Россия янги Совуқ урушни хоҳламайдими ва Байден Путинга нима совға қилди? Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Жо Байден ва Владимир Путин Женевадаги саммитда

Сурат манбаси, PETER KLAUNZER / POOL

Россия ва АҚШ президентлари Женевада гаплашиб бўлишди. Дунёнинг икки ядровий қудрати Украина, Навальний, инсон ҳуқуқлари ва яна қатор масалалар ҳақида сўзлашишди. Аммо нимага эришишди? Путин ҳам Байденга ҳадя бердими?

Путин ва Байденнинг ўзи Женевадаги мулоқотларини мақташди, аммо 2018 йилдан буён илк бор ўтказилган бу музокараларда томонлар кўп нарсага эришишмади.

Гаплари бир жойдан чиқмаган масалалар кўп бўлганини АҚШ президентининг ўзи ҳам эътироф этди.

Аммо Жо Байден Женевадаги музокаралар ортидан Россия янги Совуқ урушини истамаслиги аниқ эканини айтди.

АҚШ президенти умуман олганда музокаралардан қониқиш ҳосил қилгандек қиёфа ва оҳангда кўринди.

Жой Байден Россия халқаро майдондаги обрўсини сақлаб қолишга ҳаракат қилиши кераклиги, аммо бунга кибер-ҳужумлар ва сўз эркинлигини чеклаш билан эришиб бўлмаслигини ҳам таъкидлади.

Путин эса, музокаралар ортидан берган матбуот анжуманида Женевага "ҳеч нарсани хаёл қилмай" борганини очиқча баён қилди.

Россия президенти Владимир Путин

Сурат манбаси, Reuters

Россия президенти Жо Байденни тажрибали давлат арбоби, деб атаркан, суҳбат чоғида "ораларида ўзаро адоват бўлмагани"ни ҳам қайд этди.

Икки давлат президентлари режада кўзда тутилганидан кўра камроқ гаплашишди, мулоқотлари уч соатча давом этди.

Путиннинг айтишича, Москва ва Вашингтоннинг турли масалалар бўйича баҳолари турлича бўлган, аммо шунга қарамай, ҳар икки томон ҳам бир-бирларини тушуниш илинжида эканликларини намоён этишган ва мулоқот амалий руҳда бўлган.

АҚШ президенти нега гапни анча калта кесишгани сабабига ойдинлик киритаркан, узоқ гаплашишларига ҳожат бўлмагани, энди Россия билан муносабатларни яхшилашнинг ҳақиқий истиқболи мавжуд эканини таъкидлади.

АҚШ президенти Путинга ўзи ёқтирган услубдаги авиатор қуёш кўзойнаги ва бизоннинг биллур ҳайкалчасини совға қилди.

Путин Байденга бирор нарса ҳадя қилган-қилмагани эса, ҳозирча маълум эмас.

Аммо 2018 йилда Хельсинкида бўлиб ўтган музокаралари ортидан Россия президенти Дональд Трампга футбол тўпи совға қилгани маълум.

Владимир Путин ва Жо Байден

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, АҚШ томони Женевадаги мулоқот амалий руҳда ўтди, деган фикрда

Женевада эса, Путин ва Байден ядровий қурол-яроғлар назорати бўйича мулоқотларини бошлашга рози бўлишган.

Икковлон ўз элчиларини ортга қайтариш борасида ҳам бир тўхтамга келишган.

Расмий Вашингтон Россияни 2020 йилги АҚШ президенти сайловига аралашишда айблаши ортидан, томонлар шу йил март ойида ўз элчиларини ортга чақириб олишганди.

Бироқ, бошқа масалаларда, жумладан, киберхавфсизлик, Украина ва ҳозирда колонияда икки ярим йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Россия мухолифати лидери Алексей Навальнийнинг тақдири борасида аниқ-таниқ бир нарсага келиша олишмаган.

Аммо АҚШ президенти Навальний қамоқда ўлса, бунинг оқибатлари Россия учун "ҳалокатли" бўлиши билан огоҳлантирган.

Женевадаги музокаралар ортидан Путиннинг АҚШга ёки Байденнинг Россияга ташрифи ҳам кутилмаётгани маълум бўлган.

Россия президентининг айтишича, суҳбатдоши билан иккови бир-бирларига бундай таклиф билан чиқишмаган.

Путин бунинг учун лозим шарт-шароит пишиб етилиши кераклигини таъкидлаган.

Россия ва АҚШ президентларининг узоқ кутилган мулоқоти икки давлат ўртасидаги муносабатлар энг ёмон бўлган бир пайтга тўғри келган.

Дунёнинг икки ядровий қудрати ўртасидаги мулоқот худди шуниси билан ҳам четдаги кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлган, унга "узоқ кутилган" учрашув сифатида баҳо берилганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek