Беларуслик полициячи: нега мен ишимдан ҳам, ватанимдан ҳам кетдим? Belarus Lukashenko

- Author, Люси Эш
- Role, BBC News, Варшава
Беларусда баҳсли президентлик сайловидан сўнг норозиликлар бошланганда, Андрей Остапович Беларусда ёш, полиция терговчиси эди. Қамоққа олинган намойишчиларнинг қийноққа солиниши, калтакланишидан даҳшатга тушган Андрей мамлакатини тарк этди. У ҳозирда Болтиқбўйи давлатлари ва Польшада қўним топган юзлаб Беларус полиция зобитларидан биридир.
Кузги қуёш нурлари остида Варшавадаги паркда ўриндиқда ўтирган Андрей Остапович хаёлга чўмади. У олдидан ўтиб турган жуфтларга, қийқириб кулаётган ўсмирларга ва сал нарида ўрдакларга емиш бераётган буви ва набирага эътибор бермайди. Мовий кўзли, ёноқ суяклари бўртиб турган 27 ёшли Андрейни Италия трикотаж маҳсулотларини ёки соқол креми брендини реклама қиладиган моделга ўхшатиш мумкин.
Очиғи, Андрей ҳозир ҳеч нарсадан қочаётгани йўқ - Польшада у ўзини хавфсиз ҳис қилади. Шу йил ёзда Беларусь пойтахти Минскда олиймақом детектив сифатидаги ишини ташлашга қарор қилганида у мамлакатни тезда тарк этиши кераклиги, акс ҳолда, қамоққа олинишини тушунди.
"Мен ўтган 10 йил давомида полиция иш кийимида юрдим, - дейди у. - Аммо августдаги сайловлардан сўнг бу кийимда юриш мен учун энди хавфсиз эмаслигини ҳис қилардим, одамлар полиция ҳақида қандай ўйлашини билардим. Мен ўз касб кийимимдан уялишни бошладим."

Сурат манбаси, Getty Images
Польша билан чегарадош бўлган Гродно вилоятида туғилиб ўсган Андрейнинг жасурлиги ва зийраклиги 15 ёшида кўлда чўкаётган ёш болани қутқариб қолганида одамлар эътиборига тушганди. Маҳаллий ўт ўчирувчилар ва тез ёрдам ходимлари унинг ишидан таъсирланиб, унга мактабни битиргач ўзларида ишлаш учун келишни таклиф қилишганди.
Аммо Андрейнинг бошқа режалари бор эди. Ички ишлар вазирлиги қошидаги академияда беш йил ҳуқуқ ва криминологиядан таҳсил олгач, унга терговчи мутахассислиги берилди. У биринчи ишини тиббий соҳадаги лоқайдликларни текширишдан бошлади, сўнг машҳур баччабозни қўлга тушириб, анча танилиб қолди. Кейин мамлакатдаги анча мураккаб қотиллик ишларини текширишга ўтди.
"Бу касбим жуда ҳаяжонли эди, - дейди у сигеретани чуқур тортиб. - Шунақа қизиқ ишлар бор эди, гумонланувчилар жуда айёр чиқиб қоларди, уларни доғда қолдирганингизда эса худди шаҳматда ғалаба қилгандек маза қилардингиз."
Унинг айтишича, бош терговчи бўлиб ишлаганида унинг ишига жуда кам сиёсий аралашувлар бўлган. Аммо сайловлар яқинлашар экан, президентликка номзодлар - банкир Виктор Бабарико ва блогер Сергей Тихановскийнинг арзимас баҳоналар билан қамоққа олиниши уни анча ташвишга солиб қўйди.
9 августда ўтган сайловнинг расмий натижаларига кўра, Александр Лукашенко мутлақ ғалаба қилди ва олтинчи муддатга сайланди. Аммо Беларусь ичида ҳам, ташқарисида ҳам натижалар қалбакилаштирилганига амин эди. Одамлар мисли кўрилмаган миқдорда кўчага чиқиб, 26 йил давомида мамлакатни бошқариб келган собиқ колхоз раисининг кетишини талаб қила бошлади.
Андрей ишдан кейин нималар бўлаётганини кўриш учун намойишлар ўтаётган майдонларга борарди. Полиция намойишчиларга қарата резина ўқ ва баланд шовқин чиқарувчи гранаталар отганда у ҳам панага қочишга мажбур бўлди.
Ўз кўзи билан кўрганлари ва интернетга жойланган видеоларни кўриб, ўзини ёмон ҳис қила бошлади. Гарчи ўз ишини яхши кўрса ҳам, беш саҳифали истеъфо хатини ёзди, унда ўзи гувоҳ бўлган қонунсизликларни тасвирлади ва омончиларни "зўравонликни бошлаган одамлар" деб атади ва улар "жиноятчиларни жазолашга буйруқ олган" деб даъво қилди. Ўзининг қамоққа олинишига буткул ишониб, у чегара оша Россияга қочиб ўтди.

Сурат манбаси, Getty Images
Аммо тез орада Россия хавфсизлик хизмати - ФСБ ходимлари Псков шаҳридаги у жойлашган меҳмонхонада пайдо бўлди.
"Улар қўлимга кишан солиб, бошимга қора матоли ниқобни кийгазишди. Кишанга жуда оғир, 30 килодан ортадиган гантелни илиб қўйишди. Улар мени бу оғир юк билан кўлга чўктиришмоқчи деб ўйладим, бу билан суза олмасдим. Ҳеч нарсани кўра олмас, нима бўлаётганини ҳам англамасдим", дейди Андрей.
Ўзларини таништирмаган ФСБ ходимлари машинада тўрт соат йўл босиб уни Беларусь чегарасига олиб боришди. Сўнг тўхтаб, Андрейни машинадан чиқариб, қўлидан кишанни ечиб, бошидан ниқобни олишди.
"Улар мени қамоққа олишга аралашмагандек ўзларини кўрсатиша уринишди, - дейди у. - Улар менга нарсаларимни қайтариб, йўл бўйлаб кетишимни айтишди. Беларусь КГБ агентлари яқинлашаётганини кўрдим у, имиллаб ўтирмай, ўрмон ичига югурдим. Улар ортимдан қувишди, аммо қочишга улгурдим."
Оёғида кроссовка, устида жинси шим ва футболка бўлган Андрей қалин қарағай ва қорақайин ўрмонида, кўллар ва ботқоқликлар ичидан бошпана қидирди. Кетига тушмасликлари учун учта мобил телефонини ташлаб юборди. Ёнида бир бутилга сув билан бир бўлак шоколад бор эди, холос. Бир гал у белигача ботқоққа ботиб, оёқларини қимирлата олмай қолди. Бахтига яқиндаги қалин қамишга қўли етди, ўзини бир амаллаб суғуриб олди, аммо кейин ҳоли қолмади.
Кейин ёввойи тўнғизга дуч келди - "катта тишли катта тўнғи - дейди у. - олов билан уни қўрқитиб, амаллаб ҳайдадим, аммо қоронғида ўрмонда бўлиш даҳшат эди."
10 кунлик тентираш ва умидсиз адашишлардан сўнг Андрей Польшага етиб олди ва бошпана сўради.

Ҳозир Литвада яшаётган, Беларусда бош терговчи бўлган Евгений Юшкевичнинг айтишича, камида 350 нафар аёл ва эркак полициядан ва бошқа куч ишлатар тизимлардаги ишидан истеъфо берган.
У бошқа фаоллар билан баҳорда Ковиднинг биринчи тўлқинида Андрейнинг аҳволида бўлган одамлар учун егулик, ҳимоя воситалар бўлган касалхоналарни тайёрлади. Беларусь бирдамлиги - "Беларусская солидарность - "Бесол" давлат зўравонлиги ва сайловдаги найранглардан норози бўлиб ишидан кетган полиция ходимлари ва бошқа давлат хизматчиларига молиявий ва юридик ёрдам беради.

Сурат манбаси, Getty Images
Минскда "Panda Doc" номли компьютер дастурлари компаниясига асос солган ва ҳозир Кремний водийсида яшаётган Микита Микадо ҳам шунга ўхшаш ташаббус билан чиққан. Унинг лойиҳаси - "ProtectBelarus.org" намойишчиларга куч ишлатиш буйруғини бажармаган Беларусь полиция ходимларини технология саноатига қайта тайёрлашни таклиф қилади. "Беларусь хавфсизлик расмийлари, - деб ёзади у "Instagram"да, - агар сиз яхшилик томонда бўлишни истасангиз, аммо молиявий имкониятингиз бўлмаса, ёзинг - мен ёрдам бераман." Шундан сўнг сайтга полиция ходимларидан 594 та ариза келиб тушган.
Микадо собиқ полициячиларга янги карьера бошлашлари учун ёрдам беришдан ташқари уларнинг қарзларини тўлашга ҳам ёрдам беради. Беларусда полиция ходимлари "Ёлланган ишчилар" бўлиб, шартнома тузилгач уларга аввалдан аванс берилади. Шартнома бузилганда эса улар давлатдан қарздор бўлиб қолади.
Андрейнинг, Микадо ёрдамисиз ҳам давлатга қарзини тўлаган бўлса ҳам, қайта тайёрлаш курсларига қатнашиш нияти йўқ, имкон қадар тезроқ ўз юртига кетишни истайди.
Унинг аксар беларусликлар қонуний президент деб ҳисоблайдиган қочқиндаги етакчи Светлана Тихановская билан алоқаси бор. Андрей бир кун келиб Тихановскаяга Беларусдаги зўравонликларни тугатишига ёрдам беришни истайди. Намойишчиларга қарши куч ишлатилиши Беларусдаги доим бўлиб келган зўравонликларнинг авжига чиқиши бўлди, дейди у.
"Менимча бу ёввойи инстинкт, - дейди у. - Полиция бўлимларида қонни ювиб ташлаш учун раковиналар бўлади, пол қон билан ҳам қопланиши мумкин. Улар роковина олдидаги жойни "Йиғи девори" деб аташади. Улар буни қизиқ деб ҳисоблайдими ёки йўқ, билмайман, аммо улар одамларнинг бошига даҳшатли ишларни солиб бўлгач, шериклари билан гаплашиб, кулиб ўтиришади... Бу менга соф садизм бўлиб кўринади. Биламан, улар бундан роҳат олишади, адреналин ошади."
Инқироз вақтларида давлатни қўриш учун улар нима иш қилса ҳам, жавобгарликдан озод қиладиган ҳужжатларга полиция ва махсус кучлар ходимлари имзо чеккан, деб қўшимча қилади у.
Инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, ҳозиргача 19000дан ортиқ одам қамалган, тутиб туриш марказлари ва полиция бўлимларида минглаб одам калтакланган, айримлари даҳшатли қийноққа солинган.

Сурат манбаси, Getty Images
Беларусь Ички ишлар вазирлиги сўзчиси Олга Чемодановадан бу рақамлар ва зўравонликлар ҳақидаги даъволарга изоҳ беришни сўрадим. У менга бу борада изоҳ бера олмаслигини билдирди.
Мухолифатдаги баъзиларнинг ишонишича, хавфсизлик хизматларини заифлаштиришнинг бир йўли уларни алоҳида алоҳида ажратиб, бошидаги балаклавасини юлқиб олиб фош қилиб уялтириш, керак бўлса, суратларини ижтимоий тармоқларга жойлаштиришдир. Исмлар, телефон рақамлари ҳам тез тез тарқалиб туради.
"Полиция ва омончиларга қарши энг яхши тактика кўчаларда урушиш эмас, - дейди 22 яшар Стефан Светлов. У "Telegram"да Беларусь намойишларини мувофиқлаштириш учун канал очган.
"Бунинг ўрнига биз ахборот уруши олиб боряпмиз. Биз уларга ва уларнинг оилаларига психологик босим ўтказишимиз керак, чунки шу самара беради."
Светлов очган канал "Nexta" деб номланган. Варшавадаги кичик офисида ўтирганча у менга полиция ходимлари ҳақидаги маълумотларни турли сиздирувчилардан ёки ҳукумат вазирликлари ичидаги "кибер партизанлар" орқали олишини айтади.

Аммо Андрей Остаповичнинг айтишича, полиция ходимларини оммавий уялтириш уларнинг қатъиятини ошириб, баттар зўравонлаштириши мумкин.
"Улар бу ҳукуматга боғланиб қолганликларини билишади ва агар ҳукумат ўзгарса, ўзларини судда кўришлари мумкин, - дейди у. - Фуқаролар омончиларни ҳақорат қилишни бошласа, уларни "ноинсоний фашистлар" деса, улар доимий салбий босим остида бўлишади ва янада тажовузкорроқ бўлишади."
Президент Лукашенко рози бўладигандек кўринди. Гарчи ўтган кунларда ўзининг кетиши мумкинлигига шама қилган бўлса да, у яқинда россиялик журналистларга агар кетгудек бўлса, мамлакат ҳам у билан бирга қулашини, жумладан, уни ҳимоя қилганлар ҳам кетишини айтди.
"ОМОНдаги йигитлар ва бошқалар, ана у ерда ўтирган қўриқчи ҳам, - деди у хавфсизлик ходимини кўрсатиб. - Нега улар айбланиши керак? Агар мен кетсам, уларни бўғизлашади, парча парча қилишади."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













