АҚШ Уйғур мусулмонлари боис Шинжондан экспортни тақиқлади AQSh Xitoy Shinjon uyg'urlari

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШ Уйғур мусулмонларининг инсоний ҳуқуқларини поймол этишда айблаб Хитойнинг Шинжон Уйғур бўлгасидан айрим маҳсулотлар экспортига тўсиқ қўйди.
АҚШга кўра, айрим товарларни ишлаб чиқаришда "концентрация лагер"и деб ном олган "касб-ҳунар" марказларида "мажбурий меҳнатдан" фойдаланилган.
Экспорт тақиқлови жорий этилган маҳсулотлар рўйхатига Шинжон Уйғуристони ва Анҳўй вилоятидаги беш корхонада тайёрланган кийим-кечак, пахта, компютер қисмлари ва соч учун зарур товарлар киритилган.
Бу Трамп маъмуриятининг Шинжондаги вазият туфайли Хитойга ўтказаётган босимларининг охиргисидир.
Хитой ҳам АҚШга жавоб қайтарган: АҚШ экспортига тўсиқ қўйган.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги воизи, мажбурий меҳнат ҳақидаги айбловларни Ғарб давлатлари тўқиб чиқарган, деб айтган.
Пекин охирги йилларда Шинжонда хавфсизлик таҳдидини важ қилиб бир миллиондан зиёд мусулмонни ушлаб турган деб ишонилади.
Хитой ҳалигача ўзи профессионал ўқув марказлари деб атайдиган марказларни юритиб келади, у ерда мусулмонлар касб ўрганаётгани ва таълим олаётгани, бу нарса террорчилик ва бўлгинчилик таҳдиди олдини олиш учун зарурлигини таъкидлаб келади.
Бунинг оқибатида минглаб болалар ота-онасидан ажратилган, туғиш ёшида бўлган аёллар туғишни назорат қилиш усулларига мажбурланган.

Сурат манбаси, Getty Images
14 сентябрдаги АҚШ экспорт тақиқлови "халқаро ҳамжамиятга АҚШ ўзининг таъминот занжирида мажбурий меҳнатнинг ноқонуний, ноинсоний ва эксплуататорча амалиётига тоқат қилмаслиги ҳақидаги аниқ муждани йўллайди", деб айтган АҚШ Божхона ва Чегара муҳофазаси агентлигининг комиссари Марк А. Морган.
"Мажбурий меҳнат бизнинг қадриятларимизга мутлақ зид бўлган инсон ҳақларининг шафқатсиз поймол этилишидир. Трамп маъмурияти қўл қовуштириб ўтирмайди ва хорижий компанияларнинг ожиз ишчиларни меҳнатга мажбурлаб, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини ҳурмат қиладиган Америка бизнесларига шикаст етказишига йўл қўймайди", деб айтган жаноб Морган.
Хитой жаҳондаги пахтанинг 20 фоизини етиштириб чиқаради, аксари Шинжондан келади.
Шунингдек, Шинжон Уйғур бўлгаси бутун Хитой бўйлаб завод-фабрикаларда фойдаланиладиган нефть ва кимё материаллари ва бошқа товарларнинг йирик манбаси бўлиб хизмат қилади.
Шу ойда АҚШнинг Дисней компанияси ўзининг янги "Мулан" фильмини Шинжонда тасвирга олгани учун танқидлар остида қолди.
Шинжонга боғлиқлиги боис бошқа ширкатлар маҳсулотларини бойкот қилиш чақириқлари янграмоқда.
- АҚШ Шинжон-Уйғур бўлгасида ишланган Хитой товарлари экспортига тўсиқ қўймоқчи
- Янги қатағон: Хитой уйғурлар ва бошқа мусулмонларни энди қулликка мажбурламоқдами?
- Британия Хитой уйғур аёлларни мажбуран бичаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди
- Хитой лагерларида мусулмон аёл ва эркакларни нималар қилишади?
- АҚШ Шинжон амалдорларига қарши санкцияларини эълон қилди
- Хитой мусулмонлари: Шинжон қамоқ-мактаблари болаларни ота-онаси бағридан тортиб олмоқда
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















