Россияда муҳожир мигрантми ё-да келгинди?

Сурат манбаси, Reuters

Оврўпо давлатларига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ мигрантларнинг кириб келиши кузатилар экан, ғарб матбуотида уларни ким деб аташ тўғрироқ бўлиши атрофида баҳслар кечмоқда.

"Ал-Жазира" ўз вебсаҳифасида уларни мигрант эмас, қочқин деб аташни бошлашини билдирди. Чунки Оврўпога кириб келаётган инсонларнинг аксари уйларини ўз иродаларига биноан ташлаб чиқишмаган.

Россияда ҳам муҳожирлар сони миллионлаб эканлиги айтилади. "Миграция ва қонун" марказидан Юлдуз Аминованинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, уларга нисбатан ишлатилаётган иборалар ва муносабат аксар ҳолларда салбий оҳангга эгадир.

Юлдуз Аминова: Россияда муҳожирларга нисбатан расмий доираларда ҳозирча фақатгина "мигрантлар" ва "қочқинлар" иборалари қўлланмоқда. Лекин қочқинлар юридик термин бўлиб, бирон ерда қолиш имконига эга бўлмагани учун кетишга мажбур бўлганларни англатади. Бундан ташқари "меҳнат муҳожирлари" деган ибора ҳам кенг ишлатилмоқда.

Би-би-си: Оддий халқ орасида-чи? Муҳожирларга нисбатан қандай иборалар кенг тус олган?

Юлдуз Аминова: Кундалик ҳаётда "келгиндилар", "ҳамма ёқни босиб кетганлар", "осиёликлар", "гастарбайтерлар" каби кўплаб иборалар бор. Бу иборларнинг сони саноқсиз. Кўпда бу сўзлар халқнинг муҳожирларга муносабатини белгиловчи сўзлардир. Бу сўзлар ҳиссий жиҳатга эга бўлиб, инсонларнинг муайян категориясига муносабатни билдиради. Айтиш лозимки, бу ҳиссий жиҳат кўпда салбий маънога эга.

Сурат манбаси, Reuters

Би-би-си: Нима учун бу сўзлар салбий оҳанг касб этган?

Юлдуз Аминова: 2013 йилдан бошлаб ва 2014 йил Москва ҳокимлиги ва Давлат Думасига сайловлар бўлиб ўтган вақтда сиёсатчилар мигрантларни Россия учун кераксиз бир гуруҳга ажратиб кўрсатиш борасида кенг ва оммавий кампанияни олиб бордилар. Бу жараённи шу нуқтагача олиб боришдики, мигрант сўзи мутлақо салбий маънога эга иборага айланиб қолди. Бу кампания ҳам телевидение, ҳам радио ва ҳам босма матбуотда кенг қулоч ёйди. Лекин яқинда Украина масаласи пайдо бўлганидан кейин бу мавзу бир қадар ортга чекинди. Чунки ишлар яхши кетмаётган вақтда кимдир жимгина кўчани супуриши керак-ку. Демак муҳожирлар керак бир нарсага айланишди. Лекин ўша кампания вақтида муҳожирлар билан боғлиқ ҳамма янги қонунларни тасдиқлатиб олишди. Бу янги қонунлар муҳожирларнинг Россия ичкарисида сафарларини чеклашдан тортиб, умуман мамлакатга келишларини чекловларни назарда тутади.

Би-би-си: Демак бу салбий ибора ва муносабатнинг шаклланишига асосан сиёсатчилар сабабчи эди деб ўйлайсизми?

Юлдуз Аминова: Ҳа, бу ташаббус тепадан бошланганди. Бу муносабат халққа матбуот ёрдами билан тепадан туширилди. Телевидениедаги дастурлар, ток-шоуларда муҳожирлар билан боғлиқ айнан салбий ҳодисалар ва жиҳатларга асосий эътибор қаратилди. Гўёки улар қонунбузарликдан бошқа нарса билан шуғулланмайдилар. Мен буни бошқача талқин қила олмайман. Лекин Россиянинг қаерида яшаманг, деразадан бош чиқариб қарасангиз муҳожир тинмай ишлаётганини кўрасиз фақат. Сиёсатчилар эса муайян вақтда уларнинг манфаатларига муҳожирлар билан боғлиқ қайси маълумот тўғри келса, ўша томонга буриб ёки ўша йўналишда чекланган маълумотни беришга ҳаракат қилиб келишади. Бу ўринда матбуотнинг мустақил бўлиши не қадар муҳим эканлигини ҳам айтиб ўтиш керак, чунки сиёсатчи нима демасин, унинг айтганини оғзидан чиқмасданоқ, бошқа нуқтаи назарларсиз тўхтовсиз етказишга уриниш мана шундай оқибатларга олиб келади. Биз экспертлар эса шуни кузатмоқдамизки, сиёсатчилар ҳеч қачон ҳақиқатни айтмайдилар, фақатгина айтиш керак бўлган нарсани айтадилар.

Би-би-си: Жамият учун бу каби жараёнлар қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

Юлдуз Аминова: Албатта, жамият учун бу ёмон кўриниш. Лекин биласизми охирги вақтларда матбуотда муҳожирлар билан боғлиқ салбий хабарлар анчайин камайди. Балки бундай хабарларга ҳозирда давлат буюртмаси йўқдир. Лекин биласизми, сиёсатчилар ва матбуот не қадар ҳаракат қилмасин, ҳаёт ўз тўғри йўлини топади. Мана яқинда Москвадаги тожикистонлик фаррош қизнинг жаҳоннинг энг гўзал аёлларидан бири сифатида кўрилиши ҳақида хабар берилди. Одамлар пул йиғиб, интервюлар бераётганда яхшироқ кийинсин деб, ёрдам бера бошлашди, ишонасизми? Бундан мисоллар кўпаймоқда. Инсоният тарихи бу муҳожират тарихидир. Одамлар ҳамиша қаердандир кўчишган, қаергадир келиб ўтиришган. Инсоният, уни қандай деб атаманг, ҳамиша ўзи учун яхшироқ тақдир изланишида бўлган. Уларни таҳқирловчи сўзлар билан атовчи жамият эса касал жамиятдир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio