Ҳиндистон: Масжидлар ва мусулмонларнинг мол-мулкларига қарши ҳужум Hindiston musulmonlar dunyo yangiliklar

Мусулмонларнинг вайрон қилинган мулки

Сурат манбаси, PINAKI DAS

Сурат тагсўзи, Ҳиндистондаги сўнгги зўравонликларда масжидлар ва мусулмонларнинг дўконларига ҳужум қилинган
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Мусулмонларга қарши зўравонликлар бу гал Ҳиндистоннинг шимолий-шарқий Трипура штатида кузатилган. Масжидлар ва мусулмонларнинг дўконларига ҳужум қилинган. Худди шу манзарада Ҳиндистон Покистон спортчиларига ишқибозлик қилган мусулмонларни ҳибсга олган.

Ҳар икки ҳодиса устма-уст, бири Трипура, бошқаси эса Уттар-Прадешда юз берган.

Трипурада вазият ҳануз танглигича қолмоқда.

Штатда хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Одамларнинг бир жойда тўпланишлари маън этилган.

Деҳлида ҳиндулар мусулмон йигитни калтакшламоқда

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Деҳлида 2020 йил мусулмон йигитнинг ҳиндулар тарафидан калтакланишини баъзилар "Ҳиндистоннинг шармандали сурати" деб аташганди.

Трипурадаги мусулмонларга қарши зўравонликлар ҳинду гуруҳлари ва полиция ўртасидаги тўқнашувлардан кейин юзага келган.

Ҳинду гуруҳларининг норозилигига яқинда Бангладешда юз берган тартибсизликлар сабаб бўлган, у ерда ҳиндулар ҳужумга тутилган.

Ҳиндистондаги ҳинду гуруҳлари бунга қарши кўчаларга чиқишган, полиция уларнинг митингига тўсқинлик қилган.

Бангладешдаги зўравонликларга ҳиндуларнинг йиллик муқаддас айёмларидан бирида Қуръони Каримнинг таҳқирланганига оид гап-сўзлар сабаб бўлган.

Ўшанда камида етти киши ўлдирилган, эҳромлар оёқ-ости қилинган, Бангладешдаги ҳинду озчилигининг юзлаб уй-жой ва мол-мулки вайрон этилган.

Трипура

Трипура уч томондан Бангладеш билан ўралган, бу штатни бошқаси билан фақат тор бир йўлак боғлаб туради.

Уни чорак аср давомида коммунистлар бошқаришган, аммо ҳозир Трипура назорати бошқарувдаги миллатчи ҳинду партияси - Би-Жи-Пи(BJP) назорати остида.

Сўнгги тўрт кун ичида Шимолий Трипура туманидан 10 дан ошиқ диний заминдаги зўравонликларга оид хабарлар олинган.

Мусулмонларга қарши сешанба тунги зўравонликлардан аввал ўз митингини уюштирган Вишва Ҳинду Паришад мутаассиб ташкилоти эса, худди шу партиянинг яқин иттифоқчиси саналади.

Ҳиндистондаги ҳинду гуруҳлари Бангладешдаги озчилик диндошларининг ҳужумга тутилишига жавобан кўчаларга чиққанликларини айтишади

Сурат манбаси, PINAKI DAS

Сурат тагсўзи, Ҳиндистондаги ҳинду гуруҳлари Бангладешдаги озчилик диндошларининг ҳужумга тутилишига жавобан кўчаларга чиққанликларини айтишади

Панисагардаги юқори мартабали полиция мулозимининг айтишича, уларнинг митингида 3500 га яқин одам қатнашган.

Полиция мулозимига кўра, ташкилотнинг айрим фаоллари бир масжид, бир қанча уй-жой ва дўконларни вайрон қилишган, яна иккита дўконга ўт ҳам қўйишган.

Полициянинг маълум қилишича, уларнинг барчаси мусулмонларники бўлиб чиққан, бир жабрдийданинг шикояти асосида иш ҳам очилган.

Маҳаллий мутаассиб ҳинду гуруҳларидан бирининг лидери эса, масжид қаршисидаги айрим ёшлар ўзларини ҳақорат қилганликларини иддао қилишган, аммо уларнинг даъволарини мустақил манбалар орқали тасдиқлашнинг имкони бўлмаган.

Трипура полицияси, "айрим одамлар миш-миш ва ижтимоий тармоқларда иғвогорона постлар тарқатишаётгани" ҳақида твит қилиб, одамларни осойишталикка чақирган.

Ўтказиб юборинг X пост
X контентига рухсат бериш

Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири X пост

Мусулмонларга қарши ҳужумлар

Ўтган ҳафта Жамият Уламо-и Ҳинд мусулмон ташкилотининг давлат бўлими иддао билан чиққан, оломон масжидлар ва асосан мусулмонлар яшовчи мавзеъларга ҳужум қилишганини айтганди.

Трипура полициясининг маълум қилишича, ҳозир штатдаги 150 дан ортиқ масжидни қўриқлаб туришибди.

Штат аҳолисининг сони 4 миллиондан ошади. Уларнинг 9 фоизга яқинини мусулмонлар ташкил қилишади.

Trinamul Congress партиясидан депутат Сушмита Девнинг айтишича, штатдаги ноябрь ойига режаланган маҳаллий кенгашларга сайловлар арафасида Би-Жи-Пи Бангладешдаги зўравонликлардан сайловчиларни ўзига оғдириш мақсадида фойдаланмоқда.

Би-би-сининг бу хусусда изоҳ сўраб, штатнинг Миллий озчиликлар вазирига қилган телефон қўнғироқлари бежавоб қолди.

Диний заминдаги зўравонликларнинг аксарияти Ҳиндистоннинг Бангладешга чегарадош ҳудудларида кузатилади

Сурат манбаси, PINAKI DAS

Сурат тагсўзи, Диний заминдаги зўравонликларнинг аксарияти Ҳиндистоннинг Бангладешга чегарадош ҳудудларида кузатилади

Би-Жи-Пининг матбуотга сўзлашга ҳаққи йўқлигини айтиб, анонимлик остида Би-би-сига ўз муносабатларини билдирган маҳаллий лидерига кўра эса, "мухолифат Бангладешдаги йирик ҳужумларга жавобан кузатилаётган бу каби онда-сондалик ҳодисалардан сиёсий манфаат кўзламаслиги лозим".

Унинг даъво қилишича, штат раҳбарияти вазиятни назорат қилиш учун лозим бўлган ҳамма ишни қилган.

Спорт ишқибозлари ҳибсда

Ҳиндистон-Покистон учрашуви

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Икки рақиб миллий терма жамоа ўртасидаги ўйин шу якшанба куни бўлиб ўтган

Воқеаларнинг бошқа ривожида эса, Ҳиндистонда покистонлик уч мусулмон ҳибсга олинган.

Хабарларга кўра, Ҳиндистонда бўлиб турган бу мусулмонлар крикет бўйича жаҳон чемпионатида (Т20) ўз жамоалари, яъни Покистоннинг ғалабасини қутлашгани сабаб бўлган.

Ҳодиса Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида юз берган.

Ҳиндистон полициясининг маълум қилишича, улар ўйин чоғида Покистонни қўллашган, Ҳиндистонга қарши шиорларни айтиб, қичқиришган.

"Худди шу боис ҳам, учовлон адоват ва кибертерроризмни тарғиб қилиш"да айланишган.

Қисқача маълумот:

Ҳиндистон мусулмон аҳолиси сони бўйича Индонезиядан кейин дунёнинг иккинчи йирик давлати саналади.

Ҳиндистонда 200 миллиондан ортиқ мусулмон бор.

Бироқ бу мамлакатда диний қарама-қаршилик янгилик эмас, аммо танқидчиларнинг айтишича, аксилмусулмон зўравонликлар 2014 йилда Бош вазир Нарендра Модининг ҳинду миллатчи ҳукумати ҳокимиятга келгач кучайган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek