Беларус: Умуммиллий иш ташлаш, намойишчиларга шовқинли гранаталар отилди - видео, Дунё, янгиликлар

Сурат манбаси, Getty Images
Минскда Лукашенко истеъфосини сўраб чиққан намойишчилар шовқинли гранаталар ёрдамида қувилганидан бир кун ўтиб бутун мамлакат бўйлаб умуммиллий иш ташлашлар бошланди.
Бир гуруҳ ишчи ва талабалар қочқиндаги мухолифат лидери Светлана Тихоновскаянинг иш ташлаш чақириғини қўллаб чиқишди.
Айрим давлат корхоналари ишчилари дастгоҳларни тўхтатиб дарвоза олдида шиорлар айтишди.
Минскдаги бир неча университетнинг юзлаб талабалари ҳам қарсак чалиб, иш ташловчилар билан бирга эканлигини намойиш қилди:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Шунга қарамасдан ҳукумат муҳим корхоналар доимгидек ишлаётганини билдирди.
Президент Александр Лукашенко мухолифат томонидан унинг истеъфога чиқиши учун ярим тунгача берилган муддатни инкор қилди.
Ички ишлар вазири милиция якшанба куни 523 намойишчини ушлаганини маълум қилди. Уларнинг 353 нафари ҳамон қамоқда қолмоқда.

Сурат манбаси, EPA
Душанба куни ҳам камида 155 одам ушланган.
Матбуотга қўйилган чекловлар сабаб душанба куни ўтаётган намойишлар кўлами тўлиқ маълум эмас.
Мамлакатда Август ойида ўтган Президент сайловида Лукашенко ғалаба қозонганини эълон қилганидан бери намойишлар тинмаяпти.
Ўтган якшанба куни қочқиндаги мухолифат лидери Светлана Тихоновскаянинг Лукашенкога берган истеъфо муддати тугади.
Тихоновская Лукашенконинг истеъфоси, сиёсий тутқунларни озод қилиш ва кўчалардаги зўравонликларни тўхтатишни талаб қилмоқда.
Якшанба куни ўтган намойишларда ўн минглаб киши қатнашди. Минск ва бошқа шаҳарларда бўлиб ўтган протестларда қатнашчилар, «истеъфо», дея бақиришди.
Маҳаллий матбуот пойтахт Минскда ўтган намойишда 100 минг одам қатнашганини ёзди.
Россия хабар агентликлари мухбирларига таяниб камида 10 та шовқинли гранаталар отилганини маълум қилди.
Шунингдек, милиция намойишчиларга қарата резина ўқлар отгани ҳам айтилди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














