Ҳиндистонда мусулмон бўлгани учун калтакландилар Musulmon Hindiston

A Muslim man was paraded through the streets as his crying daughter begged the mob to stop hitting him

Сурат манбаси, ANI

Сурат тагсўзи, Мусулмон эркакни кўчада сазойи қилдилар, қизи оломондан отасини урмасликни ёлвориб сўрарди
    • Author, Гита Пандей
    • Role, BBC News, Деҳли

Ҳинду оломоннинг мусулмонларга қўққисдан ҳужум қилиши Ҳиндистонда доимий тусга кирган. Аммо бу ишлар ҳукуматнинг етарли чора кўришига сабаб бўлмаётир.

Ўтган ой ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ҳинду оломон ҳужум қилган отасига ёпишиб олган қизча тасвирланган эди.

Таъсирли видео тасвирда шимолий штат Уттар-Прадешдаги Канпур шаҳри кўчаларида оломон 45 ёшли рикша ҳайдовчини қувар экан, унинг қизи отасини урмасликни сўраб ёлворади.

Унга ҳужум қилганлар ундан "Ҳиндустан зиндабад" (Яшасин Ҳиндистон) ва "Жай Шри Рам" (Рамга ғалаба) деб айтишини талаб қилар эди. Бу иборалар асли саломлашишда ишлатилса ҳам, кейинги йилларда бир инсонни ўртага олиб калтаклайдиган ҳинду оломоннинг бақириғига айланиб қолган.

Ота уларнинг айтганини қилди, аммо оломон уни барибир дўппослайверди. Бу эркак ва унинг қизини ниҳоят полиция қутқариб қолди. Ҳужум учун қамалган уч киши бир кун ўтиб гаров эвазига озод қилинди.

Бир неча кун ўтиб тарқалган яна бир видеода марказий штат Мадҳя Прадешдаги Индор шаҳрида билагузук сотувчи бир мусулмонни оломон тарсакилаб, муштлаб ва тепиб ташлаётгани тасвирланган. Ҳужумчилар Таслим Алини таҳқирлаб, ундан ҳиндулар яшайдиган жойдан кетишни талаб қиларди.

Кейинроқ у полицияга қилган шикоятида билдиришича, беш-олти одам уни ҳиндулар яшайдиган жойда билагузук сотгани учун ҳақоратлаб, ундан пули, мобил телефони ва баъзи ҳужжатларини тортиб олган.

Аммо воқеалар ўзгариб, унга ҳужум қилганлардан бирининг 13 яшарли қизи ўзига шилқимлик қилганликда айблагач, орадан бир кун ўтиб, Алининг ўзини қамаб қўйишди. Унинг оиласи ва қўшнилари бу айбловлар асоссизлигини айтган. Беш боланинг отаси бундай қилгани ақлга сиғмайдиган нарса дейишган улар.

Ҳиндистон матбуотида иқтибос келтирилган гувоҳлар сўзларига кўра, унга диний эътиқоди боис ҳужум қилишган, шилқимлик ҳақидаги айблов эса кейинчалик тўқиб чиқарилган.

A 'Not in my Name' protest against anti-Muslim killings in India in Delhi, on June 28, 2017

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Танқидчиларга кўра, мусулмонларга қарши зўравонликлар 2014 йил Нарендра Моди бош вазир бўлганидан кейин кучайди

Бу икки ҳужум август ойида кузатилган аксилмусулмон зўравонликларнинг бир мисоли, аммо ўтган ой мусулмонларга қарши қилинган шафқатсизликлар ойи бўлгани йўқ. Ҳиндистонда 200 миллиондан ортиқ мусулмон бор.

Бу каби ҳужумлар ҳақида аввалги ойларда ҳам хабар қилинган ва аксариси матбуот бош саҳифаларига чиққан.

•Март ойида ҳиндулар ибодатхонасига сув ичгани кирган 14 яшарли мусулмон болани ўлгудек калтаклашган.

•Июн ойида Деҳлидаги ҳиндулар мавзесида мева сотган бир мусулмон савдогар ҳам калтакланган.

"Зўравонлик кенг тарқалган. У кўпаймоқда, оммалашмоқда ва оддий ҳолдек қабул қилинмоқда", дейди мустақил журналист Алишан Жафри. У охирги уч йил ичида мусулмонларга қарши қилинган зўравонликларни ҳужжатлаштириб келади.

У "ҳар куни уч-тўртта шундай видео"га дуч келади, аммо улардан битта ё иккитасини текшириб, ижтимоий тармоққа жойлайди.

Ҳиндистонда диний қарама-қаршилик анчадан бери бор, аммо танқидчиларнинг айтишича, аксилмусулмон зўравонликлар 2014 йилда Бош вазир Нарендра Модининг ҳинду миллатчи ҳукумати ҳокимиятга келгач кучайган.

"Кундалик зўравонликлар янги ҳодиса эмас, аммо у ҳокимият ва сиёсатдаги ўзгаришларга мувофиқ тарзда ўсади", дейди Деҳли Университетида сиёсатшуносликдан дарс берувчи Танвир Эйжаз.

"Ишончсизлик доим бўлган, аммо диний ва этномиллатчилик сабабли ўртадаги жарлик кенгаймоқда."

Жаноб Модининг ҳокимиятдаги биринчи муддатида мусулмонларга қарши шундай ҳужумлар "сигир посбонлари" деб аталувчилар томонидан қилинди. Чунки улар сигир гўшти егани ёки сигирни кушхонага олиб боришга урингани учун калтакланган. Сигирни ҳиндулар муқаддас санайди.

Бош вазир бу каби ҳужумларни эътиборсиз қолдирмаган, аммо уларни вақтида қоралаб, вақтида чора кўрмагани учун танқид қилинган.

БЖП партияси етакчиси Пракаш Жавадекар Би-би-сига ҳукумат линч қилишни қоралашини, аммо ҳуқуқ-тартибот ишлари штатлар зиммасида экани ва бу иш билан улар шуғулланиши кераклигини айтди.

У, шунингдек, ОАВни мусулмонларга қилинган ҳужумларгагина эътибор қаратиб "нохолислик" қилаётганликда айблади.

"Агар расмий маълумотларга қарасангиз, оломон қилинган 200 одам орасида 160 нафари ҳинду эканини кўрасиз. Барча эътиқоддагилар бундай ҳужумларга нишон бўлмоқда", дейди у. Аммо бу маълумотларни қаердан топиш ҳақида тафсилотларни айтмади. Ҳиндистон бунақа маълумотларни тўпламайди.

2019 йили фактларни текширувчи веб-сайт Ҳиндистонда ўтган 10 йилда "нафрат жиноятлари" ҳақидаги хабарларда қурбонларнинг 90 фоизи мусулмонлар бўлганини аниқлади.

A screen grab of the viral video showing a bangle-seller being assaulted in Indore

Сурат манбаси, SHURAIH NIYAZI/BBC

Сурат тагсўзи, Индорда билагузук сотувчи мусулмон калтаклангани видеоси Интернетда кенг тарқалди

Бу ҳужумларни амалга оширганлар жазосиз қолаётгани, улар жаноб Модининг партияси Бҳаратия Жаната Партиясининг сиёсий ҳимоясида экани айтилади. Ҳатто ҳукумат вазири бир мусулмонни оломон қилган саккиз нафар ҳиндуга гулчамбар таққани хабар қилинди.

"Бу каби ҳужумлар мамлакатимизда борган сари кўпайиб боряпти, чунки уни амалга оширганлар жазоланмайди", дейди мухолифатдаги Конгресс партиясининг ижтимоий медиа бўйича координатори Ҳасиба Амин.

"Бугун нафрат асосий ҳодисага айланди. Мусулмонларга ҳужум қилиш ажойиб нарса. Нафрат уруғини сочувчилар ҳам тақдирланмоқда."

Танқидчиларнинг айтишича, жаноб Моди 2019 йили иккинчи муддатга ҳокимиятда қолганидан бери мусулмонларга қарши зўравонликлар миқёси кенгайди.

Баъзида зўравонликлар жисмоний бўлмаслиги, балки озчилик гуруҳни бадном қилиш, хўрлаш учун айёрона, нозик бир шаклда амалга оширилиши ҳам мумкин. Масалан:

•Ўтган йили Ковид-19 Ҳиндистонни қоплаб борар экан, ҳинду етакчилари, шу жумладан, жаноб Модининг ўзи ҳам Деҳлида мусулмон эркакларни диний маросимга тўплангани, бу эса вирусни тарқатиши мумкинлигини айтиб айблади.

•Кейин "роти жиҳод" ҳақида айблов чиқди. Эмишки, мусулмон нонвойлар нонга тупуриб, вирусни ҳиндуларга тарқатаётган экан.

Кейинги ойларда бир неча штатлар "севги жиҳоди"ни таъқиқлаш учун қонунлар қабул қилди. "Севги жиҳоди" ибораси мусулмон эркакларнинг ҳинду аёлларни Исломга киргазиш учун уларга уйланишини ифодалаш учун ишлатиладиган бўлган.

Бу қонунлар ҳинду аёл билан муносабат бошлаган мусулмон эркакларни қамаш ва қўрқитиш учун восита бўлмоқда. Ўтган декабрда мусулмон эридан ажратиб қўйилган ҳомиладор ҳинду аёлнинг боласи тушиб қолгани ҳақидаги хабар матбуотни эгаллаганди.

Мусулмон аёлларга ҳам шафқат қилинмаяпти. Июл ойида ўнлаб аёллар интернетда "сотилади" деган эълонда ўз исмларини кўрди. Май ойида уларнинг кўпи, улар орасида Амин хоним ҳам бор, Интернетдаги ҳазил "аукцион"да сотувга қўйилди.

A Muslim protest in Mumbai on 28 June against the recent mob lynching of Tabrez Ansari in Jharkhand state

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Мусулмонлар 2019 йили оломон уриб ўлдирган Табриз Ансорий қотилларини жазолашни талаб қилиб намойиш уюштирдилар

Ўтган ой Деҳлида БЖП партияси собиқ етакчиси ташкиллаштирган акция иштирокчилари мусулмонларни ўлдиришга чақирувчи шиорларни айтиб бақирди.

"Буларнинг бари ҳиндулар тараққий қилиши учун мусулмонлар четга суриб қўйилиши кераклигига ҳиндуларни ишонтириш учун миллатчи сиёсатдонлар атай ва тизимли тарзда ўтказаётган кампаниялардир", дейди жаноб Жафри.

Профессор Эйжазнинг айтишича, мусулмон ишчи синфи - савдогарлар, электрик, сантехниклар, билагузук сотувчиларга ҳужумлар диний миллатчилик орқали иш ўринлари ва сиёсий иқтисодни назорат қилишга уриниш ҳамдир.

"Диний қарама-қаршилик чуқурлашмоқда. Ишончсизлик ортмоқда. Аммо нафратнинг ўзи ҳам фойда учун ғоя мусулмонларни бошқага, душманга айлантиришдир.

"Бошқани яратишдан мақсад, ўша бошқани йўқ қилмасак, ўзимиз йўқ бўламиз, деган ғояни тарғиб қилишдир. Шу билан нафратни уйғотасиз, қўрқув пайдо қиласиз, зўравонлик эса бу жараённинг бир қисмидир."

Аммо диний миллатчилик диний зўравонликларга олиб борувчи хавфли ғоядир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek