Ҳиндистонда ҳозир мусулмонлар кўпми ёки ҳиндулар? Islom musulmonlar dunyo yangiliklar

Ҳинду ва мусулмонлар Ҳиндистондаги 1.2 миллиард аҳолининг 94 фоизини ташкил қилади

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Ҳинду ва мусулмонлар Ҳиндистондаги 1.2 миллиард аҳолининг 94 фоизини ташкил қилади
    • Author, Соутик Бисвас
    • Role, BBC News, Деҳли

"Pew" тадқиқот маркази аниқлашича, Ҳиндистондаги барча диний гуруҳларда туғилиш кескин камайгани кузатилган.

Натижада мамлакатдаги аҳолининг диний мансублигига кўра таркиби 1951 йилдан буён жуда оз ўзгарган.

Икки катта гуруҳ - ҳинду ва мусулмонлар Ҳиндистондаги 1.2 миллиард аҳолининг 94 фоизини ташкил қилади.

Насронийлар, сикҳлар, буддистлар ва жайнлар биргаликда аҳолининг қолган 6 фоизини ташкил этади.

Ҳиндистоннинг ҳар ўн йилда қилинадиган аҳолини рўйхатга олиш ва Оилалар соғлиғини ўрганиш маркази маълумотларига таяниб, "Pew" - Пью тадқиқот маркази мамлакатнинг диний таркиби қанчалик ўзгаргани ва бу ўзгариш ортида турган асосий сабабларни ўрганди.

Ҳиндистон аҳолиси мустамлака давлат 1947 йили ҳиндулар кўпчилик бўлган Ҳиндистон ва мусулмонлар кўпчилик бўлган Покистонга бўлингандан бери уч карра кўпайган, яъни 1951 йилги 361 миллиондан 2011 йили 1.2 миллиардга ортган. (Мустақил Ҳиндистон аҳолини рўйхатга олишни илк марта 1951 йили ўтказган, охиргиси 2011 йилда.)

Тадқиқотда аниқланишича, бу даврда ҳар бир катта динда кўпайиш кузатилган.

Ҳиндулар сони 304 миллиондан 966 миллионга ортган бўлса, мусулмонлар 35 миллиондан 172 миллионга кўпайган. Ўзини насроний ҳисобловчи ҳиндистонликлар ҳам 8 миллиондан 28 миллионга кўпайган.

Ҳиндистон дунёнинг энг кўп мусулмон аҳолисига эга давлати бўлиб, фақат Индонезиядангина ортда қолади

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Ҳиндистон дунёнинг энг кўп мусулмон аҳолисига эга давлати бўлиб, фақат Индонезиядангина ортда қолади

Ҳиндистоннинг диний таркиби:

  • Ҳиндулар, 2011 йилги рўйхатга олишга кўра, Ҳиндистондаги 1.2 миллиард аҳолининг 79.8 фоизини ташкил қилади. Дунёдаги ҳиндуларнинг 94 фоизи Ҳиндистонда яшайди.
  • Мусулмонлар Ҳиндистон аҳолисининг 14.2 фоизидир. Ҳиндистон дунёнинг энг кўп мусулмон аҳолисига эга давлати бўлиб, фақат Индонезиядангина ортда қолади.
  • Насронийлар, сикҳлар, буддистлар ва жайнлар аҳолининг 6 фоизини ташкил қилади.
  • 2011 йилда Ҳиндистонликларнинг атиги 30000 нафари ўзини атеист деб атаган.
  • Тахминан 8 миллион одам ўзини олти катта гуруҳнинг бирортасига ҳам мансуб эмаслигини айтган.
  • Мамлакатда яна камида 100 аъзоси бўлган 83 та кичик диний гуруҳ ҳам бор.
  • Ҳиндистонда аҳоли ҳар ойда бир миллионга кўпаймоқда. Бу кетишда 2030 йилга бориб, у дунёнинг аҳолиси энг кўп мамлакати Хитойга етиб олади.

(Манба: 2011йилги рўйхатга олиш, "Pew" тадқиқот маркази).

Бошқа диний гуруҳларга солиштирганда мусулмонларда туғилиш ҳамон баланд (2015 йили бир аёлга ўртача 2.6 бола). Улардан кейин ҳиндулар (2.1). Жайнларда эса туғилиш энг паст (1.2).

Тадқиқотда аниқланишича, умумий тенденция 1992 йилдаги билан бир хил. Ўшанда ҳам мусулмонларда туғилиш энг баланд (4.4), ҳиндулар эса кейинги (3.3) ўринда эди.

"Аммо Ҳиндистоннинг жиний гуруҳлари ўртасидаги туғилиш даражасидаги фарқ аввалгига нисбатан анча камайган", дейилади тадқиқотда.

Аҳоли ўсиши камайиши Ҳиндистондаги кичик гуруҳлар орасида яққолроқ сезилади. Улар аввалги ўн йилликларда ҳиндулардан олдинда эди.

"Pew"нинг диний масалаларга ихтисослашган бош тадқиқотчиси Стефани Крэмернинг айтишича, энг эътиборлиси, мусулмонлар орасида атиги бир авлод алмашиб, 25 ёшгача бўлган аёллар орасида фарзандлар ўртача сони қарийб иккитага камайган.

Ҳинду аёлларнинг болалари сони 1990-йиллардаги ўртача 3.4 тадан 2015 йилга келиб, 2.2 тага тушган, мусулмонларда эса бу тушиш янада кескин 4.4 тадан 2.6 тага.

60 йилдан ошиқ вақт асносида, Ҳиндистоннинг аҳолиси орасидаги мусулмонлар улуши 4 фоизга ошган, ҳиндулар улуши эса шунча миқдорга камайган, бошқа гуруҳларники нисбатан барқарор қолган.

"Енгил демографик ўзгаришни мусулмон аёллар ҳинду аёлларга нисбатан яқин яқингача кўпроқ туққани билан изоҳлаш мумкин", дейди Би би сига Крэмер хоним.

Оилалар ҳажмига бир қанча омиллар таъсир қилган бўлиб, "диний мансублик туғилиш даражасига қанчалик таъсир қилганини аниқ айтиш қийин" дейилади тадқиқотда. Бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, Ҳиндистонда миграция ва динни ўзгартириш таъсири жуда оз.

Ҳиндистон аҳолиси таркибидаги ўзгаришларнинг асосий локомотиви туғилиш даражасидир.

Аҳоли ўсишига таъсир қилувчи яна бир омил таркибида ёшлар кўп бўлган гуруҳлар аёллар "фарзанд кўриш ёшига кирганда қарироқ аҳолили гуруҳларга нисбатн тезроқ ўсади". Тадқиқот кўрсатишича, 2020 йилда ҳиндуларнинг ўртача ёши 29, мусулмонларники 24 ва насронийларники 31 ёш бўлган.

Ҳиндистонда аҳоли ўсишининг бошқа омиллари қаторига аёлларнинг таълимлилик даражаси (таълим кўрган аёллар кечроқ турмуш қуради ва биринчи фарзандини ҳам кечроқ туғади) ва бойликдир (камбағалроқ аёллар уй ишларига қарашиш ва пул топиши учун кўпроқ бола туғади).

Тадқиқот хулосалари у қадар кутилмаган эмас, чунки Ҳиндистонда туғилиш даражаси кейинги ўн йилларда тушиб бормоқда - ўртача ҳиндистонлик аёл умри давомида 2.2 та туғади.

Бу кўрсаткич АҚШ (1.6) каби давлатларникидан баланд, аммо 1992 йилдаги (3.4) ёки 1950 йилдаги (5.9) Ҳиндистонникидан оз.

Тадқиқот топилдиқлари орасида қизиғи шуки, жуда оз Ҳиндистонлик бирорта диний гуруҳга мансуб эмас. Ваҳоланки, глобал миқёсда ўзини ҳеч бир динга мансуб кўрмайдиганлар насроний ва мусулмонлардан кейинги учинчи катта гуруҳдир.

"Бундай катта давлатда ҳеч бир динга мансубмасларнинг озлиги жуда қизиқ", дейди Крэмер хоним.

Шунингдек, бир неча диний гуруҳлар Ҳиндистонда "ноодатий даражада" тўпланиб қолган: дунёдаги ҳиндуларнинг 94 фоизи, жайнларнинг катта қисми ва сикҳларнинг 90 фоиздан ортиғи Ҳиндистондадир. Дунёдаги сикҳларнинг кўпи атиги битта Ҳиндистон штати - Панжобда яшайди.

Буни каттароқ аҳолига эга бўлган Хитойга солиштириб кўринг, бу мамлакатда дунё буддистларининг ярми ва аксар динсизлар яшайди, аммо бирор динга мансубларнинг 90 фоиздан ортиғи жамланиб қолмаган.

"Диний манзараси Ҳиндистонникига ўхшаш бирор давлат йўқ", дейди Крэмер хоним.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek