Болливуд суперюлдузи ҳинд киноси тақдири учун нега курашмоқда? Hindiston Bollivud dunyo yangiliklar

Амитабх Баччан иштирокидаги фильм

Сурат манбаси, FILM HERITAGE FOUNDATION

Сурат тагсўзи, Амитабх Баччан бош ролни ўйнаган Болливуднинг 1971 йилги "Ананд" фильмининг босма нусхаси сақланиб қолган
    • Author, Соутик Бисвас
    • Role, Би-би-си, Ҳиндистон

Болливуд фильмлари Ўзбекистонда ҳам севиб кўрилади. Айнан Болливуд кино фильмлар етказиб берувчи дунёдаги энг йирик марказ саналади. Ҳиндистоннинг кино мероси эса, йўқолиб кетаяпти. Амитабх Баччан жиддий хавотирда, уни асраб қолайлик, демоқда, бу ҳақда аччиқ гапирмоқда.

Ўн йиллар давомида Амитабх Баччаннинг ўзи олтмиштача фильмини ғарбий Мумбайда жойлашган уйидаги кондиционерли хонада сақлаб келган.

Беш йил аввал Болливуд юлдузи уларни ҳинд фильмлари ленталарини сақлаб ва реставрация қилиб келаётган Мумбайдаги нотижорий ташкилотга қарашли ҳарорати доимий назоратда бўлган архивга топширганди.

Фильмлари мукофотларга лойиқ кўрилган режиссёр, архивчи ва реставратор Шивендра Сингх Дунгарпур бошқарадиган "Film Heritage Foundation" бу борадаги ишларда фаоллик қилмоқда.

Режиссёр Кристофер Ноланга кўра, бу фонд "ишларни олий даражада бажара олиши билан халқаро ҳурмат қозонган", актёр Баччан эса унинг бренд вакили саналади.

Йиллар давомида у Ҳиндистоннинг тез эскириб бораётган киноленталарини сақлаб қолиш учун фаол курашиб келмоқда.

Яқинда Баччаннинг кўпчиликка маълум бўлмаган фаолияти эътироф этилди. 78 ёшли актёр Кино архивлари халқаро федерациясининг йиллик мукофотига лойиқ кўрилди.

Нолан ва яна бир режиссёр Мартин Скорсезе унга мукофотни топширди.

Бу мукофотни олган юлдузлар орасида ушбу икки режиссёр ва Ингмар Бергман, Агнес Варда, Жан Люк Годар каби муаллифлар ҳам бор.

Дунгарпурнинг айтишича, Баччан кинофильмларни архивлаш ва сақлаш учун "катта куч сарфлаб келган".

Мумбайдаги омборхона

Сурат манбаси, FILM HERITAGE FOUNDATION

Сурат тагсўзи, Дунгарпур 200 та фильмни Мумбайдаги омборхонадан топган

Бир суҳбат чоғи актёр "шунчаки йўқолиб кетгани учун" Дилип Кумарнинг илк фильмларини ҳеч қачон кўра олмаганидан надомат чекишини айтган эди.

Ҳиндистонда 10 та йирик кино саноати бор. Улар орасидаги Болливуд кино маҳсулотлари етказиб берувчи дунёдаги энг йирик марказ саналади.

Ҳиндистон киносаноати йилига 36 тилда қарийб 2000 та фильм ишлаб чиқаради.

Аммо атиги иккита киноархив бор: бири давлатга қарашли Пуне шаҳридаги архив, бошқаси Дунгарпур бошқарадиган нотижорий фондга қарашли архив. "Кино ижодкорлиги тарихимиз миқёсини ҳисобга олсак, бу жуда ачинарли ҳол", дейди Дунгарпур.

Ҳиндистоннинг кўплаб бадиий фильмлари киноленталарни сақлаш ва архивлашдаги камчиликлар боис, йўқолиб кетган.

Ҳиндистоннинг илк овозли фильми "Алам Ара" (1931 йил) ва биринчи рангли фильми "Кисан Канья"нинг (1937) изини ҳам топиб бўлмайди.

Улардан кейинги фильмларнинг ҳам тақдири яхшироқ эмас.

Режиссёр Сай Паранжпьенинг озодлик курашчиси Лакшми Сахгал ҳақидаги (1977) ва Шьям Бенегалнинг "Бҳарат Эк Кож" (1988) ҳужжатли фильмларининг асл ленталари йўқолиб кетган.

Режиссёр Шри Ражамурининг 2009 йили олинган "Магадҳира" фильмининг негативи, режиссёрнинг айтишича, "олти йилда ғойиб бўлган".

Дунгарпурнинг айтишича, Ҳиндистонда олинган 1138 та овозсиз фильмнинг 29 тасигина сақланиб қолган.

1931 ва 1950 йиллар оралиғида Мумбайда (ўша вақтда Бомбей эди) олинган 2000 та фильмнинг 80 фоизини кўролмайсиз.

Болливуднинг 1958 йилги "Тунги клуб" драмаси архивда сақланиб қолган

Сурат манбаси, FILM HERITAGE FOUNDATION

Сурат тагсўзи, Болливуднинг 1958 йилги "Тунги клуб" драмаси архивда сақланиб қолган

Ўтган йили Дунгарпур ва унинг жамоаси Мумбайдаги бир омбордан 200 та кинолента қопларга солинганча ётган ҳолида топишди. "Фильмларни кимдир у ерга ортиқча нарсадек тиқиб қўйган", дейди у.

Булар ҳаммаси эмас. Ҳукумат аудиторларига кўра, давлатга қарашли кино архивларда сақланган 31 минг фильм ленталари йўқолган ёки зарарланган.

2003 йилда давлат архивидаги ёнғинда 600 дан ортиқ фильмлар зарарлангани хабар қилинди.

Улар орасида Ҳиндистоннинг биринчи овозсиз фильми "Рожа Ҳаришчандра" (1913) нинг бир неча асл ленталари ҳам бўлган.

"Ўз ўтмишингизга ҳурмат билан қарашингиз керак. Ўтмишга ҳурмат билан қараш учун эса фильмларингизни сақлашингиз, реставрация қилишингиз лозим", дейди режиссёр Гаутам Ғош.

Рақамли технологиялардан аввал фильмлар асосан асл негативларда сақланарди.

Уларнинг нусхалари томошалар учун кўпайтириларди.

Дунгарпурнинг айтишича, "2014 йили аксар ҳинд киноижодкорлари ленталардан фойдаланишни тўхтатгач, киностудиялар ўз базасидаги фильмларни рақамлаштириб, улар бўлак керак эмас, деган хаёлда негативларни ташлаб юбора бошлади. Асл негатив унинг рақамлаштирилганидан кўра юқорироқ тиниқликка эга. Ана шуни улар билишмади."

1954 йилда ишланган "Шер дил" фильми ҳам омон қолган

Сурат манбаси, FILM HERITAGE FOUNDATION

Сурат тагсўзи, 1954 йилда ишланган "Шер дил" фильми ҳам омон қолган

Мана ҳозир Ҳиндистондаги архивчилар фильмлар ленталари билан ишлайди.

"Бу тамоман фалокат. Биз қоғоз киноленталар ва уларнинг тарихи ҳақида уларга кўпроқ ўргатишимиз керак."

Ўтган олти йил ичида Дунгарпур ва дунёнинг етакчи кино архивлари ҳамда музейларидан бир гуруҳ экспертлар Ҳиндистон бўйлаб 300 дан ортиқ киноленталар реставраторлари ва архивчиларига ўқув тренинглари ўтказди.

Дунгарпурнинг фонди Ҳиндистоннинг катта кинорежиссёрларининг 500дан зиёд фильмлари ва мустақиллик учун кураш ҳаракатлари олинган фильмларни тўплади.

Унинг коллекциясида Оскар соҳиби бўлган режиссёр Сатьяжит Райнинг афсонавий итальян- америкалик режиссёр Френк Капра билан суҳбати туширилган 16 мм.лик кинолента ҳам бор.

Дунгарпур, шунингдек, ҳинд киноси тарихига доир ўн минглаб фотосуратлар, сурат негативлари ва кино постерларини ҳам тўплаган.

Баччан доим Ҳиндистоннинг чўкиб бораётган кино мероси учун масъулиятни ҳис қилишга чақириб аччиқ гапларни айтиб келади.

Икки йил илгари Калькуттадаги халқаро кинофестивалда у: "Авлодларимиз ҳинд киноси афсоналарининг улкан ҳиссасини тан олади, аммо таассуфки, уларнинг аксар фильмлари ўтга ташланмоқда, ахлат уюмлари устига улоқтирилмоқда", деб айтган.

"Кино меросимизнинг оз қисми сақланмоқда, уларни асраб қолиш учун дарҳол ҳаракат қилмасак, юз йил ичида биздан илгари келган, ҳаётимизни ҳаракатдаги тасвирларга муҳрлаганлар қилган ишлар унутилиб кетади", - дея ўз хавотирларини изҳор этганди.

Amitabx Bachchan

Сурат манбаси, Reuters

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek