Дональд Трамп нега енгилди? АҚШ сайлови, дунё, Ўзбекистон, O'zbekiston, Mirziyoyev, AQSH, Rossiya, dunyo, yangiliklar

Donald Tramp

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Ник Брайант
    • Role, Нью-Йорк, BBC News

Дональд Трамп нега енгилди? - АҚШ ўз тарихида бу каби ноанъанавий президентни кўрмаган. Республикачи номзод ва амалдаги президент 70 миллиондан ортиқ одамнинг овозини олди. Бу Америка тарихидаги иккинчи энг йирик кўрсаткич. Нима бўлди?

2020 йилги сайлов тўрт йил аввалгиси тарихий тасодиф, америкача адашиш бўлган эди, деган тасаввур хато эканини кўрсатди.

Дональд Трамп 70 миллиондан ортиқ одамнинг овозини олди, бу Америка тарихидаги иккинчи энг йирик кўрсаткичдир.

Умуммиллий миқёсда у овозларнинг 47 фоизидан каттароқ улушини олди ва афтидан, 24 штатда, жумладан, ўзининг севимлилари Флорида ва Техасда ютди.

У мамлакатнинг катта ҳудудини қўлга олди, унинг минглаб тарафдорлари ўртасидаги ботиний ришталар Трампга нисбатан сиғингудек культсифат садоқатни пайдо қилди.

Оқ уйдаги тўрт йиллик фаолиятидан сўнг тарафдорлари унинг президентлигининг энг майда қирраларигача ўрганди, унинг барча шарт ва инжиқликларига кўнди.

Дональд Трампнинг 2020 йилдаги сиёсий заифлигини ўрганган таҳлилчи унинг сиёсий қудратини ҳам тан олишга мажбур. Шунга қарамай, у ютқазди, замонавий даврдаги иккинчи муддатга сайланмаган тўрт президентдан бири бўлди. Шунингдек, у ҳар икки сайловда ҳам умумий овозлар сони бўйича енгилган биринчи президент бўлди.

Дональд Трамп 2016 йилги сайловда қисман меъёрларни тан олмайдиган, авваллари айтиб бўлмайдиган гапларни айта олган сиёсий аутсайдер бўлгани учун ғалаба қилган эди.

Аммо Дональд Трамп 2020 йилги сайловда қисман меъёрларни тан олмайдиган, авваллари айтиб бўлмайдиган гапларни айта олган сиёсий аутсайдер бўлгани учун енгилди.

Hillari Klinton

Сурат манбаси, Getty Images

Унинг аксар асосий тарафдорлари Трамп Бешинчи Авеньюда кимнидир отиб ўлдирганда ҳам - тўрт йил аввал у шундай мисол билан мақтанган эди - унга барибир овоз берарди. Аммо тўрт йил аввал унга овоз берган бошқалар унинг қўрслигидан зада бўлган эди.

Бу, айниқса, шаҳардан ташқарида яшовчилар учун тааллуқли. Жо Байден шаҳарлардан ташқаридаги 373 та округда Ҳиллари Клинтондан кўра ўзини яхшироқ кўрсата олди, бу эса унга Пенсильвания, Мичиган ва Висконсин штатларини қайтариб олиш, Жоржия ва Аризона штатларини қўлга киритишга ёрдам берди. Дональд Трампнинг шаҳарлик бўлмаган аёллар билан муаммолари ҳам бор.

Биз яна 2020 йилги сайловда 2018 йили ўтган оралиқ сайловларда кузатилгани каби ҳолатни кўрдик: юқори даражада таълим кўрган республикачилар - уларнинг баъзилари тўрт йил аввал унга имконият бериш учун овоз берганди - унинг президентлиги президентликка ўхшамай қолгани ҳақида ўйлаб қолди. Гарчи улар аввалига Трампнинг йўриғи ноодатий бўлишини билишса-да, кейинчалик унинг кўплаб одатлар, хулқий меъёрларни менсимаслиги уларга ҳақоратли ва жирканч туюла бошлади.

Donald Tramp

Сурат манбаси, AFP

Улар унинг қўрслиги, ирқий зиддиятларни алангалатиши, қора танлиларни танқид қилиб, ирқчилар тилида твитлар ёзиши, оқ танли ирқчиларни керагича қоралай олмагани, Американинг анъанавий иттифоқчилари билан муносабатларни бузиши ва Владимир Путинга ўхшаш авторитар лидерларга бўлган ҳурматидан зада бўлдилар.

Унинг ўзини "даҳо" дейиши каби ғалати мақтовлари, конспирация назарияларини тарғиб қилиши, уни жиноятчи "шеф"дек кўрсатадиган сўзларни ишлатиши, масалан, федерал прокурорлар билан келишган собиқ адвокати Майкл Коэнни "каламуш" деб атагани кўпчиликнинг кўнглини қолдирди.

Сўнг, танқидчилар кучайиб бораётган авторитаризм деб атаган, унинг сайлов натижаларини тан олишни истамаётгани ўртага чиқди.

Бу сайлов компанияси мобайнида гувоҳи бўлганим ёрқин воқеа Питтсбургда, Чак Ҳоуэнстейн билан унинг уйи олдида гаплашиб турганимда бўлди. У 2016 йили Трампни қўллаган эди. Охирги сайловда эса Жо Байденга овоз берди.

"Одамлар чарчади, - деди у. - Улар бу мамлакатга нормал ҳаёт қайтишини истайди. Улар интизомлилик бўлишини, нафратларга чек қўйилишини, бу мамлакат бирлашишини истайди. Мана шуларнинг бари Жо Байденга президентлик курсисини берди."

Prezidentlar

Сурат манбаси, Reuters

Трампнинг сиёсий муаммоси шундаки, у ўзининг асосий тарафдорларидан бошқаларга эътибор бермади. Бунга уриниб ҳам кўрмади. 2016 йилда у 30та штатда ғалаба қилди ва консерватив қизил Американинг президенти бўлиб мамлакатни бошқарди. У ўтган бир аср мобайнидаги энг айирмачи президент бўлди, мовий Американи - Ҳиллари Клинтонга овоз берган 20та штатни ишонтиришга ҳаракат қилмади.

Тўрт йиллик толиқтирадиган муддат ўтиб, аксар сайловчилар эътибор тортавермайдиган - одатий шаклда мамлакатни бошқарадиган Оқ уй эгасини истаб қолди. Улар ёш болача лақаб қўйишлар, жуда xунук сўзлар ва охири йўқ зиддиятлардан чарчади. Улар бирмунча нормалроқ ҳаётга қайтишни исташди.

2020 йилги сайлов 2016 йилгининг такрори эмасди. Бу сафар Трамп исёнчи эмас, лавозимда ўтирган президент эди. Унда бу сафар ҳимоя қилиши керак бўлган ишлари бор эди, жумладан, сайлов кунига қадар 230 минг америкаликни ўлдирган коронавирус пандемияси олдини олиш учун етарли иш қилинмаганди. Сиёсатда муҳолифлардан нафратланиш одатий ҳолга айланган ҳозирги тарафкашлик замонида Трамп Ҳиллари Клинтон каби нафратни йўналтирса бўладиган одам қаршисида турмаганди.

Жо Байдендан олабужи ясаш жуда қийин эди. Қисман ана шунинг учун ҳам Демократик партия уни ўзидан президентликка номзод қилиб кўрсатди. 77 ёшли бу марказчи сиёсатчи ўзига юкланган вазифани уддалади, Занглаган белбоғ штатларидаги оқ танли сайловчиларни қайта тортиб олди.

Saylovchilar

Сурат манбаси, Getty Images

Трамп нима учун президентликни қўлдан бой берди деган саволни қизиқарлироқ шаклда ифодаласа бўлади - у қачон президентликни бой берди?

Вашингтондаги сиёсий тузилмаларга норозилик ифодаси сифатида Трампга овоз берганлар унинг 2016 йилги ғалабасидан сўнг бирдан хавотирга тушиб қолмаганмиди? Умуман олганда, аксарият ўша сайловчилар унинг ғалаба қилишини кутмаганди.

Балки бу унинг лавозимдаги биринчи кунида - у "Америкача xунрезлик" нутқини сўзлаб, мамлакатни ишчилари заводларни ташлаб кетган, бойлик ўрта синфдан тортиб олинган бир антиутопик юрт қилиб кўрсатганда, йиғилган оломон сони ҳақида баҳслашмасдан, "Twitter"дан фойдаланишни давом эттиражагини ваъда бермасдан олдин бўлгандир? Унинг президентлигидаги биринчи кун, ҳали кун ботмасданоқ, президентлик Дональд Трампни эмас, балки у президентликни ўзгартирмоқчилиги аён бўлиб қолди.

Балки бу аста-секин - кўплаб жанжаллар, ҳақоратлар, кадрларнинг қўнимсизлиги, бутун тартибсизликлар йиғилиб юз бергандир.

Ёки бу унинг президентлиги давридаги энг катта инқироз коронавирус сабабли юз бердимикан? Вирус бу юртга келмасидан бурун, Трамп анча яшовчан кўринаётганди. У импичмент уринишларидан ҳам омон чиққанди. Унинг рейтинги ҳам энг юқори даражада - 49 фоиз эди. У кучли иқтисод билан мақтаниши ва лавозими берадиган устунликдан фойдаланиши мумкин эди - бу икки омил жорий президентга кейинги муддатга сайланиш кафолатини беради. Одатда президентлик сайловларида шундай саволлар қўйилади: мамлакат тўрт йил аввалгига нисбатан яхшироқ аҳволдами? Ковид зарбасидан сўнг, иқтисодий тушиш бошланди, иқтисодий аҳвол билан мақтаниш деярли имконсиз бўлиб қолди.

Saylovchilar

Сурат манбаси, Reuters

Аммо Трампнинг чўкишини биргина коронавирус билан боғлаш хато. Президентлар одатда миллий инқирозлардан янада кучлироқ бўлиб чиқади. Инқирозлар кўп ҳолатларда буюкликни вужудга келтиради. Франклин Делано Рузвелт билан шундай бўлганди. Унинг Американи Буюк депрессиядан олиб чиқиб кетиши уни сиёсий жиҳатдан енгилмас қилиб қўйганди. Жорж Бушнинг 11 сентябрь ҳодисасига берган илк жавоби унинг омма орасида обрўсини оширди ва иккинчи муддатга ҳам сайланишига ёрдам берди. Шундай экан, Ковид Дональд Трампни лавозимдан айириши муқаррар эмасди. Инқироз шароитида уқувсизлик қилгани унинг интиҳосини белгилади.

Яна таъкидлаш жоиз, мамлакат охирги 100 йил ичидаги энг оғир соғлиқ инқирозини бошдан кечираётган бўлса ҳам, 1930 йилдан буён энг катта иқтисодий зарбага учраган бўлса ҳам, 1960 йиллардан буён ирқчилик билан боғлиқ катта жанжаллар ичида қолган бўлса ҳам, Дональд Трамп охиригача сиёсий жиҳатдан бардам эди.

У ҳукмрон бўлган қизил Американинг катта қисми ва консерватив ҳаракатларнинг аксарияти унинг қайта сайланишини истарди. У келгуси йилларда ҳам консерватив ҳаракатларнинг етакчи фигураси бўлиб қолиши мумкин эди. Трампизм худди рейганизм сингари Америка консерватизми учун бемисл таъсир кучига эга бўла оларди.

Кетаётган президент ўта баҳсли шахсиятлигича қолади ва 2024 йилги сайловларда яна бир бор қатнашиши мумкин. Америкаликларнинг Трампга муносабати сўқир садоқатдан тортиб, яққол нафратгача экан, бу тарқоқ штатларни бирдан бошини қовуштириш осон иш эмас.

Бу мамлакат ўз тарихида бу каби ноанъанавий президентни кўрмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek