз тутган.
"Кўриб турганингиздек, кимдир Мария ва Максим 2020 йил ёзида айтган ғоя ва фикрлар тағин айтилишини истамаяпти. Шунинг учун уларни ичкари олиб кириб қўйишди", дейди Лаевский.

Максим Знакнинг хотини ҳам у каби юрист, шунинг учун у ҳам Максимни расмий ҳимояловчи гуруҳга ёзилган ва ичкари киришига рухсат берилди. Аммо Мария Колесникованинг отаси қизини қамалганидан буён кўргани йўқ.
Мария ҳар куни қамоқдан ёзади, саҳифалар смайликлару юракчаларга тўла, унинг кўтаринки руҳияти отасини тушкунликка тушиб қолишдан асрамоқда. Мария шу қадар ўзини тутиб турганда отаси тушкунликка тушса, ўзини айбдордек ҳис қиладиган бўлган.
"Унинг адвокатлари айтишича, у ҳатто қамоқхона йўлаклари бўйлар улар олдига келаётганда ҳам баланд овозда кулиб келади, - дейди Александр. - Унинг бу кайфияти менга дунёни ёрқинроқ кўрсатади".

Беларус: муҳим маълумотлар
- Беларус қаерда? Унинг шарқида иттифоқчиси Россия, жанубида эса Украина жойлашган. Шимоли ва ғарбида НАТО ва Европа Иттифоқи аъзолари Латвия, Литва ва Полша жойлашган.
- Бу нима учун муҳим? Украина каби бу мамлакат ҳам Ғарб ва Россия ўртасидаги рақобатга тутилиб қолган. Президент Лукашенко "Европанинг сўнгги диктатори" лақабини олган. У 27 йилдан буён ҳокимиятда ўтирибди.
- У ерда нималар бўляпти? У ерда катта мухолифат ҳаракати янги, демократик бошқарув ва иқтисодий ислоҳотларни талаб қилмоқда. Мухолифат ва Ғарб давлатлари Лукашенко 2020 йил 9 августдаги сайловларни сохталаштирган деб ҳисоблайди. Расман бу сайловда у мутлақ устунлик билан ғалаба қилган. Полиция кўча намойишчиларини қаттиқ бостирган, мухолифат етакчиларини қамаган ёки улар четга қочган.

Уларнинг оилалари уларга узоқ муддатли - 12 йилгача қамоқ тайинланишига тайёр туришибди.
Аммо улар Мария ва Максим бу муддатни тўла ўтамаслигига умид қилишади: Беларусда сиёсий ўзгаришлар бўлади ёки халқаро санкциялар Президент Лукашенкони Европа Иттифоқи билан муросага бориб, унинг шартлари, шу жумладан, маҳбусларни озод қилишга рози бўлади.

Аммо бу масалада тайинли ечим йўқ ҳозиргача.
"Афтидан кимдир репрессив машинани молиялаш қонунга амал қилиш ва одамларга фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар беришдан кўра яхшироқ деб ўйлайди", дейди Максим Знак Би-би-сига.
"Беларусга ўзгаришлар зарурлигини исботлай олдим деб ўйлайман, - деб қўшимча қилади у. - Бунинг имкониятига келса, тирик эканмиз ҳамма нарсанинг имкони бор."
Мариянинг отасига ёзган мактублари ҳам ана шу оҳангда, у ҳам тез орада уйда бўлишини айтади. Ҳаммаси яхши бўлади, деб ёзади у, Александр ҳам шунга ишонади.
"Бу ҳатто ичкарида ҳам ўзини қанчалик озод сезишини кўрсатади", деб жилмаяди у, мобил телефонда қизининг рақсга тушганини кўрар экан. - Мен шунчаки уни бир кўришни ва унга қараб қўлим билан худди ўшандай юракча шаклини кўрсатишни истардим, - дейди Александр.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

















