АҚШ сайлови натижалари: Бу туганмас сайлов қандай тугайди? – Дунё, янгиликлар

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШ президентлиги учун сайловда Жо Байден ғалаба қилгани айтилганига бир неча кун ўтса-да, Дональд Трамп буни ҳамон тан олгани йўқ ёки ютқизганини билдирувчи бирор ишора бермади.
Аксинча, у овозлар сохталаштирилиб, Байденга ғолиблик берворилгани ҳақида асосланмаган даъволарни қилмоқда.
Аммо ҳисоб китоблар қатъий - у ғалаба қилиши учун бир неча штатда бир неча ўн минглаб овозларни бекор қилиши керак бўлади. Кўпчилик бундай уринишни самарасиз деб ҳисоблайди.
Сиёсий меъёрлар ва анъаналарга қарши ўлароқ, Трампнинг мавқеи мамлакатда ноқулай вазият пайдо қилмоқда. Давлат хизматчилари ва оддий америкалик сайловчилар аввалдан натижалар айтилса ҳам, ҳамон номаълумлик ичида яшашмоқда.
Қуйида айрим муҳим гуруҳлар бу ҳолатга қандай муносабат қилаётгани ва буларнинг бари қандай якун топиши мумкинлигига назар ташлаймиз.
Республикачи етакчилар
Дональд Трамп мағлубиятни тан олиши керакми?
Йўқ.
"Президент турли даъволарни кўриб чиқишга ва қонунга асосан овозларни қайта санашни талаб қилишга ҳар жиҳатдан ҳақли." - Сенатда кўпчилик бўлмиш Республикачилар етакчиси Митч МакКоннелл
Ҳақиқий ҳолат
Ўтган тўрт йил давомида Республикачи сиёсатчилар - конгрессдаги етакчилардан тортиб, партиянинг оддий аъзоларигача Трампнинг энг баҳсли қилиқларига қандай жавоб қайтариш стратегиясини қиёмига етказишди.
Улар тилларини тишлайдилар, кутадилар, бўрон ўзи ўтиб кетади.
Президентнинг сайловдаги мағлубиятига қарамай, Республикачилар афтидан четда туриб, президент "қонуний овозлар" билан ғалаба қилганини талаб қилишига қўйиб бериб, бесамара юридик тортишувлардан сўнг ҳаммаси жойига тушиб кетгунча кутишмоқчи.

Сурат манбаси, Getty Images
Республикачи сиёсатчилар ўз келажаклари ҳақида - янги Демократик маъмурият билан ишлаш ва келгуси сайловларда мўътадилларнинг ғалаба қилиши ҳақида бош қотиришлари керак. Президентдан фарқли ўлароқ, улар ҳаммасини бузмоқчи эмас. Уларнинг сиёсий тақвими йиллар билан ўлчанади, кун ёки ҳафталар билан эмас.
Шундай қилиб, бу ўйиннинг номи - сабр. Улар президент ўз даъвосини илгари суришга ҳақли ҳисоблашади, унга ўзининг ҳафсаласи пир бўлганини айтиб олишига вақт беришади, аммо сайлов натижаларини ўзгартириш учун етарлича далил йўқлигини билишади.
Улар сўзлари билан эмас, ҳаракатлари билан келаётган январь ойида янги президент келишини тан олишмоқда. Трамп ҳам кетади.
Бош прокурор Билл Барр
Нотайин.
"Жиддий даъволар эътибор билан кўриб чиқилиши керак бўлгани ҳолда, сохта, тахминий, калта ўйланган, ҳақиқатдан ўта йироқ даъволар федерал текширувларни бошлаш учун асос бўлмаслиги керак." - Барр Адлия вазирлиги эслатмасида
Ҳақиқий ҳолат
Узоқ йиллик анъанани бузган ҳолда Бош прокурор Билл Барр душанба куни қўл остидаги етакчи ходимларга меморандум юбориб, штатлар сайлов натижаларини эълон қилмасдан аввал сайловдаги сохтакорликларни дарҳол текширишга старт берди.
Ана шу ҳужжатга асосланиб Дональд Трамп у бир неча ўн минг овоз кам олган штатларда ноқонуний ишлар бўлгани ҳақида асосланмаган даъволарни текшириш бошланганини айтмоқда. Ваҳоланки, Бош прокурор бир неча шарт ва эҳтиёткорликлар ҳақида алоҳида таъкидлаган.
Бир неча огоҳлантиришларга қарамай, прокурорнинг меморандуми сайловдаги ютуқ ўзларидан тортиб олинганини (бошқа республикачи номзодлар муваффақиятли натижа кўрсатганига эътибор ҳам бермай) такрорлаётган Трамп ва унинг тарафдорлари тегирмонига сув қуйди.
Жиноятни текширишга, айниқса, у сайловга дахлдор бўлса, сиёсий аралашувлар бўлмаслиги учун ҳимоя тўсиқлари бор. Барр ана шундай тўсиқлардан бирини олиб ташлади. Сохталаштириш ҳақидаги даъволарига аниқ далил топиши учун уринаётган президентни бу қаноатлантирармикан?
Трамнинг энг яқинлари
Трамп ютқизганини тан олиши керакми?
Йўқ! (балки?)
"Ҳозиргина Президент Трамп билан гаплашдим ва унга уни яхши кўришимни, унинг қонунлар, конституция ва бизнинг америкача тизимимиз учун туриб бераётганидан фахрланишимни айтдим. - Трампнинг ҳуқуқий маслаҳатчиси Женна Эллис, "Twitter".
Ҳақиқий ҳолат
Президентнинг яқин ёрдамчилари ва сафдошлари, айниқса, Руди Жулианига ўхшаган у билан узоқ вақт бирга ишлаганлар 2020 йилги сайлов натижаларига қарши курашиш учун кампанияда фаол.
Бу қисман амалий аҳамиятга эга. Агар президент лавозимидан кетса, улар ҳам ишларидан айрилишади (жуда бўлмаганда ҳокимият билан алоқалари узилади). Матбуот котиби Кэйли МакЭнанига ўхшаган айримлар учун бу уларнинг ғалабаси билан якунланади. ("Бу сайлов тугагани йўқ. Мутлақо")
Давлат котиби Майк Помпеога ўхшаш бошқалар учун қочадиган жойи қуруқ юмор. ("Иккинчи Трамп маъмуриятига ўтиш силлиқ кечади.")
Бу баъзилар учун шахсий масала. Трампнинг икки катта ўғли кичик Дональд ва Эрик оталарини астойдил, ғайрат билан ҳимоя қилмоқда ва унинг сайловдаги найранг ҳақидаги даъволарини янада кучайтирмоқда. Ахир бу уларнинг оиласи, уларнинг бренди.
Саҳна ортида эса шубҳа ёки, эҳтимол, ишонч яширинган. Президентнинг қизи Иванка Трамп сайловдан бери сукут сақлаяпти. Айрим маълумотларга кўра, у ва унинг эри Жаред Кушнер президент ютқазганини тан олиш вақти келди деб ишонади.
Шу билан бирга, Трамп маъмуриятининг яқин ойларда ишидан айриладиган қуйи аъзоларига кадрлар бўйича директор Жон Макинти, агар улар иш излаётганини билиб қолса, дарҳол ишдан бўшатилишларини айтган.
Трампни қўлловчи сайловчилар
Президент ютқизганини тан олиши керакми?
Жин урсин, йўқ!
"Мен бу ерга президентимиз Дональд Трампга бўлган севгим ва қўлловимни билдиргани келдим. Бу бутунлай найранг. Ҳали саналмаган бир дунё овоз турибди. Улар бари сохта, ўлган одамлар." - Ҳюстондан Трамп тарафдори, "BBC Newsbeat"га.
Ҳақиқий ҳолат
Ўтган ҳафтадаги сайлов яқинлашар экан, сўровлар натижалари тескарисини кўрсатса ҳам, Трамп тарафдорлари ғалаба қилишларига ишонишган.
2016 йилги сайловда Ҳиллари Клинтон ютишига кўпчилик ишонган бўлса ҳам, натижа кутилмаганда тескари бўлиб чиққанини ҳисобга олсак, уларнинг ишончида жон бор эди. 2020 йилги сайлов натижалари эса башорат қилингандан кўра бир бирига яқин бўлиб қолди.
Гарчи овозлар сони кўрсатилган, Байден ғалаба қилди деб эълон қилинган бўлса ҳам, баъзи консерваторлар президентга боғланиб қолган. Reuters/Ipsos ҳафта охирида ўтказган сўровларга кўра, 40 фоиз Республикачилар Байденнинг ғалаба қозонганига ишонмайди (умумий аҳоли орасида бу рақам 21 фоиз бўлади).
Трамп тарафдорлари шанба куни мамлакат бўйлаб, жумладан, Вашинтонда ҳам "Ўғирликни тўхтат" номи билан акция ўтказишни режалаган. Айрим хабарларга кўра бундан олдин президентнинг ўзи кампаниясифат акция ўтказмоқчи, аммо аниқ бир режа ҳали эълон қилинмаган.
Анча аввал маълум бўлганидек, агар Трамп курашишни истаса, тарафдорлари уни қўллайди.
Жо Байден
Дональд Трамп ютқазганини тан олиши керакми?
Ҳа.
"Очиғи, менимча, бу ҳолат жуда шармандали... Буни қандай айтишим мумкин? Менимча, бу ҳолат президентдан яхши ном қолдирмайди."
Ҳақиқий ҳолат
Шанба куни сайловда ғолиб деб эълон қилингандан буён Жо Байден ва унинг президентликни қабул қилишга тайёрланиш бўйича жамоаси қўлларидан келганча ҳаммаси силлиқ ва тартибли кечишини кўрсатишга уринишмоқда. У душанба куни коронавирус бўйича ишчи гуруҳини йиғди. Сешанба куни мухбирларнинг саволларига жавоб берар экан, келаси ҳафталарда маъмуриятнинг юқори мартабали лавозимларига тайинловларни эълон қилишга ваъда берди.
Президентнинг мағлубиятни тан олмаётгани унинг ишига халал бериши ҳақидаги хавотирларни Байден ўринсиз деб атади ва фонддан фойдаланишнинг кечикиши ва сайланган президент вакилларига ҳукумат маълумотлари берилмаётгани катта муаммо эмас, деди.
Унинг айтишича, Республикачилар, ҳатто "ўтирган президентнинг қаҳридан бироз хадиксираётган" бўлса ҳам, унинг ғалабасини охири тан олади.
Ҳозирча Байден ва Демократлар Трампнинг ижтимоий медиада отаётган ўқлари қаршисида реторик катта йўлдан кетишмоқда.
Улар вақт ва овозлар сони ўзлари томондалигига ва нима бўлмасин натижа ижобий бўлишига ишонишади.
Дональд Трамп
Дональд Трамп ютқизганини тан олиши керакми?
Жавоб учун унинг твитларига бир боқинг.
"Одамлар бу сохталаштирилган сайловни тан олмайди"
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост

Ҳақиқий ҳолат
Бир қанча штатларда ўн минглаб овоз кам олганига қарамай, ҳамон мағлубиятини тан олмаётгани сабабини Дональд Трампнинг ўзигина билади.
Эҳтимол, ўнгчи медианинг истеъмолчиси сифатида у судларни ишонтириб, сайлов натижаларини ўзгартиришга етадиган даражада катта найранглар бўлганига ишонар.
Президент шунчаки ўз номини мағлуб деган тамғадан халос қилиш учун сувни лойқалатаётгандир ёки унда ҳали ҳам имконият борлигига ишонадиган тарафдорларидан чўзиладиган судлашувларга ёрдам учун маблағ тўпламоқчи деб ўйлаши мумкин айримлар.
Аммо қайсидир жойда реаллик ўз сўзини айтади. Штатлар келаётган ҳафталарда сайлов натижаларини айтишлари керак. Агар ҳаммаси оёғи осмондан бўлиб кетмаса, Жо Байден 538 сайловчилар коллегиясининг кўпчилик овозини олиб, президент бўлади. 14 декабрь куни сайловчилар штат пойтахтларида тўпланиб, овоз берадилар. Январда Конгрес натижаларни қабул қилади ва тасдиқлайди.

Сурат манбаси, Getty Images
Тишсиз меъёрлар ва анъаналарни улоқтиринг. Улар совуқ, қатъий муддатлардир.
Шундан сўнг 20 январь куни Байден президентликка қасамёд қилади, шу билан Трампнинг президентлиги тамом, у буни истайдими ёки йўқ, тан оладими ёки йўқ - фарқсиз.
Трамп 2024 йилда яна бир бор президентликка номзодини қўйиши мумкин. Конституция кетма кет бўлмаган иккинчи муддатга номзодликка монеъ бўлмайди. Ёки болалари ёки сиёсий ҳаммаслакларидан бирининг шундай қилишига ёрдам беради.
Бу 2020 йилги сайлов интиҳоси, сиёсий манёврлар эса давом этади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















