Шинжон пахтаси боис Хитой ТВ хориж брандларини хиралаштиряпти Uyg'ur Shinjon Xitoy

Сурат манбаси, Tencent
Хитойнинг Шинжон пахта кампаниясини қўллаб-қувватлаш кўриниши сифатида Хитойдаги телевизион каналлар ўзларининг дастурларида кўринган барча хориж брандлари рамзларини хиралаштириб кўрсатишни бошлаган.
Бунинг оқибатида айрим кўрсатувларнинг намойишлари ортга сурилган. Чунки видео монтажчиларнинг кадрда кўринган ҳар бир кўйлак, шим ёки пойабзалдаги хорижий фирманинг логосини чаплаб чиқишга мажбур бўлганлар.
Пахта етиштиришда Уйғурларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланилаётгани даъвоси юзасидан хавотир билдирган Ғарб чакана савдогарлари Хитой ҳукумати ғазабига дучор бўлдилар.
Шинжонда мажбурий меҳнат йўқ дея инкор этадиган Пекин Ғарб брандларига қарши бойкот эълон қилди.
Хитойнинг бошқариладиган Интернет маконида омманинг улкан ғазаби ташкиллаштирилди, мамлакатдаги машҳур одамлар Ғарб брандлари билан алоқаларини узганлари ҳақида эълон қилдилар, одамлар Ғарб брандларига бойкот эълон қилиб, аксинча Шинжон пахтасини дастаклашларини билдирдилар.
Мана энди машҳур телевизион шоулар ҳам кампаниясига қўшилдилар, бунинг натижаси эса кулгили бўлиб чиқди.
Қўшиқчилар ва актёрларнинг кийимларидаги брандлар логолари хиралаштирилгани туфайли улар экранда булутларда учиб юрган одамлардек кўрина бошладилар.

Сурат манбаси, Weibo
"Chuang 2021" реалити-шоуда танлов иштирокчилари бошидан оёғигача чаплаб чиқилган. Мақсад, Ғарб логоларини экранда кўрсатмаслик бўлган.
Бу каби цензуранинг энг мушкуллиги "Ёшлар сиз билан" деб номланган реалити-шоу бўлган бўлиши мумкин, боиси унда мусобақага киришадиган рақиблар сони кўп.
iQiyi деб номланган шоуни ташкиллаштириш билан шуғулланадиган компания 25 март куни кўрсатувнинг навбатдаги эпизоди кечикишини эълон этди, аммо сабабини очиқламади.
Орадан икки кун ўтиб шоу намойиш этилди, томошабинлар дарҳол кўрсатувдаги 50 дан ортиқ кишининг футболкаси чаплаб чиқилганини илғадилар.

Сурат манбаси, Mango TV

Сурат манбаси, IQIYI
Қарама-қаршилик ортида нима турибди?
Шинжонда инсон ҳуқуқлари поймол этилаётгани хабарлари ортидан АҚШ ва ғарб ҳукуматлари Хитойга босимни кучайтиргани пахта можаросини келтириб чиқарди.
Март ойида Шинжон пахтаси боис H&M ширкатининг 2020 йил декабридаги баёноти баҳона қилиб олиниб Хитой давлат матбуоти ва Интернет фойдаланувчилари бу брандга ғазабини сочдилар, сўнг нафрат кампанияси бошқа Ғарб компанияларига ҳам ёйилди.
Айрим компанияларнинг онлайн дўконлари Хитойда блокланди, айрим дижитал хариталардан дўконларнинг жойлашган жойи йўқолиб қолди.
Бу можарога Nike, Adidas ва Puma сингари брандлар ҳам аралашиб қолди, улар ҳаммаси "Яхшироқ Пахта Ташаббуси"(Better Cotton Initiative) деган гуруҳ аъзоларидир.
Бу гуруҳ ўтган йил октябрида Шинжондаги фаолиятини тўхтатгани, шунингдек, Шинжон пахтасига лицензия беришдан воз кечгани ҳақида эълон қилди, бунга мажбурий меҳнат "риски ортиб бориши" сабаб қилиб кўрсатилди.
Ўтган йил декабрида Би-би-си янги текширув хулосаларини эълон қилди, унда Хитой ҳукумати юз минглаб Уйғур ва бошқа миллий озчиликларнинг Шинжондаги пахта далаларига қўлда пахта теришга мажбурлаётгани акс этган.
'Бечора видео монтажчилар'
Хитой телеканалларида намойиш этилаётган чаплаштирилган кўрсатувлар социал медиа тармоқларида ҳазил ва масхараларга сабаб бўлган. Бундан ташқари, кўплаб фойдаланувчилар кўрсатувни тайёрлаётганларга ачиниб кетаётганлари ҳақида ёзишган.
Хитойдаги машҳур Weibo микроблоггинг платформасида бир фойдаланувчи шундай деб ёзди: "Улар жуда қаттиқ ишлашипти. Ҳойнаҳой, шу охирги кунларда ухлашмаган бўлсалар ҳам керак".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















