Токио Олимпиадаси: Ҳижобли муслима ҳакам тарихга киради Islom dini musulmonlar dunyo yangiliklar

Сара Жамол Олимпия Ўйинлари тарихидаги биринчи ҳижоб ўраган мусулмон аёл ҳакам бўлади

Сурат манбаси, Sara Gamal

Сурат тагсўзи, Сара Жамол Олимпия Ўйинлари тарихидаги биринчи ҳижоб ўраган мусулмон аёл ҳакам бўлади
    • Author, Лебо Дисеко
    • Role, Global Religion мухбири

Сара Жамол Олимпия Ўйинлари тарихидаги биринчи ҳижоб ўраган мусулмон аёл ҳакам бўлади. Унинг асли касби муҳандис-қурувчи. Аммо баскетбол ўйнаган. Баскетбол ўйинчисидан кейин ҳакамга айланган. Энди эса, тарихга киради.

Мисрлик Сара Жамол кўплаб ютуқларга эришган. Муҳандис қурувчи ва ҳакамга айланган баскетбол ўйинчиси бўлмиш Сара Олимпия Ўйинлари тарихига кирмоқчи.

У Олимпия Ўйинларида биринчи ҳижоб ўраган мусулмон аёл ҳакам бўлади.

Нафақат бу жиҳатдан, балки у ҳакамлик қиладиган баскетбол ўйин тури ҳам июль ойида Токиода илк марта Олимпия Ўйинларига киритилади.

3x3 баскетбол дунё бўйича шаҳарларда энг кўп ўйналадиган жамоавий спорт бўлиб, асосан дам олиш паркларида ўйналадиган стритбол, блэктоп каби ўйинлардан келиб чиққан.

Ҳисоб-китобларга кўра, 182 мамлакатда 430 мингдан ортиқ одам 3x3 баскетбол ўйнайди.

Сара бу ишларда ўзига дини суянчиқ бўлганини айтади

Сурат манбаси, Sara Gamal

Сурат тагсўзи, Сара бу ишларда ўзига дини суянчиқ бўлганини айтади

Сара, шунингдек, Олимпиада 3x3 баскетбол ўйинларини бошқарадиган биринчи араб ва африкалик аёл бўлади.

"Бунинг учун бор кучимни сарфлайман"

Сара Олимпия Ўйинларида қатнашиш "орзуим" дейди.

Пандемия сабабли Ўйинларнинг ўтказилиши номаълум бўлиб қолган эди.

"Ўтказиладими, йўқми, тўғриси, жуда хавотирда эдик. Ниҳоят ўтказиладиган бўлди."

Оилам бундан жуда фахрланяпти, дейди Сара. Аммо у бундай катта муваффақиятдан кейин масъулият юки ҳам ошишини билади.

"Фақат ўз номингдан эмас, балки Африка ва араб дунёси номидан қатнашиш катта масъулият. Аммо осон эмас, улар учун энг яхши вакил бўлишни истайман ва бунинг учун бор кучимни сарфлайман."

Сара мулойим, дўстона жилмайиб сўзлайди. У Руминияда ўтган баскетбол ўйинига ҳакамлик қилиб, ўз юрти, Мисрга қайтганда суҳбатлашдим.

"Ҳар сафар нимагадир эришиб, энг каттасига эришдим деб ўйлаганимда, Аллоҳ мени янги имкониятлар, аввалгидан ҳам каттароқ муваффақият билан сийлаб ҳайратда қолдиради", дейди у менга.

"Ўтган мавсумда Миср эркаклар лигаси ярим финалини бошқаришга номзодимни илгари суришди. Шунинг ўзи ўзига хос бир муваффақият эди."

Шу мавсумда Сара ўз муваффақиятларини янада оширди - эркаклар ўртасида Миср чемпионати ва Африка Баскетбол Лигаси финалини бошқарди.

"Булар мен ва Мисрдаги аёл ҳакамлар учун катта қадам бўлди, чунки мамлакатда биринчи марта эркаклар ўртасидаги беллашув финалини аёл ҳакам бошқарди."

Сара ҳакамлик қиладиган баскетбол ўйин тури ҳам июль ойида Токиода илк марта Олимпия Ўйинларига киритилади

Сурат манбаси, Sara Gamal

Сурат тагсўзи, Сара ҳакамлик қиладиган баскетбол ўйин тури ҳам июль ойида Токиода илк марта Олимпия Ўйинларига киритилади

Икки йўлдан юриш

Саранинг охирги ютуқларига қарамасдан, унинг Олимпия Ўйинларигача бўлган йўли узун бўлди.

У бу йўлдан болалигида опаси баскетбол ўйнаганда уни кузатиб, унга қўшилиб машғулотларга борганда юришни бошлаган. Атиги беш ёшида Сара ўйнашни бошлаган, 15 ёшга бориб эса, ҳакамлик қила бошлайди.

Саккиз йил давомида у ҳам ўйинчи, ҳам ҳакам эди. Ўйинни тўхтатиб, ҳакамлик қилишга ўтиш қарори Сара учун жуда катта синов бўлган эди.

"Бу борада биринчи бўлганингизда осон бўлмайди - жуда жасур бўлишингиз керак."

"Аммо бирор нарсага ишонсангиз, бирор ишга киришганингизда у албатта амалга ошишига ҳам ишонишингиз лозим."

Сара бир вақтда бир неча ролларни мувозанатда ушлаши керак эди. У ҳамон муҳандислик қилади, баскетбол орзуси кетидан кетаётган бир вақтда беш йил ўқиди ҳам.

Жуда қийин эди, дейди у, "аммо менга икки иш учун бирдек вақт ажратишга ўргатган оиламнинг дастаги катта бўлди".

Ҳозир ҳамкасблари ҳам уни қўллаб қувватлайди.

"Улар ўйинларимни томоша қилишади ва албатта Олимпия Ўйинларида ҳам мени қўллашади."

Сара Олимпия Ўйинларида қатнашиш "орзуим" дейди

Сурат манбаси, Sara Gamal

Сурат тагсўзи, Сара Олимпия Ўйинларида қатнашиш "орзуим" дейди

Аллоҳ раҳномолигида

Бу ишларда унга дини суянчиқ бўлганини айтади Сара.

"Агар мен бор кучим билан ҳаракат қилсам, яхши натижага эришишимга ишонаман. Имкониятингиз борича ишлашингиз керак. Кейин ҳаракат қилдим, у ёғи Аллоҳга ҳавола унинг ўзи йўл кўрсатади."

У ҳар бир ўйиндан олдин Худога юзланади.

"Мен дуо қиламан, "Аллоҳ бу жуда яхши беллашув бўлиши учун ўзинг ёрдам бер", дейман."

Айни ана шу эътиқод унинг нима кийишини белгилаб берди. Сара қоидаларга киритилган 2017 йилги ўзгартишдан сўнг халқаро даражадаги беллашувда ҳижобда қатнашаётган илк ФИБА (Халқаро Баскетбол Федерацияси) ҳаками бўлди.

Муносабат ижобий бўлди, дейди Сара.

"Ҳатто айрим ўйинчилар кийимимни мақташади ҳам, - дейди у. - Бу мен учун шуниси билан муҳимки, мен бошқа аёл ҳакамларга бир пайтда ҳам ўз эътиқодига содиқ қолиш, ҳам ўз орзулари учун интилиш йўлини очиб қўйдим."

Унинг айтишича, ватанидаги кўплаб аёл ҳакамлар унга ёзиб, "катта турнирларда қатнашиш, дунё бўйлаб сафар қилиш имконимиз йўқ", деб айтишади.

"Мен уларга мендан яхшироғига эришишлари мумкинлигини айтаман. Мақсадингизга исталган жойда эришишингиз мумкин. Бунинг учун кучингиз етади."

"Улар ўз келажакларини ҳакам сифатида кўра олиши ва қаттиқ меҳнат қилса, ўз орзуларига етишларига ишонишлари фахрланарлидир."

Бутун дунёдан мусулмон қизлар уни кўрса ва унинг муваффақиятларидан илҳомланса, у шуни истайди.

"Энг яхшиси бўлишга интилинг, маррани катта олинг, сўнг каттароғига эришишингиз мумкин. Биз, аёлларда мўъжизакор куч борлигига ишонаман. Биз жуда, жуда кучлимиз."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek