Қозоғистонда Хитойга қарши намойиш, "камида 20 киши қўлга олинган" - Xitoy Qozog‘iston dunyo yangiliklar

Nur-Sulton shahri

Сурат манбаси, official

Хабарларга кўра, Қозоғистонда Хитойнинг кучайиб бораётган иқтисодий таъсирига қарши юзлаб одам намойишга чиққан. Намойишчилар Шинжонда қозоқлар, уйғурлар ва бошқа туркийзабон миллатларнинг таъқиб этилишини ҳам қоралашган.

Маълум бўлишича, намойишлар 27 март куни пойтахт Нур-Султон, Олма ота ва яна Қозоғистоннинг бир қанча шаҳарларида бўлиб ўтган.

Намойишлар арафасида камида 20 киши қўлга олинган. Интернетда чекловлар кузатилган.

Бу ҳақда Озодлик радиоси Қозоқ хизмати хабар берган, ўз хабарида намойишлар акс этган видеотасвирларни ҳам илова қилган.

Норозилик чиқишлари мамлакатда фаолияти тақиқланган Қозоғистон Демократик Танлови ва расман рўйхатдан ўтмаган Қозоғистон Демократик партиялари томонидан уюштирилгани айтилмоқда.

Xitoy yo'llari

Сурат манбаси, Getty Images

Хабарларга кўра, намойишчилар Хитой билан қўшма корхоналар қуриш ва Қозоғистон иқтисодига Хитой сармояларини киритиш, ўз таъбирларида, Хитойнинг "Қозоғистондаги экспанияси"га қарши чиқишган.

Шунингдек, улар Шинжонда уйғурлар, қозоқлар ва бошқа туркийзабон миллатларнинг таъқиб этилиши ҳам қоралашган.

Шинжондаги уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликларига муносабати сабаб, халқаро миқёсда Хитойга қарши танқидлар кучайиб бормоқда.

Хитой Шинжонда барпо этган лагерлар тармоғида аксарияти уйғурлардан иборат бир миллионга яқин мусулмонни сақлаб тургани ишонилади.

Сўнгги йилларда у ердаги қийноқлар, мажбурий меҳнат ва жинсий зўравонликларга оид хабарлар ўртага чиққан.

Хитой зўравонликларга оид даъволарни изчил равишда рад этиб келади.

Uyg'urlar

Сурат манбаси, Reuters

Лагерларни "экстремизмни жиловлаш" мақсадида ташкил этилган "қайта таълим бериш марказлари" эканини таъкидлайди.

Маълум бўлишича, намойишчилар Олма ота, Чимкент, Орал ва Оқтубедан ташқари пойтахт Нур-Султоннинг ўзида ҳам бўлиб ўтган.

Namoyishlar

Сурат манбаси, Radioliberty/screenshot

Озодлик радиоси Қозоқ хизматининг хабарига таянилса, Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри бўлган Олма отада 300 дан ортиқ одам намойишга чиққан.

Ҳибслар асосан Олма ота ва пойтахт Нур-Султонда амалга оширилгани айтилган, аммо ҳибсдагиларнинг кейинги тақдири ҳозирча маълум эмас, имконли бўлган хабарларда бу ҳақда бирор бир янги тафсилот келтирилмаган.

Қозоғистон Демократик Танлови партиясига қозоқ ҳукуматининг ашаддий танқидчиси, Қозоғистондаги БТА банкининг собиқ раҳбари Мухтор Аблязов бошчилик қилиши айтилади.

Namoyishlar

Сурат манбаси, Radioliberty/screenshot

Маълум бўлишича, сўнгги ойларда ушбу партия фаолиятидаги иштироки, улар томонидан уюштирилган митингларда қатнашишгани учун Қозоғистон бўйлаб кўплаб фаолларга шартли қамоқ жазолари ҳам берилган.

Қозоғистон Конституциясида эркин йиғилиш ёки митинглар ўтказиш ҳуқуқи кафолатланган.

Озодлик радиоси Қозоқ хизмати ҳам ўз хабарида Қозоғистоннинг Оммавий тадбирлар ўтказиш тўғрисидаги қонуни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг хавотирларига сабаб бўлмай қолмагани омилига алоҳида тўхталиб ўтган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларининг бу қонун митинглар ўтказиш учун аввалдан рухсат олиш лозимлигини тақозо этиши, бу митингларни рухсатсиз ташкиллаштириш ва унда қатнашиш учун жиноий жавобгарликни назарда тутиши боис, халқаро меъёрларга зид эканига оид фикрларига ўзининг эътиборини қаратган.

Xitoy mollari

Сурат манбаси, Getty Images

Хитой аксарият минтақа давлатларининг энг йирик кредитори ва сармоядорларидан биттаси саналади.

Экспертлар Хитой иқтисодий қудратининг юксалиши ва иқтисодий таъсирининг кучайиши энг аввало айнан унинг минтақавий қўшнилари мисолида кўпроқ сезилаётганига алоҳида диққат қаратиб келишади.

Расмий Пекин сўнгги йилларда "Бир йўл, бир камар" каби қиймати бир неча миллиард долларлик йирик иқтисодий лойиҳаларни ҳам ўртага ташлаган.

Аммо cўнгги йилларда табиий заҳираларга бой Марказий Осиё давлатларида Пекин амбицияларини рўёбга чиқаришда муҳим роль ўйнайдиган "Хитой экспансияси"га қарши норозиликлар тўлқинининг эса, кучайиб бораётгани кузатилади.

Антикитайский протест в Бишкеке

Сурат манбаси, AFP/Getty Images

Сурат тагсўзи, Қирғизистон пойтахтида Хитой "экспанциясига" қарши намойиш

Бундан аввал Қирғизистон пойтахтида ҳам бир неча бор Хитойга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтган.

Бишкек кўчаларига чиққан бир неча юзлаб кишилар хитой кредитлари нимага мўлжалланганини текшириш, чет элликларга қирғиз фуқаролигини бериш масаласига мораторий жорий қилиш, шунингдек ноқонуний хитойликларни кузатиб бориш ва мамлакатдан чиқариб юборишни талаб қилишган.

Қирғизистонда ҳам намойишчилар ўзларини кучайиб бораётган "Хитой экспансияси" ва мусулмонларнинг сиқувга олиниши ҳавотирга солаётганини айтишган.

Улар орасида Қирғизистон билан чегарадош Хитойдаги Шинжон-Уйғур автоном вилоятида этник қирғизлар борлиги ҳам таъкидланган.

Аксарият қирғизлар Хитой қарзи учун давлат чегара ерлар бадалига тўлашга мажбур бўлишидан ҳам қўрқишади.

Қирғизистондаги намойишлар чоғида ҳам ўнлаб кишининг қўлга олингани ва "жамоатчилик тартибини бузганлиги учун" жаримага тортилгани хабар берилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek