Қирғизистонлик номи чиққан "қонундаги ўғри" Американи нега қўрқувга солмоқда? Qirg’iziston, AQSh, dunyo, yangiliklar

Bishkek

Сурат манбаси, official

    • Author, Наргиза Рисқулова
    • Role, Би-би-си, Бишкек

Қўшма Штатлар Қирғизистон қамоқхонасидан озод қилинган жиноий "авторитет" Қамчи Колбаевнинг жиноий гуруҳини йўқ қилишга ёрдам берадиган маълумот учун 5 миллион доллар мукофот эълон қилди. Бундан аввал ваъда қилган мукофот пулини бир неча бор оширди.

Вашингтон уни "Биродарлар ҳалқаси" раҳбарларидан бири ва йирик наркобарон, деб билади.

Қўшма Штатлар унинг тергов изоляторидан озод қилингандан хавотир билдирди.

"Биродарлар ҳалқаси" халқаро жиноий гуруҳ бўлиб, ЕвроOсиёдаги бир нечта уюшган жиноий гуруҳларини қамраб олади.

АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига кўра, бу гуруҳ қурол ва гиёҳванд моддалар савдоси, шунингдек, одам савдоси ва товламачилик билан шуғулланади.

"Колбаевнинг гиёҳванд моддалар савдоси тармоғи Марказий Осиё, Россия ва Европада болаларни заҳарламоқда", деди АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Доналд Лу Колбаев озод қилинганидан кейин.

Коля-Қирғиз лақабли 46 ёшли қонундаги ўғри Камчи Асанбекни (Колбаев) 2011 йилда АҚШ Молия вазирлиги "қора рўйхат"га қўшган.

Бу рўйхатга собиқ СССР мамлакатларидан чиққан 10 нафар жиноий авторитетнинг исмлари киритилган эди.

Колбаев иши

Расмийлар Колбаевни мамлакатдан чиқиб кетмаслик шарти билан озод қилди.

Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилганидан кўп ўтмай, у соғлиғи сабабли дастлаб ахлоқ тузатиш колониясидаги касалхонага кўчирилди, кейин уйига рухсат берилди.

4 ой олдин унинг ҳибсга олиниши октябрь ойидаги норозилик намойишлари натижасида Қирғизистонда ҳокимият ўзгариши ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг (МХДҚ) янги раҳбари Камчибек Ташиев тайинлангандан кейин бошланган шов-шувли ҳибсларнинг биринчиси эди.

Qamchibek Tashiyev

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Қамчибек Ташиев янги лавозимини эгалларкан, Қирғизистонда жиноятчиликка чек қўйишга ваъда берган

Ташиев - мамлакат янги президенти Садир Жапаровнинг яқин ҳамкори бўлиб, Қирғизистонни жиноятчиликдан тозалашга ваъда берган.

Қамчи Колбаев 1990 йиллардан бери жиноят оламида танилган, Қирғизистонда икки марта - биринчисида қотиллик айблови билан 25 йилга, иккинчисида уч йилга қамалган. Бироқ у фақат етти йилни панжара ортида ўтказган, холос.

Биринчисида олти йил қамоқда ўтиргач, Колбаев колониядан қочиб, ўзига қарши айбловлар бекор қилингунча, Бирлашган Араб Амирликларида расмийлардан яшириниб юрган, иккинчи марта қамалганда эса амнистияга тушиб, бир йилгина ўтириб, кейин озод қилинган.

Маълумки, Колбаевга 2006 йилда Москвада "тож кийдирилган".

У "Қирғизистон назоратчиси" ва МДҲдаги энг нуфузли жиноий "авторитет"лардан бирига айланди.

Тож кияётган пайтда у колониядан қочиб кетган, қидирувда бўлган.

Бироқ Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг ўша пайтдаги раҳбари Мурат Суталинов қирғизлар орасида биринчи "қонундаги ўғри" пайдо бўлишининг ижобий томонларини топди.

Bishkek

Сурат манбаси, official

2006 йилда Суталинов "Regnum" агентлигига Коля-Қирғизнинг "тож кийиши" ҳақида "Энди, ўйлайманки, Қирғизистоннинг жиноий оламида маълум даражада барқарорлик бўлади - бетартиблик ва безорилик камаяди", деб изоҳ берган эди.

2020 йил октябрь ойида Колбаев ҳибсга олинган ва Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 249-моддаси "Жиноий ташкилот тузиш ёки унда иштирок этиш" бўйича тергов бошланганди.

Ҳибсга олиш Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан амалга оширилган ва видеога олинган эди.

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш бўйича жиноят иши доирасида расмийлар Колбаевдан 250 миллион сўм (3 миллион доллар) қайтарилишини талаб қилмоқда. Колбаев озод этилишидан олдин давлат ғазнасига 49.6 миллион сўм (585 минг доллар) қўшган.

Жапаров ва Колбаев

Агар ушбу маблағ тўланса, Колбаевга қўйилган айбловлар бекор қилинадими ёки йўқ - аниқ эмас.

Коррупцияга қарши кураш Садир Жапаров янги ҳукуматининг эълон қилинган асосий мақсадларидан биридир.

Sadir Japarov

Сурат манбаси, TASS

Сурат тагсўзи, Жапаров Колбаев билан танишлигини тан олса-да, у билан бирор бир алоқаси борлигини қатъий рад этади

Президентлик пойгаси пайтида унинг асосий кучи - коррупционерлар ва собиқ сиёсий элита томонидан ўғирланган маблағларни иқтисодий амнистия ёрдамида қайтариб олиш ваъдаси эди.

Мухолифлар илгари Жапаровни жиноий олам билан алоқада ва, хусусан, Колбаев билан дўстликда айблашган. Жапаровнинг ўзи бундай алоқа борлигини рад этади.

Қирғизистон президенти декабрь ойида берган интервьюларидан бирида Колбаев билан тергов изоляторида танишганини билдирди.

"Мен танишман. Бизни МХДҚ тергов изоляторида юзлаштиришган. Кейин у билан кўришдим. Мен уни сиртдан биламан. Бунгача у ҳақида фақат оммавий ахборот воситаларида ўқиганман, - деди Жапаров. - Терговчилар бизни битта иш бўйича сўроқ қилишди. 2010 йилда юзлаштиришди. Биз бир-биримизга қарама-қарши ўтириб, терговчиларнинг саволларига жавоб бердик. Ўшандан бери мен уни кўрмадим."

Бироқ қамоқдан озод қилинган Садир Жапаров кутилмаганда октябрь ойида намойишларнинг етакчисига айлангач, АҚШ элчихонаси Қирғизистондаги жиноий гуруҳларнинг сиёсатга аралашиши ва сайлов натижаларини ҳал қилишга уринишларидан хавотир билдирди.

"Коррупция рамзи"

Колбаев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан ҳибсга олинган ва оғир айбловларга қарамай, 2020 йилда қамоқдан озод қилинган мамлакатдаги ягона таниқли шахс эмас.

Kafe

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Матраимов Қирғизистонда коррупциянинг рамзига айланди. Суратда бир йигит Бишкекдаги кафеда Матраимовнинг юзили ниқобни тутиб турибди

Ҳукумат Божхона хизматининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимовга нисбатан ҳам худди шундай юмшоқлик кўрсатди.

Матраимов Уюшган жиноятчилик ва коррупция маркази (ОCCРП), "Озодлик" радиоси Қирғиз хизмати ва "Kloop.kg" журналистлари ўтказган шов-шувли суриштирувларга бир нечта марта нишон бўлган.

Суриштирувчиларнинг таъкидлашича, Матраимов божхона коррупцияси орқали камида $700 миллион долларни ўзлаштирган.

АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси ушбу суриштирувларни мамлакатда сўнгги бир ярим йилда юз берган энг муҳим воқеа - мамлакатда ҳокимият ўзгаришига олиб келган кузги инқилобдан ҳам муҳимроқ, деб атаган.

2019 йилда ўтказилган суриштирув натижалари эълон қилингач, Матраимов мамлакатдаги коррупциянинг ўзига хос рамзига айланди; пойтахт аҳолиси айнан унинг портрети билан коррупцияга қарши митингларга мунтазам чиқа бошлади.

Ушбу норозиликлар аста-секин "Реакция" мухолифатчи ёшлар ҳаракатига айланди. Ушбу ҳаракатга қўшилган ёшлар янги ҳукумат келганидан кейин ҳам ҳар ҳафта конституциявий ислоҳотларга қарши ва мавжуд ҳукуматнинг қонуний бўлиши талаби билан тинч юришга чиқишади.

АҚШ ҳукумати илгари Матраимовни жиноий жавобгарликка тортишга чақирган, собиқ амалдор ва унинг рафиқасини Магнитский санкциялари рўйхатига киритган эди.

Уларнинг мол-мулкларига санкциялар қўлланилади, улар бир қатор давлатларда инсон ҳуқуқларини бузувчи ҳисобланади, Қўшма Штатларга кириши ҳам тақиқланган.

Ўшанда АҚШ давлат котиби Майк Помпео ўзининг Twitter даги саҳифасида ушбу қарорни олқишлаган.

"Мен Қирғизистоннинг собиқ амалдори Раимбек Матраимов ва унинг рафиқасини коррупцияда айблайман ва Магнитский рўйхатига киритилганини мамнуният билан қабул қиламан. Биргаликдагина биз коррупцияга қарши тура олишимиз ва дунё бўйлаб инсон ҳуқуқларини бузувчиларни жавобгарликка тортишимиз мумкин", деб ёзган эди у ўша пайтда.

Матраимовнинг ўзи қўйилган барча айбловларни рад этади.

Мамлакатнинг аввалги президенти ҳам журналистларнинг суриштирувларига ишонмаган ва уни ҳибсга олмаган.

Bishkek

Сурат манбаси, courtesy

Бироқ намойишлар пайтида Садир Жапаров агар президент этиб сайлансам, Матраимовнинг айби исботланса, уни жавобгарликка тортаман, деб ваъда берган.

МХДҚ ходимлари Раимбек Матраимовни 20 октябрь куни тонгда божхонадаги коррупция иши бўйича ҳибсга олди.

Тергов Матраимов томонидан давлат бюджетига етказилган зарарни 2 миллиард сўм (24.7 миллион доллар) деб баҳолади.

Собиқ амалдор ушбу суммани тўлагач, унинг мол-мулкига нисбатан ҳибсга олиш бекор қилинган.

Кейинчалик суд Матраимовни мамлакатни тарк этмаслик шарти билан озод қилган.

Аммо тўрт ой ўтгач, у яна ҳибсга олинган, бу сафар бошқа айблов билан - жиноий йўл билан топилган даромадларни ювишда гумон қилинди.

Энди Матраимов соғлиғи сабабли хусусий клиникага ўтказилди.

Дипломатик совуқлик

АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси биринчи марта Матраимов ҳақида гапирганда, Қирғизистон расмийлари ушбу баёнотларни танқид қилиб, Қирғизистондаги вазиятни мафия ҳақидаги фильмлар билан таққослашни ноўрин, деб ҳисоблаган эди.

Bishkekdagi namoyish

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бишкекнинг Вашингтон билан муносабатлари 2007 йилда, Қирғизистонда Америка ҳарбий базасига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтганида ёмонлашган

Икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар бундан илгарироқ - 2020 йилда қамоқда вафот этган 70 ёшли ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров туфайли ёмонлашди.

У 2010 йилда Қирғизистон жанубида 400 га яқин одамнинг умрига зомин бўлган этник тўқнашувлар пайтида полиция ходимларини ўлдиришда шерикликда айбланган.

Қўшма Штатлар ва БМТ суд қарорининг адолатсизлиги ва маҳбуснинг аҳволи оғирлигига ишора қилиб, Қирғизистон ҳукуматидан Асқаров ишини қайта кўриб чиқишни сўраганди.

Аммо ҳукмни қайта кўриб чиқиш тўғрисида кўплаб халқаро талабларга қарамай, суднинг Асқаровни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиш тўғрисидаги қарори унинг ўлимигача кучда қолди.

Кейин БМТ экспертлари Қирғизистонни инсон ҳуқуқларини писанд қилмасликда айбладилар.

2015 йилда АҚШ ҳукумати Асқаровни Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси мукофотига лойиқ кўрганидан сўнг, Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев 1993 йилда имзоланган АҚШ ва Қирғизистон ўртасидаги ҳукуматлараро ҳамкорлик шартномасини бекор қилди.

Ушбу келишувнинг бекор қилиниши натижасида Вашингтон Қирғизистонга молиявий ёрдамни қисқартирди.

Собиқ президент Дональд Трампнинг буйруғи билан қирғизистонликларнинг АҚШга кириши чекланди.

Бир мунча вақт биометрик паспорт йўқлиги сабабли уларга АҚШга кўчиб ўтишга ёки грин-карта лотереясида қатнашишга рухсат берилмади.

Ушбу чекловлар АҚШнинг янги президенти Жо Байден сайлангандан сўнг дарҳол бекор қилинди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek