11 сентябр ҳужумлари ва Афғонистон: Террорга қарши урушда биз чиқарган беш сабоқ Afg'oniston

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Франк Гарднер
- Role, Би-би-сининг хавфсизлик масалалари бўйича мухбири
20 йил дунё бўйлаб террорга қарши урушиб, бундан ўзимизга қандай сабоқ чиқардик? Бугун, Афғонистон "ал Қоида" бошпана берган бир гуруҳ томонидан бошқарилаётган экан, биз 2001 йил 11 сентябр тонгидагидан кўра қанчалик донороқмиз?
АҚШнинг ўз тупроғида амалга оширилган энг даҳшатли террор ҳужумидан ларзага келган америкаликлар учун дунё айримларга кескин контрастда кўринади - яхши одамлар ва ёмон одамлар. "Ҳар бир давлат, ҳар бир минтақа ҳозир ўз қарорини қабул қилиши керак, - дея баёнот берган эди АҚШ президенти Жорж Буш 11 сентябр ҳужумларидан тўққиз кун ўтиб. - Ё сиз биз билансиз ёки террорчиларга ҳамтовоқсиз."
"Террорга қарши уруш" деган жараён бошланди. Аввал Афғонистон, сўнг Ироқ ишғол қилинди, "Исломий Давлат" (ИШИД) чиқди, Яқин Шарқ бўйлаб Эрон дастаклаган жангарилар урчиди, минглаб ҳарбийлар ўлди, ундан кўпроқ тинч аҳоли.
Террорчилик камаймади, Европанинг ҳар бир катта давлати кейинги йилларда ҳужумга нишон бўлди, аммо ютуқлар ҳам йўқ эмас. Ҳозиргача, даражаси 11 сентябр ҳужумларига тенг ҳужум бўлмади. "Ал-Қоида"нинг Афғонистондаги базалари йўқ қилинди, унинг лидерлари Покистонда ов қилинди. Сурия ва Ироқни даҳшатга солган ИШИД халифалиги йўқотилди.
Қуйидаги рўйхат баҳсли, батафсил эмас, албатта. Булар менинг Яқин Шарқ, Афғонистон, Вашингтон ва Гуантанамодаги воқеаларни кузатиш асносида келган хулосаларим.
1. Муҳим жосуслик маълумотларини баҳам кўриш
Белгилари бор эди, аммо ҳеч ким вақтида эътибор бермади. 11 сентябр ҳужумларидан аввалги ойларда Американинг икки жосуслик агентлиги ФҚБ(Федерал Фидирув Бюроси) ва Марказий разведка бошқармаси (МРБ) қандайдир нохушлик исини сезган.
Аммо ички ва ташқи жосуслик хизматлари ўртасидаги рақобат шу қадар бўлганки, улар билганларини бир-бири билан баҳам кўрмаган. 11 сентябр ҳужумлари бўйича Комиссия ҳисоботида йўл қўйилган камчиликлар кўрсатилгандан бери, бу соҳада муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.
2006 йили Виржинияда жойлашган Терроризмга қарши кураш АҚШ миллий марказига борганимда АҚШнинг 17 та агентлиги жосуслик маълумотларини кунлик асосда бир ерга тўплаётганига гувоҳ бўлдим.
Британия ҳам ўзининг ана шундай марказини ташкил қилган: Терроризмни таҳлил қилиш қўшма марказида (ТТҚМ) MI5, MI6, мудофаа, транспорт, соғлиқ ва бошқа соҳалардан ўнлаб мутахассислар бир том остида ўтириб, Британиянинг ичкаридаги ва хориждаги манфаатларига қарши террор хавфларини доимий тарзда баҳолаб боради.

Сурат манбаси, Getty Images
Аммо тизим мукаммал эмас. ТТҚМ ташкил этилганидан икки йил ўтиб, "Ал-Қоида" Лондонда Британия фуқаролари ёрдамида 7 июл ҳужумларини амалга оширди ва 50 дан ортиқ одам умрига зомин бўлди. Бир йил ўтиб, бир неча учоқларни ҳавонинг ўзида портлатиш режаси Покистоннинг ёрдами билан фош қилиниб, олди олинди, аммо Британия 2017 йилда бир неча ҳужумларга, жумладан, Манчестер портлашларига нишон бўлди.
Шундай экан, жосуслик маълумотлари ва уларни баҳам кўришнинг ўзи ҳам етарли эмас, агар вазифалар хато белгиланиб, нотўғри қарорлар чиқарилса.
2015 йилда Париждаги Батаклан ҳужумида 130 одам ўлди, суд ҳамон давом этмоқда. Бунга ҳам Европа расмийларининг жосуслик маълумотларини чегара оша вақтида баҳам кўрмагани сабаб бўлган.
2. Вазифани аниқ белгилаш ва чалғимаслик
Афғонистоннинг Толиблар қўлига ўтиши сабабларидан энг муҳими АҚШ бошчилигидаги қўшиннинг 2003 йили Ироқни ишғол қилиши эди. Бу хато қарор сабабли Афғонистон ўз ҳолига ташлаб қўйилди.
"Ал-Қоида" аъзоларини муваффақиятли овлаётган ва афғон ҳамкасблари билан Толибон исёнчиларини жиловлаб турган АҚШ ва Британия махсус кучлари Афғонистондан чиқариб олиниб, Ироқққа юборилди.
Бу эса Толибон ва бошқа гуруҳларни яна бирлашиб, кучайиб кетишига сабаб бўлди. 2003 йил ноябргача, мен Афғонистоннинг Пактика вилоятидаги АҚШ пиёда кучлари соқчилар отряди билан учрашганимда, улар ўз миссияларини "унутилган" деб атаётган эди.
Афғонистондаги илк миссия аниқ ва яхши бажарилганини унутиш осон. Толибон "Ал-Қоида" етакчиларини топширишдан бош тортганда, АҚШ Шимолий Альянс (Толибонга қарши курашаётган афғонлар) билан биргаликда Толибон ва "Ал-Қоида"ни муваффақиятли суриб ташлади.
Аммо келгуси йилларда миссия парокандаликка учради, ҳар томон оғиш бошланди.
Бу вақтда афғонлар ҳаёти анча яхшиланди, аммо "давлат қуриш" учун сарфланган миллиардлаб доллар маблағ коррупция ва исрофгарликка дуч келди.
3. Ҳамкорларни эҳтиёткорлик билан танлаш
Британиянинг 2003 йили Ироқ ишғолида яқин иттифоқчиси АҚШга шерик бўлгани унинг ишғолдан сўнг қилинадиган қарорларда иккинчи даражали бўлиб қолишини англатар эди.
Ироқ армиясини тарқатиб юбормаслик, БААС партияси аъзоларини ҳукуматдан бутунлай чиқармаслик ҳақида қилинган барча сўровлар эътиборсиз қолдирилди. Оқибатда ишсиз қолган, норози собиқ ҳарбийлар ва жосуслик хизматлари ходимлари мутаассиб жиҳодчилар билан ҳамкорлик қила бошлади. Ва бу ИШИД(ўзини "Исломий Давлат" деб атаган гуруҳ)ни дунёга келтирди.
11 сентябр ҳужумларидан сўнг бошланган саросимада АҚШ ва Британия жосуслари инсон ҳуқуқларида абгор бўлган режимлар билан ҳамкорлик йўлига ўтди.
Масалан, Ливияда полковник Қаддофийнинг режими 2011 йили ағдарилгач, журналистлар MI6 бош расмийсининг ливиялик ҳамкасбига йўллаган мактубини топдилар ва унда қамоқ ва ножоиз муносабатга дучор бўлиши мумкин бўлган исломий диссидентларни экстрадиция қилиш масаласи гаплашилган эди.
Бугун шафқатсиз жиҳодчилик Африканинг яхши бошқарилмайдиган ёки умуман бошқарилмайдиган ҳудудларида кўпаймоқда ва Ғарб аслида ҳамкорлик қилиши керак бўлганларга муаммо туғдирмоқда.
4. Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ёки ахлоқий устунликни бой бериш
Яқин Шарқда менга тез-тез айтиб қолишади: Биз АҚШни ёқтирмаслигимиз мумкин, аммо ундаги қонун устуворлигини доим ҳурмат қилганмиз. Гуантанамо қамоқхонасигача."
"Уруш майдонида" гумонланганларни бир ерга тўплаш, баъзида мукофот илинжида сотилган бегуноҳ одамларни ҳам қўшиб, кўзларини боғлаб, қулоқларини ёпиб, дунёни кесиб ўтиб, уларни АҚШнинг Кубадаги қамоқхонасига тиқиш Америка ва Ғарб обрўсига катта зарар етказди.

Сурат манбаси, Frank Gardner
Судсиз қамаш автократик давлатларда юз берадиган ҳолат. Араблар буни АҚШдан кутишмаган.
МРБнинг террорчиликда гумонланганлар ғойиб бўладиган махфий жойларида сувга бўктириш ва бошқа ноинсоний "кучайтирилган тергов" усулларидан фойдаланаётгани фош бўлгач, энг ёмони бошланди. Обама маъмурияти бунга чек қўйди, аммо зарар етказиб бўлинганди.
5. Чиқиш режаси бўлсин
11 сентябр ҳужумларигача бўлган Ғарб интервенциялари нисбатан тез ва содда бўларди. Сьерра Леоне, Косово ва ҳатто 1991 йилги "Саҳродаги бўрон" кампанияси ҳам ўз якунига эга эди.
Аммо АҚШ етакчилигида Афғонистон, сўнг Ироқ ишғол қилиниши биз "абадий уруш" деб атайдиган жараённи бошлади. 2001 ва 2003 йилдаги урушга бош қўшганларнинг бирортаси 20 йилдан кейин ҳам уруш давом этишини тасаввур ҳам қилмаган. Содда айтганда, Ғарб нимага аралашаётганини билмаган, ундан қандай чиқиб кетиш бўйича аниқ режаси ҳам бўлмаган.
Агар Ғарб 2001 йили Афғонистонда Толибон ва "Ал-Қоида"ни йўқотмаганда янада кўпроқ террор ҳужумлари бўлиши мумкинлигига шубҳа йўқ. Бу мамлакатдаги аксил террор амалиёти муваффақиятли бўлди, аммо давлат қуриш ишлари охирига етмади.
Ва бугун кўз ўнгимизда турган манзара умидсиз афғонларнинг АҚШ ҳаво кучларига қарашли C17 самолётларига осилиб бўлса ҳам, мамлакатдан қочиб кетишга жон ҳолатда уринаётганидир.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













