Уйғурлар: Пекин H&M ни Хитойда бир тийин ҳам ишлай олмаслиги билан огоҳлантирди - Xitoy uyg‘urlar musulmonlar dunyo yangiliklar

H&M дўкони

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, H&M Шинжон пахтасини харид қилишдан воз кечгани учун Хитойнинг қаҳрига учраган

Расмий Пекиннинг огоҳлантиришича, H&M Шинжон пахтасини сотиб олишдан воз кечса, фақат ўзига зиён қилади, Хитойда энди бир чақа ҳам ишлай олмайди.

Хитой пахта саноатидаги мажбурий меҳнатдан ўз хавотирларини изҳор этишгани боис, H&M ва бошқа бир қатор Ғарб ширкатлари Хитойнинг қаҳрига учрашган.

Хитой асосан мусулмон уйғурларни Шинжондаги пахта йиғим-теримига мажбуран сафарбар қилишда айбланади.

Расмий Пекин буни рад этган, Хитойни танқид қилиб чиққан брендлар эса, бойкотга юз тутишган.

"Менимча, ширкат ўзининг иқтисодий амалларини сиёсийлаштирмаслиги керак", - деб айтган Хитой ҳукумати матбуот воизи душанба куни берган матбуот анжумани чоғида.

Сюй Гуйсяннинг айтишича, "H&M Хитой бозорида ортиқ пул ишлай олмайди".

Унга кўра, айрим брендларнинг Шинжон пахтасини харид қилмаслик қарори "ақлсизлик" бўлган.

Хитой ҳукумати матбуот воизи буни "ўз илдизига болта уриш"га қиёслаган.

H&M Би-би-сининг бу хусусда изоҳ сўраб қилган мурожаатига ҳалича жавоб бермаган.

Хитой ҳукумати матбуот воизининг сўнгги сўзлари швед кийим-кечак ширкатининг дунёнинг энг йирик бозорларидан биридаги келажагини шубҳа остига қўяди.

Хитойлик харидорлар ҳам аллақачон H&M ва бошқа глобал брендлар маҳсулотларини бойкот қилишга ўтишган.

Сюй Гуйсяннинг баёноти расмий Пекин ҳам уларни қўллаб-қувватлаётганига далолат қилган.

H&M дўкони

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, H&Mнинг Хитойдаги айрим дўконлари аллақачон ёпилганига оид хабарлар бор

Хитойнинг бойкоти дастлаб Nike ва H&M га қаратилган.

Уларнинг маҳсулотлари электрон тижорат платформаларидан олиб ташлангани, Хитойдаги айрим дўконлари ёпила бошланганига оид хабарлар олинган.

Кейинчалик Burberry, Adidas, Conversе ва яна бошқа қатор брендларнинг ҳам бойкотга учрашаётгани маълум бўлган.

Пахта можароси АҚШ ва яна қатор Ғарб давлатлари Шинжондаги ҳуқуқбузарликлар юзасидан Хитойга ўз босимларини янада кучайтиришлари ортидан келиб чиққан.

Хитой Шинжондаги уйғурлар ҳуқуқларини қўпол равишда поймол этишда айбланади.

Би-би-сининг натижаси ўтган йил декабрь ойида эълон қилинган суриштируви Хитой уйғурлар дохил юз минглаб миллий озчилик вакилларини мажбуран пахта йиғим-теримига сафарбар қилишини кўрсатган.

Пахта даласи

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Хитой жаҳон бозорига чиқараётган пахтани теришга уйғурлар мажбурланаётганига оид даъволар бор

Ўтган ҳафта қатор Ғарб давлатлари - АҚШ, Буюк Британия, Канада ва Европа Иттифоқи аъзолари биргаликда Шинжондаги вазият юзасидан хитойлик мулозимларга санкция қўллашга қарор қилишган.

Зўравонликларга оид даъволарни изчил равишда рад этиб келаётган Хитой эса, бунга қарши европалик мулозимларга ўз санкцияларини жорий этиш билан жавоб берган.

Хитой давлат оммавий ахборот воситалари ва интернет фойдаланувчилари аллақачон маҳаллий брендларни қўллаб-қувватлашга ҳам ўтишган.

Хитой Шинжонда барпо этган лагерлар тармоғида аксарияти уйғурлардан иборат бир миллионга яқин мусулмонни сақлаб тургани ишонилади.

Сўнгги йилларда у ердаги қийноқлар, мажбурий меҳнат ва жинсий зўравонликларга оид хабарлар ўртага чиққан.

Хитой зўравонликларга оид даъволарни изчил равишда рад этиб келади.

Лагерларни "экстремизмни жиловлаш" мақсадида ташкил этилган "қайта таълим бериш марказлари" эканини таъкидлайди.

АҚШ Давлат котиби эса, ўз баёнотида Хитой "геноцид ва инсониятга қарши жиноят" содир этаётганини баён қилган.

Shinjon

Сурат манбаси, AFP

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek