“Сен Путиннинг қулисан!” Грузияда Саакашвилининг қамоқдаги видеоси тарқалди - Putin Gruziya dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, FACEBOOK.COM/SAAKASHVILIMIKHEIL
- Author, Нина Аҳметели
- Role, Би-би-си Рус хизмати
Грузия Жазони ижро этиш хизмати пайшанба куни Грузиянинг собиқ президенти нинг қамоқхонада очлик эълон қилгани ва у Рустави қамоқхонасидан қамоқхона касалхонасига мажбуран ўтказилгани ҳақидаги янги кадрларни эълон қилди. Айни пайтда, Саакашвилининг ўзи ҳам инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди чақирувига қулоқ солишга ва очлик эълон қилишни тўхтатишга тайёрлигини айтди - бироқ бир қатор шартлар бажарилсагина.
Саакашвилининг адвокатлари эълон қилинган кадрлар Грузиянинг учинчи президентига нисбатан ғайриинсоний муносабатда бўлишаётгани ва қамоқхона шифохонаси унинг учун хавфли экани ҳақидаги баёнотларини тасдиқлашини таъкидламоқда.
Алоқадор мавзулар:
Бироқ расмийлар бу ҳолат Саакашвилининг ёмон хулқ-атвори ва ходимларга нисбатан ҳақоратли муносабати сабаблидир, деб таъкидламоқда. "Бизнинг мақсадимиз ҳар доим жамиятимизга ҳақиқатни билдириш бўлган ва шундай бўлиб қолади. Айни шу мақсадда махсус жазони ижро этиш хизмати ушбу кадрларни эълон қилади", деди брифингда Грузия адлия вазири Рати Брегадзе.
Расмийлар эълон қилган кадрлар 8 ноябрь куни Саакашвили айбланувчилар ва маҳкумлар учун 18-тиббий муассасага - Тбилиси туманларидан биридаги қамоқхона касалхонасига ўтказилганда олинган.
Видеолардан бирида бир неча эркак Саакашвилини машинадан тортиб олиб, қўл ва оёқларидан ушлаб коридор бўйлаб судраб кетаётганини кўриш мумкин. Худди шу ҳолатда уни палатага олиб келишади - бу вақтда у белигача яланғоч эди. Эпизодлардан бирида собиқ президент оқ халатдаги одамни палатадан итариб чиқаради. Бошқа бирида, Саакашвили ғазаб билан нимадир деб, қўли билан каравот ёнидаги столдан баъзи жиҳозларни улоқтиради.
Кейинроқ жазони ижро этиш хизмати Саакашвили қамоқхона касалхонасига олиб кетилаётганда Тез ёрдам машинасида суратга олинган видеони ҳам тарқатди. Қамоқхона касалхонасига кўчиб ўтиш эпизодларидан фарқли ўлароқ, унда овоз бор. Хизмат бундай кадрларни тарқатишдан мақсад сифатида бир нарсани айтмоқда - жамоатчилик манфаати. "Кадрларда унинг муассаса ходимларининг қонуний кўрсатмаларига бўйсунмаётгани, ўзини тажовузкор тутаётгани ва уларни оғзаки ҳақорат қилаётгани яққол кўриниб турибди", деб ёзилади видео тагида.
Бу кадрларда Саакашвили ўзига нисбатан қилинган муносабатдан ғазабланган. У Рустави қамоқхонасига қайтарилишини талаб қилиб, машинадан ўзи тушмаслигини айтади. "Сен Путиннинг қулисан! Тинчланиш дегани нима! Путиннинг топшириғини бажаряпсан!" дейди собиқ президент уни тинчланишга ундаган одамга.
Адвокатларнинг сўзларига кўра, видеолар қамоқхонада Саакашвилига ғайриинсоний муносабатда бўлинаётганини тасдиқлайди ва аввалроқ собиқ президент Глданига ўтишга қарши бўлмаганини даъво қилган жазони ижро этиш хизматининг даъволари ёлғонлигини кўрсатади. "Бу кадрлар Саакашвили 18-муассасада бўлмаслиги кераклигининг яна бир тасдиғидир", деди адвокат Бек Басилай "Мтавари Арчи" телеканалига.
Саакашвилининг шартлари
Сентябрь ойи охирида Саакашвили ўтган йиллар давомида яшаб келган Украинадан Грузияга яширинча қайтиб келди ва 1 октябрь куни ҳибсга олинди. Грузияда у бир нечта жиноий ишлар бўйича айбланмоқда, уларнинг иккитасида у сиртдан айбланган ва олти йилга озодликдан маҳрум этилган. Собиқ президент ҳибсга олинганидан сўнг дарҳол сиёсий деб ҳисоблаган таъқибларга қарши очлик эълон қилди.

Сурат манбаси, SPECIAL PENITENTIARY SERVICE OF GEORGIA
Дастлаб у Рустави шаҳридаги қамоқхонага жўнатилган, 8 ноябрь куни унинг минглаб тарафдорлари Тбилиси марказига йиғилиб, уни фуқаролик тиббиёт муассасасига жўнатишни талаб қилганда, Саакашвили Тбилиси туманларидан бири Глдани қамоқхона касалхонасига ўтказилган. Ана шу жараён пайшанба куни ёйинланган кадрларда тасвирланган.
Пайшанба оқшомида собиқ президент янги баёнот бериб, унда бир қанча талаблар бажарилган тақдирдагина очликни тўхтатишга тайёрлигини маълум қилди.
Хусусан, Саакашвили ўзини Глдани қамоқхонасидан бошқа жойга ўтказишлари кераклигини, у ерда ходимларга ва даволаниш учун зарур шароитларга ишончи йўқлигини айтади. Шунингдек, у Горидаги ҳарбий госпиталга ётқизилганига ҳам рози эмас, чунки "Россия ишғол армияси ва махсус кучлари бир неча километр нарида турибди". Собиқ президент ўзи ва давлат томонидан паритет асосида тайинланган мутахассислардан иборат шифокорлар кенгашини чақириб, очликдан кейин қайси клиникаларда реабилитация қилинишини белгилаб беришни талаб қилмоқда.
"Бу қарор тавсиявий эмас, балки мажбурий бўлиши керак, мен унга бўйсунаман, ҳукумат ҳам бўйсуниши керак, - дейилади Саакашвили мактубида. - Шунда мен очликни дарҳол тўхтатаман."
У ўз қарорини янги видеоларни тарқатиш орқали расмийлар мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштириш ва тартибсизлик қўзғамоқчи бўлаётгани, бу эса, унинг сўзларига кўра, "давом этаётган таҳдидларни бартараф қилиш" баҳонасида чегара бўйлаб "Россия истилоси"га олиб келиши мумкинлиги билан изоҳлайди. Шу боис, у Страсбург суди ва ғарблик ҳамкорлар чақириғини инобатга олган ҳолда очлик эълон қилишни тўхтатишга тайёр.
Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди яқинда Саакашвилини очликни тўхтатишга, расмийларни эса реабилитация даврида унинг хавфсизлиги ва тиббий ёрдамини таъминлашга чақирди.
Адлия вазири Рати Брегадзе "Рустави-2" телеканали эфирида Саакашвили ҳеч қандай шартларсиз очликни тўхтатса, хурсанд бўлишини айтди.
Нега Саакашвили қамоқхона касалхонасидан қониқмаяпти?
Саакашвилининг бошқа муассасага ўтказилгани дарҳол маълум қилинмади. Биринчи бўлиб сигнални унинг онаси Гиули Аласания чалди. Онаси у билан учраша олмаган ва ўғлини Рустави қамоқхонасидан олиб кетишган деб гумон қилган. Кейин оммавий ахборот воситалари уни Горидаги ҳарбий госпиталга ўтказишганини тахмин қилди.

Сурат манбаси, SPECIAL PENITENTIARY SERVICE OF GEORGIA
Кейинроқ, бир кун аввал Саакашвилининг аҳволи барқарор эканини айтган жазони ижро этиш хизмати унинг 18-муассаса - Глдани қамоқхонаси касалхонасига ўтказилганини тасдиқлади. Сўнг ушбу хизмат Саакашвилининг Рустави қамоқхонасида нарсаларни йиғаётгани акс этган видеолавҳаларни тарқатди. Департаментга кўра, видео собиқ президент ўз хоҳишига қарши муассасани тарк этмаганини исботлайди.
Шу вақт давомида Саакашвилининг тарафдорлари ва адвокатлари уни кўп профилли фуқаролик шифохонасига ўтказишни талаб қилишди. Уларнинг сўзларига кўра, 18-муассасада нафақат унинг соғлиғига, балки хавфсизлигига ҳам таҳдид бор, чунки у Глдани қамоқхонаси бинолари яқинида жойлашган. Бошқа нарсалар қаторида, унда оғир жиноятлар учун судланганлар ётади.
Саакашвили ҳукумати уюшган жиноятчилик ва қонундаги ўғриларга қарши муваффақиятли курашгани билан машҳур бўлган, аммо маҳбуслар ҳуқуқларини жиддий поймол қилгани учун ҳуқуқ ҳимоячилари танқиди нишонига ҳам айланган. Саакашвили Глданига кўчирилгандан сўнг, оммавий ахборот воситаларида Глдани қамоқхонаси маҳбусларининг деразадан ҳақорат сўзларини бақиргани акс этган кадрлар пайдо бўлди. Адвокатларнинг айтишича, Саакашвили ушбу муассасада психологик террор остида бўлган.
Айни пайтда Адлия вазирлигининг даъво қилишича, у даволанишнинг муҳим қисмидан бош тортгани сабабли соғлиғи ёмонлашмаслиги учун қамоқхона шифохонасига ўтказилган.
Шаън ва қадр-қимматга бўлган ҳуқуқ
Саакашвилининг мажбуран олиб кетилгани ва қамоқхона касалхонасига олиб борилгани акс этган видео тасвирларнинг эълон қилиниши ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан ҳукуматга нисбатан кўплаб танқидларга сабаб бўлди.

Сурат манбаси, Reuters
Грузия жамоат ҳимоячиси (Инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсман) Нино Ломжариа буни шаън, қадр-қиммат ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқларининг бузилиши деб атади. Унинг таъкидлашича, видеода воқеалар тўлиқ ва узлуксиз кўрсатилмаган, Саакашвилини баъзи кадрларда ярим яланғоч ва камситувчи шаклда кўрсатишган. Бундан ташқари, кадрлар собиқ президентнинг алдов йўли билан ва унинг хоҳишига қарши ўтказилганини тасдиқлайди, дея қайд этади омбудсмен.
Саакашвили ўз мактубида, шунингдек, қамоқхона касалхонасига ўтказилгандан кейин куч ишлатилгани ҳақида гапирган. Унинг сўзларига кўра, уни аввалроқ шаҳар касалхонасига олиб боришларини айтиб, алдов йўли билан у ерга олиб боришган.
"Қатъий рад жавобимга қарамай, мени машинадан олиб чиқиб кетишди, ерга улоқтиришди ва бўйнимга бир неча марта уришди. Ҳа, мен қаршилик қилдим, касалхонада қандайдир номаълум тиббий ходим олдимга келди ва мен уни ростдан ҳам итариб юбордим, чунки улар менинг рухсатимсиз укол қилмоқчи эдилар. Менинг реакциям стрессдан келиб чиққан. Буларнинг барчаси зўравонлик ва суиистеъмоллик оқибати эди", деб ёзди у.
Давлат инспектори хизмати (шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳаракатларини назорат қилувчи орган) аввалроқ Саакашвилига нисбатан эҳтимолий ғайриинсоний муносабат юзасидан текширув бошлаганини маълум қилган эди. Шу аснода видеоёзувларнинг тарқатилиши тергов самарадорлигига таҳдид солади, деб ҳисоблайди давлат инспектори. У ҳукуматни Грузия учинчи президентининг шахсий маълумотларини ўз ичига олган кадрларни ошкор қилишни тўхтатишга, унинг қадр-қиммати ва шахсий ҳаёти дахлсизлигини ҳурмат қилишга чақирди.
Грузия Адлия вазирлиги, айни пайтда, департамент Саакашвилининг 18-муассаса ходимларини оғзаки ва жисмоний ҳақоратлагани ва қимматбаҳо тиббий асбоб-ускуналар шикастлангани бўйича тергов бошлаганини маълум қилди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













