Россия: Консуллик хизматлари тўловлари нега қўшнилардан кўра анча қиммат? Video O'zbekiston Rossiya yangiliklar

Сурат манбаси, kun.uz
- Author, Соҳиба Ҳаёт
- Role, BBCUZBEK, Москва
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Ўзбекистонликлар консулликка $55 доллар тўлаб оладиган ватанга қайтиш гувоҳномасини тожикистонликлар $10 долларга олишади. Ёки Ўзбекистон консуллигида хорижга чиқиш паспортлари тўлови $220 долларгача бўлса, Қирғизистон консуллигида $50 доллар.
Ўзбекистоннинг Россиядаги консулликларидаги хизмат нархлари нима учун қўшни давлатларга нисбатан анча қиммат?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ўтган йили биргина хорижга чиқиш паспортини олиш учун Ўзбекистонга бориб келишимга тўғри келганди.
Бунинг учун ўртача $400 доллар йўлкира, паспорт учун давлат божи ва 2 ҳафта вақт сарфлаганман.
Шунда "Россияда ўзбекистонлик бўлиш қанчалик қийин", деб ўйлагандим.
Чунки тожикистонлик ёки қирғизистонлик бўлганимда янги паспортни Москванинг ўзида осон ва арзонга олган бўлардим.

Сурат манбаси, Screenshot
Юрист Ботиржон Шермуҳаммад билан Ўзбекистоннинг Россиядаги консулликлари хизматлари божлари тўловларига белгиланган нархларни қўшни мамлакатларнинг Россиядаги консулликлари хизматлари тўловларига таққосладик.
- Аввал ҳам Ўзбекистон консуллигида хизмат тўловлари Қирғизистон, Тожикистонникига қараганда қимматроқ эканини айтардик. Буни ўтириб, жиддий таҳлил қилганимизда шу нарса аниқ бўлдики, ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонни консуллик бўлимларидаги тўловлар анча қиммат, - дейди Ботиржон Шермуҳаммад.
Юристнинг айтишича, Россиядаги консулликда Ўзбекистон фуқароларига энг кўп бериладиган ҳужжат: ватанга қайтиш гувоҳномаси. Собиқ консул Меҳриддин Хайриддинов ҳуқуқшуносга мазкур ҳужжатнинг ўзидан 16 мингдан ортиқ кишига берилганини маълум қилган.
Ватанга қайтиш гувоҳномаси учун консуллик хизмати учун тўлов нархлари қуйидагича:

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Буларнинг барчаси Москвадаги консулликлар билан таққосланган.
- Бундан ташқари, Ўзбекистон консуллигида хорижга чиқиш паспортлари бериш бошланди. Унга $160 доллар давлат божи белгиланган. Агар паспорт йўқолган, йиртилган, яроқсиз ҳолга келтирилган бўлса, $50 ёки $70 доллар қўшимча тўлови ҳам бор. Бир паспортни олиш жами $220 долларга яқинга тушади, дейди Ботиржон Шермуҳаммад.
Шундай қилиб, хорижга чиқиш паспортларининг консулликлардаги нархлари қуйидагича:

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Кўриб турганингиздек, нархларда катта тафовут бор.
Бундан ташқари, қўшни мамлакатларимизда нотариал хизматлар ҳаракатлари қилинаётгани, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, никоҳ ҳақидаги гувоҳнома ҳам берилаётганини кўрдик. Ва жудаям қизиқ бўлган ҳолат - Тожикистон элчихонасида, ҳаттоки, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш имконияти бор экан, - дейди Ботиржон Шермуҳаммад.
"Бизда, афсуски, бундай имконият йўқ. Жудаям кўп ҳайдовчилар келиб бу ерда ишлаб юришибди. Улар ҳам имкон борми-йўқми, деб кўп сўрашади. Шу нарсалар йўлга қўйилса, яхши бўларди".
Бу нархлар аввалдан - мигрантларга эътибор суст бўлган даврлардан қолиб кетган, балки янги Ўзбекистон расмийларининг хабари йўқдир?
Юристга кўра, бу масала аллақачон кўтарилган, аммо ҳозирча натижа бергани йўқ.
- Яқинда бу масалани Ўзбекистон Олий Мажлисининг Сенат раиси Танзила Норбоева келганида ҳам айтдик. Адлия вазири Русланбек Давлатов билан учрашувда ҳам бу мавзуни кўтардик - дейди Ботиржон Шермуҳаммад ва фикрларини билдирди.
"Элчихона миқёсида ҳал қилинадиган нарса эмас, Ташқи ишлар вазирлиги миқёсида ҳал қилинадиган масала. Яна шунга ўхшаган масалаларни кўтараяпмизки, улар иложи борича кўриб чиқилиб, енгиллик қилинса яхши бўларди.
Ўзбекистонда одамларни иш билан таъминлашда муаммо бор, ҳатто ҳуқуқ ҳимоясида ҳам катта ютуқларга эришганимиз йўқ. Албатта, анча ишлар бошланган, қилинаяпти, лекин кенг миқёсдаги одамларни қамраб олингани йўқ.
Ҳеч бўлмаганда, Ўзбекистон ҳукуматига боғлиқ бўлган нарса - консуллик хизматлари тўловлари нархларини туширишни кўриб чиқишни сўраган бўлардик. Сабаби ҳеч бўлмаганда давлат томонидан шундай енгиллик бўлса, одамларга катта ёрдам бўлар эди", - дейди юрист.
Россия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.
Глобал коронавирус пандемиясига қадар Россияда биргина меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқароларининг сони расман 2 миллиондан ошиши айтилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek














