Москвада муҳожирларга ҳужум қилган шахс ушланган

Россия интернет нашрлари хабарига кўра, Москвада меҳнат муҳожирларига пичоқ билан ҳамла қилиб келган киши полиция томонидан қўлга олинган. Ҳужумчининг 20-23 ёшлардаги рус миллатига мансуб йигит экани айтилган.

Бундан олдин ҳужумчи 1 кишини ўлдириб, иккитасини яралангани орқасидан уни қидириш бошланган.

Пичоқли киши меҳнат муҳожирларига метро бекатларида ҳужум қилган.

13 феврал куни тунга яқин "Добрынинская" метро бекатида номаълум шахс тожикистонлик фуқаро вагондан чиқаётганда орқасидан пичоқ санчиб, воқеа жойидан қочишга улгуради.

Жабрланувчининг полицияга айтишича, ўзига ҳужум қилган ёш йигитнинг қўлида йиғиладиган пичоқ бўлган.

Бу воқеадан бироз вақт ўтиб, "Перово" метро бекатида шундай ҳодиса такрорланади.

Бу сафар қирғизистонлик 2 йигит пичоқланган. Меҳнат муҳожири бўлган йигитларнинг бири воқеа жойида ҳалок бўлган, иккинчиси оғир жароҳатланган.

Йўловчилар яраланган муҳожирларга ёрдамга шошишган. Гувоҳларнинг тасвирлаб беришлари билан қуролли киши ушланган ҳамда "қотиллик" ва "оғир тан жароҳати етқазиш" моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Россияда меҳнат муҳожирларига ҳужумлар илгари ҳам содир этилган.

Жумладан, Липецкда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари поездда пичоқланган. Меҳнат муҳожирлари яшаб турган уйларга ёндирувчи модда ташлаб ёқиб юборилган ҳоллар кузатилган.

Бироқ кузатувчилар Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларга нисбатан бундай миллатчилик кўринишлар Россиядаги ҳозирги вазият, Украина воқеалар боис бироз пасайганини айтишсада, куни кеча содир бўлган ҳодиса яна хавотирларни пайдо қилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon