Норвегияда ҳужум: Ўқ-ёй билан қуролланган шахс беш кишини ўлдирди - dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Ҳужумчи тирик қўлга олинган. Ҳужум сабаби ҳозирча маълум эмас. Полиция теракт эҳтимолини назардан соқит этмаётир.
Ҳужумни содир этишда 37 ёшли даниялик эркак гумон қилинаётир.
Унинг шахсига оид қолган маълумотлар ҳозирча ошкор этилмаган.
Норвегия Бош вазири юз берган воқеа ҳақидаги хабарлар "даҳшатли" бўлганини айтган.
Унга кўра, ҳозир полиция шаҳарда тўлиқ назорат ўрнатган.
Ҳодиса Норвегиянинг Кунгсберг шаҳрида юз берган.
Ҳужумчи беш кишини ўлдириш баробарида яна икки нафарини яралашга ҳам муваффақ бўлган.
Полициянинг маълум қилишича, шаҳар марказида қуролланган шахснинг ҳаракатланаётганига оид хабарларни кеча маҳаллий вақт билан соат 18:13 да олишни бошлашган.
Кейинчалик бу шахснинг ўқ ва ёй билан қуроллангани маълум бўлган.
Кунгсберг полиция бошқармаси бошлиғи бу хусусда матбуот анжумани беришга ҳам улгурган.
Аммо Ойвинд Ааас тергов энди бошлангани боис, барча саволларга жавоб бера олмаслигини билдирган.
Терговнинг кенг миқёсда олиб борилишини айтган.
Унга кўра, ҳозирча имконли бўлган маълумотлар ҳужумчининг шериклари бўлмаганига далолат қилаётир.
Ҳужумчининг ўқ ва ёйдан бошқа қуроли бўлган-бўлмагани ҳам ўрганилмоқда.

Сурат манбаси, HAKON MOSVOLD/NTB/VIA REUTERS
Маълум бўлишича, гумондор отишмани Coop Extra супермаркетида бошлаган. Кейинчалик бошқа ерларга ўтган.
Масъуллар шаҳарнинг бир қанча қисмини тўсиб қўйишга мажбур бўлишган.
Ҳужум сатҳини текшириш ва лозим далилларни қўлга киритишлари учун одамлардан кўчага чиқмасликни ҳам сўрашган.
Сатҳга ўнлаб "Тез ёрдам", полиция машиналари ва вертолётлар етиб борган.
Полиция бошқармаси бошлиғига кўра, шаҳарга Ослодан полиция бўлинмалари, портловчи моддалар бўйича мутахассислар ва тезкор кучлар ҳам ташланган, қўшимча мадад кучлари юборилган.
Кунгсберг мэри маҳаллий VG нашрига берган суҳбатида ҳужум "шаҳар учун ҳақиқий фожеа бўлгани"ни айтган.
Ҳозир "қўлларидан келган ҳамма нарсани қилишаётгани"ни билдирган.
Унга кўра, шаҳардаги меҳмонхоналардан бири жабрдийдаларга ёрдам кўрсатиш марказига айлантирилган.
Ҳужум ортидан Норвегия полиция бошқармаси мамлакатдаги барча ходимларига қуролланишни буюрган.
Норвегияда полициячилар, одатда, ўқотар қурол олиб юришмайди.
Маълум бўлишича, Норвегия Адлия вазири ҳам вазиятни яқиндан кузатиб турибди.
Аммо ҳужум ҳозирча миллий даражадаги таҳдид сифатида кўрилмаётир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












