Эронда сайлов: Эронликлар қаттиққўл муллани президент қилиб сайлашадими? Eron dunyo yangiliklar

Эронда президент сайлови

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бирор бир аёл номзод Эрон президент сайловида беллашишга ҳақли бўла олишмаган

Эронликлар мамлакатнинг янги президентини сайлашмоқда. Ислоҳотчи Ҳасан Руҳонийнинг курсиси учун беллашаётган тўртта номзоддан учтаси - қаттиққўл анъанадорлар. Кўплаб бошқа таниқли номзодлар сайловга қўйилмаган.

Бу йилги президент сайловида беллашиш учун жами 600 киши даъвогарлик қилишган.

Уларнинг 40 нафари аёллар экани айтилган.

Аммо Эрон Инқилоб Гвардиячилари Кенгашининг 12 нафар ҳуқуқшунос ва илоҳиётчидан иборат ҳайъати ўтган ой ҳаммаси эркаклардан иборат етти номзоднигина якуний рўйхатда қолдирган.

Ўзи сайланмайдиган худди ана шу кенгаш Эронда номзодлар масаласида якуний сўзни айтувчи идора ҳисобланади.

Кенгаш Эроннинг биринчи вице-президенти Ишоқ Жаҳонгирий ва мамлакат парламентининг консерватив собиқ спикери Али Ларижоний каби таниқли номзодларни ҳам сафдан чиқариб ташлаган.

Пайшанба кунига келиб, тасдиқланган номзодларнинг уч нафари - Эрон Миллий Хавфсизлик Олий кенгаши котиби Саид Жалилий, депутат Алиризо Законий ва ислоҳотчи собиқ вице-президент Муҳсин Меҳрализодалар ҳам президентлик пойгасидан чиқиб кетишган.

Фаворит...

Иброҳим Раисий

Сурат манбаси, Reuters

Эрондаги ижтимоий сўровлар тўртта номзод орасидан мамлакат адлия тизимига масъул анъанадор шиа руҳонийси Иброҳим Раисийнинг фаворит эканига далолат қилаётир.

Унинг асосий мухолифати сифатида эса, Эрон Марказий Банкининг собиқ раиси, мўътадил номзод Абдулносир Ҳимматий тилга олинмоқда.

Диссидентлар ва айрим ислоҳотчилар орада президент сайловини бойкот қилишга ҳам чақириб чиқишган.

Улар президентликка жиддий даъвогар айрим номзодларнинг четлатилиши Иброҳим Раисий фойдасига хизмат қилиши, сайловнинг деярли рақобатларсиз кечишини айтишган.

Жума куни тонгда янги президент учун ўз овозини бериб бўлган Эрон Олий руҳоний раҳбари Оятуллоҳ Али Хаменеи эса, бошқаларни ҳам сайловда иштирок этишга ундаган.

"Ҳар бир берилган овоз муҳим...келинг ва ўз овозингизни беринг. Бу мамлакатингизнинг келажаги учун муҳим", - деб айтган Эрон Олий руҳоний раҳбари.

Сайлов ва кайфият

Эрон ва АҚШ

Сўнгги уч йил ичида мамлакатда иқтисодий аҳвол анча ёмонлашган, мавжуд ҳолат Эрондаги кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлмай қолмаган.

Бунга АҚШнинг Эрон билан ядровий битимдан чиқиб, расмий Теҳронга яна қаттиқ санкциялар киритгани сабаб бўлган.

Эрондаги президент сайлови Венада томонлар ўртасида ушбу битимни қайта жонлантиришга қаратилган музокаралар кечаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Агар, мазкур келишув қайта кучга кирса, бу Эронга қарши санкцияларнинг яна юмшатилишига олиб келиши мумкин.

Эроннинг Ғарб билан алоқаларини яхшилашга интилаётган амалдаги президенти мўътадил Ҳасан Руҳоний эса, бу галги сайловда беллаша олмайди.

Чунки кетма-кет икки бор мамлакат президенти этиб сайлангани боис, ортиқ бундай қилишга қонунан ҳақли эмас.

Агар биринчи босқичида бирор бир номзод 50 фоиздан кўп овоз ололмаса, президент сайлови қайта ўтказилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek