Билол Сарварий: учоқ бинога урилдию бутун ҳаётимиз ўзгариб кетди - Афғонистон Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Афғон журналист Билол Сарварий 2001 йили Толибоннинг қулаши ва ундан сўнг мамлакатда юз берган ўзгаришларни ўз кўзлари билан кузатган. Унинг фикрича, АҚШ бардавом тинчлик ўрнатиш йўлидаги имкониятни қўлдан бой берган. Мана, ўтган икки ҳафтада унинг ватани даҳшатли бурилишга учради ва бу Билолнинг ҳаётини ҳам хавфга қўйди.
2001 йили мен Пешавордаги "Pearl Continental Hotel"да гилам сотардим, одатий иш кунларидан бири эди.
Савдолар орасида ТВ экранига бир қур назар ташлаганим ҳеч ёдимдан чиқмайди, йўловчи учоғи Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази биносига бориб урилгани тасвирига кўзим тушди. Сўнг иккинчи учоқ ва яна бир учоқ Пентагонга урилди.
Шундан сўнг ҳаётимиз ўзгариб кетди.
Бутун халқаро эътибор ушбу ҳужумлар учун бош гумонланувчи - Усома бин Лоден ва унинг "ал-Қоида" ҳаракатига бошпана берганликда айбланаётган Толибон бошқарувидаги Афғонистонга қаратилди.

Сурат манбаси, BILAL SARWARY
Орадан бир кун ўтиб, хорижий медиаларнинг юзлаб ходимлари меҳмонхона вестибюлида тўпланиб, Афғонистонга боришда таржимонлик қилиши мумкин бўлган инглиз тилини биладиганларни излар эди. Ўшанда таклифни қабул қилдим, ўшандан бери бу ишимни давом эттирдим.
- Толибон учун Афғонистон шимолини тўлиқ олиш нега муҳим?
- Дўстумнинг ўғли қутқарилди, Мозори Шариф нисбатан тинч, Толибон Қандаҳорни ҳам олди
- Россия Ўзбекистон, Тожикистондан кейин энди Хитойга ўтдими? Афғонистон ва Толибон
- Афғонистон: Толибон сафида Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам жанг қилаяптими?
- Шимолий Афғонистон ва ўзбеклар: Маршал Дўстум қайтишидан кун ўтиб, Толибон унинг она шаҳрига бостириб кирди
Болалигимдан бери Афғонистонда бўлмагандим, ота-онам Советлар чиқиб кетиши ортидан 1990-йилларда Афғонистонда бошланган фуқаролар урушидаги зўравонликлардан қочган. Шунча йил ўтиб, илк марта Кобулга борганимда, вайроналикни кўриб, даҳшатга тушдим - бинолар бир уюм ахлату букилган темир терсакка айланиб қолганди. Шаҳарнинг жўшқин ҳаётидан асар қолмаганди. Одамлар қашшоқ, қўрқув ҳукмрон эди.
Аввалига Абу Даби ТВда ишлаб, беш нафар журналист билан Халқаро меҳмонхонада турдим. Ҳар тонг қўрқув туманида уйқудан турардим, америкаликлар Кобулни авиаҳужумга тутаётганди. "Ал-Қоида" ва Толибон одамлари меҳмонхонамизга келиб кетишди, уларнинг кўчаларда изғиб юрганини кўрардик. Тун бўйи портлашлар овози тинмади. Навбатдагиси меҳмонхонамиз бўлмасмикан деб ўйлардим ўша чоғ.
Шундай қилиб, бир куни тонгда Толибон кетди.
Бир неча соат ичида одамлар соқолларини қирдириш учун сартарошхона олдида навбатда турарди. Ритмик афғон мусиқаси портлашлар овози қолдирган бўшлиқни тўлдириб, кўчаларда жарангларди. Ўша тонг Афғонистон қайта туғилди.

Сурат манбаси, Getty Images
Шу вақтдан эътиборан, нормал турмушга қайтаётган оддий афғонларнинг ҳаётини яқиндан кузата бошладим, таржимон сифатида эмас, журналист сифатида. Тора-Борадаги воқеалардан тортиб, Пактиадаги Шай Коат жангигача ёритдим, Толибоннинг ағдарилишини кўрдим.
Уларнинг жангчилари тоғлардаги қишлоқларга тарқалиб кетди, етакчилари эса Покистонга қочди. Ортга қарасам, бу қўлдан берилган фурсат эди, АҚШ Толибон билан ўтириб, тинчлик музокарасини олиб бориши лозим эди. Ўшанда Толибон жангчилари орасида қуролларини топшириб, одатий ҳаётга қайтишни чин дилдан истовчилар бор эди. Аммо америкаликлар буни истамади. Менинг репортажларимдан менга ва бошқа афғонларга америкаликларнинг мақсади 11 сентябрь ҳужуми учун ўч олиш бўлиб кўринди.
Кейинги йиллар хатолар каталогини тўлдириб борди.
Камбағал ва айбсиз афғон қишлоқликлари бомбаланди ва қамоққа олинди. Афғон ҳукуматининг хорижликларга уруш олиб боришга рухсат бериб қўйгани ҳукумат ва халқ ўртасидаги жарликни кенгайтирди. Эсимда, америкаликлар Кобул Гардез ўртасидаги катта йўлда Саид Абасин исмли таксичини адашиб тутиб, қамаб қўйишганди. Унинг отаси Рошан "Ariana" авиаширкатининг машҳур ходими, кекса бир киши эди. Биз бу хатоликни фош қилдик, Саид озод бўлди. Аммо ҳамманинг ҳам бу борада унингдек омади чопмаган.

Сурат манбаси, Getty Images
Америкаликлар оддий афғонлар ҳаётидаги йўқотишларни кўпайтириб, қаттиққўл муносабатни давом эттиришди. Улар америкаликлар орасида қурбонлар бўлишини камайтириш учун пиёда қўшинлар ўрнига бомбалар ва дронлардан фойдаланишди. Америкаликларга бўлган ишонч камайиб борди, тинчлик музокараларига бўлган умид ҳам сўнди.
Афғонистон қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида умумий тасаввурлар бор эди. Мен энди катта йўлда минглаб километр қўрқмай машинада юришим мумкин эди. Мен мамлакатни кесиб ўтиб, Кобулдан то Хост ва Пактика вилоятларидаги олис қишлоқларга ярим кечаси ёки эрта тонгда кириб борардим. Афғонистоннинг бетакрор қишлоқларини кезиб чиқиш мумкин эди.
2003 йил бурилиш нуқтаси бўлди.
Исёнчилар янги бир куч билан қайта ҳужумларни бошлади. Юк машинасидаги бомба портлаб Кобулнинг қоқ марказини вайрон қилган, бутун шаҳарни силкитиб, ойналарни чил чил қилган кунни эслайман. Мен у ерга етиб борган биринчи журналистлар орасида эдим, кўрганларим мен учун ҳамон оғриқли. Мен кундалик ҳаёт янгича ўзанга бурилганига гувоҳ бўлдим - ўлган жасадлар, гўшт, қон қоплаган майдон.
Аҳвол ёмонлаша борди. Кейинчалик юк машинасидаги бомбалар, афғон ва хорижий кучларга, шаҳар марказидаги тинч аҳолига қарши худкушлик ҳужумлари можаронинг янги, шафқатсиз бобининг дебочаси бўлди. Бунга қарши америкаликлар ҳаво ҳужумларни кучайтирди, бу сафар улар Толибонга алоқадор деб ишонилган нишонлар сонини орттирди - қишлоқ жойлардаги жаноза ва тўй маросимлари.
Оддий афғонлар осмонга қўрқув билан боқадиган бўлди. Тонг отишию кун ботиши, осмон тўла юлдузлар илҳом манбаи бўлган кунлар ҳам ўтиб кетди.
Бир сафар Қандаҳорга яқин Арғардоб дарёсининг ям яшил водийсига мамлакатнинг машҳур анорларини кўриш иштиёқида бордим. Аммо борганимда мевани эмас, аҳолининг оқаётган қонини кўрдим. Мен кўрган манзара Афғонистон қишлоқларида юз бераётган ҳодисаларнинг бир кичик кўриниши эди.
Толибон бу водийга киришга уриниб кўрди, аммо ҳукумат кучлари уларни суриб ташлаш учун қўлидан келганини қилди. Ҳудуд назорати ҳали у, ҳали бу томонга ўтиб турар, оддий афғонлар ўртада сарсон эди. Ўша куни 33 та ҳаво ҳужуми бўлганини санадим. Толибон неча марта машинада худкушлик ҳужуми қилгани саноғидан адашиб кетдим. Уйлар, кўприклар, боғлар вайрон бўлди.

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШнинг кўплаб ҳаво ҳужумлари ер талашаётган ёки ўртада бошқа адовати бор одамларнинг ўч олиш учун берган хато маълумотларига асосланиб амалга оширилди. АҚШ аскарлари ва маҳаллий аҳоли орасида ўзаро ишончсизлик ўсиб боргани сабабли АҚШ кучлари рост билан ёлғонни ажратиши қийин бўлиб қолди. Толибон бу ҳаво ҳужумларидан халқни ҳукуматга қарши йўналтириш учун фойдаланди, бу эса уларга ўзларига одам ёллашини осонлаштирди.
Айнан ана шу вақтда (2001-2010) 11 сентябрь авлоди - Ҳиндистон, Малайзия, АҚШ ва Европада ўқиш имконига эга бўлган авлод ўз ватанларига қайтиб, қайта қуриш ишларига қўшилди. Бу янги авлод миллий ёшаришнинг бир қисми бўлишига умид қилинганди. Аммо улар янги синовларга рўпара келди. Улар америкаликлар ҳуқуқ бериб қўйган янги дала қўмондонларини кўрдилар. Улар коррупция авжига чиқаётганини кўрдилар. Мамлакат ўз идеалларидан узоқлашар экан, кундалик прагматик ёндашув одамни бошқаради. Жазосизлик маданияти урчиди.
Мамлакатимиздаги манзара алдамчи.
Унинг гўзал водийлари, қиррали чўққилари, шитоб дарёлари, митти қишлоқларига маҳлиё бўлиш осон. Бир қарашда сокин кўринган бу манзара оддий афғонларга хотиржамлик бермади. Хавфсизлик бўлмаса, ўз уйингизда ҳам тинч бўлмайсиз.
Тўрт йилча аввал Вардак вилоятидаги кичик бир қишлоқда ўтган тўйда бўлдим. Қош қораяр экан, одамлар тўпланиб, юлдузлар остида таом ейишар эди. Осмон мусаффо эди. Тўсатдан тунни дрон ва учоқларнинг гулдироқ овози тутди. Яқин атрофда қандайдир амалиёт кетаётгани аниқ эди. Тўй иштирокчиларини қўрқув босди.

Сурат манбаси, Getty Images
Ўша оқшом кечроқ бир Толибон жангчисининг отаси билан Кобул палови, нон ва гўшт еб ўтирардим. У менга ўғли Ҳелмандда қандай ўлганини батафсил сўзлаб берди. Унинг ўғли 25 ёшда экан, ундан икки фарзанди ва беваси қолган.
Ота ўзим оддий деҳқон бўлсам ҳам, ўғлим нариги дунё учун курашган жасур жангчи эди, деб тушкун бир фахр билан гапирганида тилим айланмай қолди. Унинг юзларида оғриқ ва аламнигина кўра олардим, холос. Толибон назоратида мусиқа ҳатто тўйларда ҳам тақиқланган эди. Шунга қарамай, тўйга келганлар ана шундай ғамгин ҳикоялар сўзларди.
Одамлар Толибоннинг инсоний йўқотишларига кўпда эътибор бермайди - урушнинг нариги тарафидаги бевалар, ўғлидан ажралган оталар, уруш сабабли азоб чеккан ёшлар.
Толибон жангчисининг отасидан нима исташини сўраганимда, унинг кўзлари ёшга тўлиб, "уруш тугашини истайман. Тўйдириб юборди. Фарзанд доғини яхши биламан. Афғонистонга тинчлик керак, оташкесим керак", деди.
Менинг Кобулдаги офисим улкан ҳарбий госпиталдан бир неча километр нарида жойлашган.
Мен туғилиб ўсган Кунар вилоятидан келадиган оилам, дўстларим, танишларим менга ўша госпиталга Афғон Миллий Хавфсизлик кучлари аъзоси бўлган қариндошларининг жасадларини таниб олишга биргаликда боришга таклиф қилишади. Баъзан менинг вилоятим гўё тобутлар тагида босилиб кетгандек ҳис қилардим.
Америкаликлар Доҳада Толибон билан музокараларни бошлаганда бизда умид пайдо бўлди. Мамлакат кенг қамровли ва давомий оташкесимни истайди, музокаралар эса бунга ягона йўл бўлиб кўринарди. Миллионлаб афғонлар каби мен ҳам бутун ҳаётим давомида ватанимда тинчлик бўлганини кўрмаганман.

Сурат манбаси, Getty Images
Умидларимиз чил-чил бўлиши учун кўп вақт кетмади. Музокаралардан мақсад тинчлик эмас, балки уруш майдонидаги ғалабадан кўпроқ фойда олиш кўзлангани маълум бўлиб қолди. Оддий афғон учун буларнинг бари беҳуда эди. Америкаликлар 6000 Толибон жангчиси ва командирини қамоқдан чиқариб юборди, яъни тинчлик жараёни ва оташкесим учун улар сотиб юборилди. Аммо тинчлик бўлмади.
Аксинча, тинчлик жараёни юқори даражали суиқасдларга қўшилиб кетди. Мамлакатимизнинг медиа, суд соҳасидаги энг истеъдодли инсонлари Кобул ва бошқа жойлардаги ўз уйлари остонасида ўлдирила бошлади.
Америкаликлар ва Толибон ўртасида музокаралар борар экан, бир маҳаллий полиция бошлиғи ҳарбий кенгаш йиғилиши вақтида ўрнидан туриб, америкаликларни душман билан музокара қилиб афғон халқини ташлаб кетаётганликда айблагани эсимда. "Улар ортимиздан пичоқ уришди", деганди у ғазаб билан. Бошқа афғонлар каби унинг ҳам америкаликларга муносабати оғриқли эди.
Синфдошларимдан бири Толибон аъзоси, ёшимиз тенг. Ўтган 20 йил давомида, гарчи турли мафкураларни тутган бўлсак да, бир биримиз билан гаплашиб турдик. Аммо яқинда уни бир тўйда кўрдим, унинг муносабати муросасизлашган, аччиқлашган эди. Бу уруш афғонларни қанчалар иккига ажратиб ташлаганини ҳис қилдим. Учрашганимизда деярли гаплаша олмадик. У мен Пешаворда кўрган крикет ўйнайдиган, юзимизга апельсин отадиган йигитга ўхшамай қолганди.
У бир кун келиб қарши томонда бўлиб қолиши тушимга ҳам кирмаганди.
Унинг ўтмиши ҳам жароҳатли шахсий йўқотишдан холи эмас. Унинг акаси, отаси ва амакиси хато жосуслик ва майда адоват сабабли берилган маълумотга таяниб қилинган рейдда ўлдирилган. Биз шундай ажралиб қолган эканмиз, бир кун келиб миллий битишув бўлишига умид қилишимиз мумкин, холос.
Аммо бу узоқ келажакдаги эҳтимол. Мен ўтган ҳафталарда умуман урушмасдан оммавий тарзда Толибон қўлига таслим қилинган вилоятлар марказларидаги воқеаларни ёритдим. Аммо улар Кобулга ҳам келиб, уни эгаллашларини тасаввур ҳам қилмагандим.

Сурат манбаси, US ARMY
Улар Кобулни эгаллашларидан бир кун олдинги тунда мен гаплашган мулозимлар пойтахтни АҚШ авиацияси ёрдамида сақлаб қолишга ҳамон ишонарди. Сўнг муваққат раҳбариятни инклюзив ҳукуматга топшириш ҳақида музокаралар бўлди. Аммо у вақтда собиқ президент Ғани вертолётда жуфтакни ростлаган, Толибон эса зумда шаҳарга кирганди. Қўрқув кайфияти ҳукмрон эди - одамлар уларнинг қайтишидан даҳшатда эди.
Мен ҳам ҳаётим хавфдалигини сездим.
Икки марта алмаштиришга етарли кийимларимни олиб, хотиним, ҳали эмизикли қизим ва ота онам билан яшириндим. Бу шаҳарни яқиндан биламан, ҳар бир қарич ерини. Мен бу шаҳарга мансубман, аммо бу ерда хавфсиз жой йўқлигига одамнинг ишонгиси келмайди.
Мен қизим Сола ("тинчлик" дегани) ҳақида ўйладим. Биз қизим учун умид қилган келажак пароканда бўлиб ётибди. Аэропортга борар эканман, Афғонистонни иккинчи марта тарк этаётганимни эсладим. У ерга етиб борганимда ишлаган вақтларимдаги хотиралар онгимга қуюлиб келди - мулозимлар билан чиққан сафарларим, уруш майдонларидан репортажлар...
Сўнг қочиш учун қатор тизилиб турган одамларни кўрдим. Афғонларнинг бир авлоди ўз орзулари, умидларини кўммоқда эди.
Аммо бу сафар бу воқеаларни ёритиш учун келмадим. Мен улардан бирига айланиш учун шу ердаман.

Сурат манбаси, BILAL SARWARY

Сурат манбаси, BILAL SARWARY

Сурат манбаси, BILAL SARWARY

Сурат манбаси, BILAL SARWARY
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














